ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЮКСАК ИФОДАСИ
Инсон ҳаёти, қадр-қиммати эъзозланган юртнинг эртаси фаравон, келажаги порлоқ бўлади. Шу боис юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар ва янгиланишларнинг негизида инсонпарварлик, инсон эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати каби умуминсоний тамойиллар мужассам.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Рўзаи рамазон кунларида “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилиб, 156 нафар ҳамюртимизнинг Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан Ватанга қайтарилгани фикримизнинг яққол далилидир.
Таъкидлаш керакки, бу воқелик нафақат бағрикенглик ва олижаноблик ифодаси, балки Ўзбекистон ўз фуқароларини, улар дунёнинг қайси нуқтасида, қай ҳолатда бўлмасин ташлаб қўймаслигини кўрсатди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиз кенг жамоатчилиги, нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий экспертлар томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Дамашқдан Тошкентга олиб келинганларнинг 48 нафари аёллар, 107 нафари болалардир. Айни пайтда уларга реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда.
Ахир бу муштипарлар у томонда бошидан қандай синовларни кечирмаган, не-не ситамни кўрмаган, алам ва изтиробни ичига ютмаган?!
Шундай экан, асосий эътиборни нохуш ҳолатларнинг оқибатлари билан курашишга эмас, балки унинг барвақт олдини олиш, ўз вақтида бартараф этиш, ҳар бир маҳалла ёки овулда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масаласига қаратишимиз зарурлиги ойдинлашади.
Бундай ҳолатлар бизнинг қалб кўзимизни очиши, уйғотиши керак. Оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, эҳтиёжмандларнинг ҳаётда ўрнини топишига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ишларига катта ҳаётий тажрибага эга нуроний отахон ва онахонларни кенг жалб этиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақазо қилмоқда.
Шу боис айни пайтда жойларда носоғлом ғоялар таъсирига тушиб қолган оилалар ва фуқаролар билан алоҳида иш олиб борилиб, уларнинг соғлом эътиқодга қайтишини таъминлаш, ижтимоий ҳаётда муносиб ўринларини топишларига амалий ёрдам кўрсатиш тизимини янгича ёндошувлар асосида йўлга қўйишда зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Бугун даҳшат ўчоғидан қайтганлар маҳалладошимиз, қариндошимиз, қўшнимиз. Адашиб, ёлғон йўлга кириб қолганларни, сўнг қилмишига пушаймон бўлганларни кўксидан итариш, бегона кўз билан қараш бизнинг миллатимизга, қадриятларимизга ётдир. Халқимиз, давлатимиз кечиримлидир. Зеро, Юртбошимиз бағрикенглик ва олижаноблик билан уларга қучоқ очган, ишонч билдирган экан, биз, ҳуқуқшунослар, нуронийлар, маҳалла-кўй аҳли уларни бағримизга олиб, меҳр-мурувват кўрсатишимиз лозим.
Карим Саидов,
Фахрий судья
Фикр қолдириш