ШИКОЯТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ БОР
“Jahon.uz” сайтида эълон қилинган “Ёшлар иттифоқи “Буюк кашфиётлар билан банд! Тошкентдаги Англия мактабининг ёш талабаси беш йилга қамалди” сарлавҳали мақола Олий судда ўрганиб чиқилди.
Мақолада Фарруҳ Раҳманбердиев Тошкент шаҳридаги “International School of Finance and Technology” Англия халқаро мактаби 1-босқич талабаси 2018 йил 11 декабрь куни соат 08:50 ларда “KONTABRIK” МЧЖга тегишли бўлган “Кобалт” русумли 01 043 LEA давлат рақамли автомашинасини тегишли ҳужжатлар асосида Яшнобод тумани ҳудудида бошқариб келаётиб йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган пиёда М.Э.ни автомобилнинг олди ўнг қисми билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этгани, натижада пиёда тан жароҳати олиб, 4-сон шаҳар клиник шифохонасига олиб борилганда вафот этгани, суд талабага оғир жазо тайинлангани, Ёшлар иттифоқи эса бу масалада жим эканлиги ҳақида сўз юритилган.
Мазкур ҳолат бўйича тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг жорий йил 2 майдаги ҳукмига кўра, Ф.Раҳманбердиев Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят эҳтиётсизлик оқибатида содир этиладиган унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириб, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ф.Нарсупиевнинг кассация шикоятига шу йил 4 июл куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси судлов ҳайъати мазкур ишни кассация тартибида кўриб чиқиб, биринчи инстанция суди жазо тайинлашда судланувчининг шахсини, ижтимоий ҳолатини, жабрланувчининг қонуний вакилига моддий ёрдам берилмаганлигини, судланувчига нисбатан қонун доирасида оғирроқ жазо тайинлашни сўраб судга мурожаат қилганлигини ҳисобга олиб, адолатли равишда модда санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган, деб ҳисоблаб, ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
ЖПКнинг 498, 510-моддаларида қайд этилган шахслар иш бўйича қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлган тақдирда қонунда белгиланган тартибда Олий судга назорат тартибидаги шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги маълум қилинади.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш