ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ
Тошкент шаҳар Миробод туман ҳокимлигида пойтахт судлари раислари ва тадбиркорлар иштирокида сайёр учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Б.Исламов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 июль куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган вазифа ҳамда топшириқлар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидландики, бугунги кунда давлат идоралари халққа, хусусан, тадбиркорга яқин кўмакчи бўлиши зарур, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаб, ўз вақтида бартараф этиш керак.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар, туманлараро (туман) иқтисодий судлари томонидан ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркор куни” деб белгиланганди. Бунда ушбу куни суд раислари ва судьялар томонидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаатларни қабул қилиши ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўрилиб, тегишли тушунтириш бериб бориш амалиёти жорий этилди. Тадбиркорлар даъволари асосида қўзғатилган ишларни шу куни сайёр суд мажлисида кўриш амалиёти йўлга қўйилди.
Тадбирда солиқ ва банк қонунчилигига оид ўзгаришлар юзасидан берилган саволларга пойтахт судлари раислари томонидан аниқ жавоблар берилиб, бартараф этишга доир чоралар белгилаб олинди.
Бектемир туман ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда ҳам Тошкент шаҳар судлари раислари аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаётган масалаларга ойдинлик киритдилар. Очиқ мулоқотда 7 нафар фуқаронинг муаммоси кўриб чиқилиб, тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш