ҲУКМ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА ЎЗГАРТИРИЛГАН

“Daryo.uz” сайтида  эълон қилинган “Тошкентда 20 ёшли талабани уриб юбориб, ҳалок қилган ҳайдовчи 20 миллион сўм жарима эвазига озодликка чиқди” мақоласи Олий судда ўрганиб чиқилди.

Мақолада талаба Мухаммад Раҳимовни пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган вақтида “Кобальт” автомашинаси ҳайдовчиси  60 ёшли, “Nur ziyo Femid” адвокатлик фирмаси адвокати Н.Содиқов йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган ҳолда катта тезликда келиб уриб юборганлиги (жорий йил 11 февраль куни), тергов ҳаракатларидан сўнг жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 3 майдаги ҳукми билан  Н.Содиқов М.Раҳимов ўлимида айбдор деб топилиб, 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганлиги, Н.Содиқов суднинг қароридан норози бўлиб ёзган аппеляция шикоятига асосан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Н.Содиқовнинг ҳаракатларини эҳтиётсизликдан содир этилган деб топиб, 20 миллион сўм жарима тўлаш жазоси  тайинланганлиги ҳақида сўз боради.

Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2019 йил 3 майдаги ҳукмига кўра, Н.Содиқов Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йилга транспорт воситларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил 6 ой  муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Қонун мазмунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятлар эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган  жиноятлар туркумига киради.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 50-моддаси 10-қисмида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмаслиги кўрсатилган.

Судланган Н.Содиқов 1959 йил 22 январь куни туғилган бўлиб, мазкур жиноятини 2019 йил 11 февраль куни, яъни пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган ёшида содир этган.

Бундай ҳолатда биринчи инстанция суди томонидан Жиноят кодексининг 50-моддаси 10-қисмида кўрсатилган талабларга амал қилинмасдан, Н.Содиқовнинг пенсия ёшида эканлиги инобатга олинмай, унга нисбатан асоссиз равишда озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо тайинланиб, хатога йўл қўйилган.

Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи  ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти тажовуз объекти (инсон ҳаёти ва соғлиги, мулк, жамоат хавфсизлиги ва ҳ.к), айб шакли, жиноий қилмишнинг қонунда қайси тоифага (ЖК 15-моддаси) киритилганлиги билан белгиланади.

Мазкур суд ҳукмига туман прокурори томонидан билдирилган апелляция протести ҳамда судланган Н.Содиқовнинг апелляция шикоятига асосан жиноят иши апелляция тартибида (28 май куни) кўриб чиқилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати, юқорида қайд этилган қонун талабига риоя қилган ҳолда биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган хатони бартараф этиб, Н.Содиқовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгартириб, Н.Содиқовга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида, яъни 20.273.000 сўм жарима жазоси тайинлаш ҳақида ажрим чиқарган.

Жиноят ишини апелляция инстанцияси суд мажлисида кўриб чиқишда тарафлар иштирок этган, хусусан жабрланувчи М.Раҳимовнинг вакили А.Раҳимов ҳам иштирок этиб, суднинг ҳукми устидан келтирилган апелляция протести ва шикояти юзасидан ҳамда иш ҳолатлари бўйича ўз фикрларини билдирган.

Олий суд Жиноят ишлари
бўйича судлов ҳайъати

  • Ойбек Рахимов

    Адолат пешволари… Бу хатоми, ёки жиноий бепарволик, локайдликми. Мансаб ваколатидан четга чикмадимикан уша судья… Жиноятчи судьянинг жавобгарлиги Нима булди, ёки индамай куяверасизларми. Инсоф, виждон борми сизларга узи жанобларр…

    13.08.2019 at 22:01

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: