ҲОКИМ ҚАРОРИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ, НЕГА?
Маъмурий судлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилишга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилояти Тошлоқ тумани маъмурий суди жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектлари томонидан уларнинг фаолиятлари чекланишига оид масалалар юзасидан киритилган бир нечта шикоят аризаларини кўриб чиқиб, қонуний баҳо берди.
Хусусан, “Qantatil” фермер хўжалиги раҳбари А.Олимов судга ариза билан мурожаат қилиб, Тошлоқ тумани ҳокимининг 2018 йил 8 октябрдаги “Тумандаги “Кантатил” фермер хўжалиги ҳисобидаги ер майдонларини туманнинг захира ер фондига қайтариш ва ер ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида”ги қарорини (муқаддам фермер хўжалигига қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ажратиб берилган 87 га ер майдонини туман захирасига қайтариш) ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган. Суднинг ҳал қилув қарори билан шикоят аризаси қаноатлантирилиб, туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорлик субъекти вакилининг ҳуқуқлари тикланган.
Ҳоким қарори ҳақиқий эмас, деб топилишига туман ҳокимлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги “Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган низом ҳамда фермер хўжалиги билан 2011 йилда тузилган шартнома талабларига амал қилинмагани сабаб бўлган.
Бундан ташқари, тумандаги “Saodat Trans” масъулияти чекланган жамияти директори А.Маҳмудов Тошлоқ тумани ҳокимининг 2019 йил 9 февралдаги “Тошлоқ шаҳарчаси А.Навоий кўчасидаги “NBU Bunyodkor Invest” МЧЖга тегишли бино-иншоотларни “Saodat Trans” МЧЖ ва “Тошлоқ деҳқон бозори” МЧЖ ҳисобига расмийлаштириш тўғрисида”ги қарорининг 3-бандини ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича ариза-шикоят билан мурожаат қилди.
Иш кўрилиши давомида туман ҳокимлиги бу борада
қарорни қабул қилишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани аниқланиб,
суднинг ҳал қилув қарори билан шикоят аризаси қаноатлантирилди.
– Маъмурий судлар бугунги кунда ўзларига
берилган ваколат ва вазифалар доирасида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг
бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича самарали фаолият юритишга бел боғлаб, ўзлари
олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, қонун устуворлигини таъминлаб
келмоқда, – дейди Тошлоқ тумани маъмурий суди раиси Аброрхон Акрамов. – Зеро, суднинг
асосий вазифаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунларида
белгиланган фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва
ташкилотлар ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли
билан ҳимоя қилишдан иборатдир.
Шунинг учун ҳам маҳаллий ҳокимликлар қарор қабул қилишда ҳар бир жиҳатга муҳим эътибор қаратиб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини поймол этмаслиги керак.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш