МАҲАЛЛА РАИСИГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Халқ ишончини оқлаш маҳалла фуқаролар йиғини раисига катта масъулият юклайди. Шунинг учун ҳам бу вазифадаги инсон катта ҳаётий тажриба эга бўлиб, ҳудуд ва аҳолининг дарди билан яшаши керак. Албатта бундай фидоий инсонлар кўплаб топилади. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, маҳалла раислари орасида ҳам ишончга путур етказиб, нафс балосига йўлиққанлар учраб турибди.


Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги “Янги ер” маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаган Саҳобиддин Ҳакимов ҳам тамагирликка қўл урди. Раис ҳузурига келган Суюнчол қишлоғида яшовчи М.Раҳимбердиева яшаётган уй-жойининг кадастр ҳужжатлари тўплами учун зарур бўлган Раҳимбердиевлар оиласининг ўз маблағлари ҳисобидан уй-жойлар қуриб битказилгани, ҳақиқатдан ҳам шу ерда яшаши, оила таркиби тўғрисидаги маълумотномаларни тайёрлаб беришини сўрайди.
Аммо маҳалла раиси беюзлик билан ушбу ишларни тез битказиш учун 300 минг сўм бериши лозимлигини билдирди. Бундай муомалани кутмаган М.Раҳимбердиева ҳозир бунча пули йўқлигини айтганида, сал кейинроқ берсангиз ҳам бўлаверади, деб, кадастр ҳужжатлари тўплами учун зарур маълумотномаларни тайёрлашга киришди. Шундан сўнг маҳалла раиси С.Ҳакимов М.Раҳимбердиева ва унинг турмуш ўртоғи М.Тўраевни қаерда кўрса ўша ваъда қилинган 300 минг сўмни беришини талаб қилаверди. Ваҳоланки, ушбу оила ўртаҳол оилалардан бири эканини, М.Раҳимбердиеванинг касал эканини ҳам эътиборга олиб ўтирмади.
Маҳалла раисининг ноқонуний ҳаракати бўйича М.Раҳимбердиева ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида маҳалла фуқаролар йиғини раиси С. Ҳакимов ўз хизмат хонасида М. Раҳимбердиевадан 300 минг сўмни пулни олаётганда ашёвий далил билан ушланди.
Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди ҳукми билан С.Ҳакимов 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик белгиланган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида – 6 миллион 81 минг 900 сўм жарима жазоси тайинланди.

М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: