1500 ДОЛЛАРГА БАҲОЛАНГАН ҚОТИЛЛИК охиратини ўйлаган чилангар туфайли омон қолган 3 фарзанднинг онаси
Қибрайлик Гулноза Халилова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Мансур Шоқаҳҳоров билан 2002 йилда турмуш қуришди.
Турмушлари давомида улар 3 фарзандли бўлишди ва ҳаммаси рисоладигидек эди.
Нима бўлди-ю, кунлардан бир куни ўрталарида жанжал чиқди ва …
Орадан 9 йил ўтиб, ажрашишга қарор қилишди. 2011 йили расман ажрашдилар. Бироқ кўришиб турдилар, ҳатто бирга яшадилар.
М.Шоқаҳҳаров 2011 йил бошларида Россияга ишлаш учун кетди. Орадан 6 ой ўтиб, Мансур собиқ хотинини Россияга ишлагани таклиф этди.
– Кел, бу ерда сенга иш бор, мўмай пул ишлаб топамиз, – деди.
Гулноза дарҳол рози бўлди. Болаларини онасиникида қолдириб, Россияга равона бўлди.
Қарангки, собиқ эр-хотин Россияда ҳам бирга яшадилар. Мансур автомашина тузатиш ишлари билан шуғулланарди.
2014 йилда Гулноза Ўзбекистонга қайтди. Фарзандлари билан қайнонасиникида яшай бошлади.
У кетгач, эри ўша тарафларда андижонлик Сайёра исмли қиз билан танишиб қолди. Учрашиб турдилар. 2015 йил август ойида бирга юртга қайтишди.
Мансур Сайёрага расман уйланди. Кўп қаватли уйлардан бирида яшай бошлашди. Ўрталарида бир фарзанд дунёга келди.
М.Шоқаҳҳаров юртга қайтгач, хусусий фирмалардан бирида раҳбар бўлди. Ишлари анча юришди.
Гулноза ҳамон қайнонасиникида яшар, эрининг иккинчи хотини биланяшаши унга алам қиларди.
Ўзаро жанжаллардан чарчаган қайнона Гулнозага уйдан чиқиб кетишни талаб қилди.
– Қаерга ҳам борардим, уйим бўлмаса, уй олиб беринглар чиқиб кетай, – ялинди келин.
– Ҳеч қандай уй йўқ сенга, туёғингни шиқиллат, бу уйдан йўқол! -бақирди қайнона.
Гулноза собиқ эридан уй олиб беришини талаб қила бошлади.
Мансур ҳозирча бунинг имкони йўқлигини баҳона қилди.
Аммо собиқ хотин Мансурнинг 6 сотих уй сотиб олиб, у ерда иккинчи хотини Сайёра билан яшаётганини биларди.
Жанжаллардан безган ўғил ва она Гулнозани қурилиши тугалланмаган бир хонали уйга чиқариб юборди.
Гулнозанинг айтишича, уй жуда хароб аҳволда эди ва газ ҳиди анқирди.
Гулноза бу уйда яшай олмади. Яна қайнонасининг уйига қайтиб борди.
Мансур унга уй сотиб олиб беришни ваъда қилди. Ахир ўртада 3 нафар фарзанди бор. 2019 йил бошларида Гулнозани яна ўша қаровсиз бир хонали уйга юклари билан келтиб ташлади.
Газ ҳиди Гулнозани касал қилди. Ўша куни Мансурга қўнғироқ қилди.
- Бу газ ҳиди сенинг ўлишинг учун чиқиб ётибди, – деб алоқани узди Мансур.
Сўнгра Гулноза нима қилишини билмай туман хотин-қизлар қўмитасига қўнғироқ қилди…
У ердан вакил келди, аммо бирор тайинли иш бўлмади.
М.Шоқаҳҳаров эса собиқ хотинидан қутулиш йўлларини қидирди.
Ўз қўлида ишловчи Бобур Жўраевни қотилликка ёллади.
Б.Жўраевнинг судда берган кўрсатмасида муқаддам судланиб чиққани, чилангар экани, бир муддат Шуҳрат исмли шериги билан Мансурнинг уйида ишлаганлиги, бир куни у билан бўлган суҳбатда турмуш ўртоғини ўлдириб юбориши эвазига пул таклиф қилганлигини айтиб берди.
Яъни бир куни Мансур устани чақириб: – Ишласангиз ҳам, ишламасангиз ҳам, мен сизга ойлик чиқариб бераман, фақат анави ишни амалга оширмасак бўлмайди, – деди.
- Ниятингиз жиддийми?
- Шундай! – деди бошлиқ.
Орадан 3-4 кун ўтиб, раҳбар яна қўнғироқ қилди ва ўша ишни амалга оширишни эслатади.
Мансур сўзида қатъий туриб олган, тезроқ биринчи хотинидан қутилишни истарди.
- Қилган жиноятимизнинг умуман ҳиди чиқмаслиги керак, – деди у қатъий.
- Хизмат ҳақим нима бўлади? – сўради чилангар.
Мансур аввалига 2.000 АҚШ доллари беришни ваъда қилди, кейин ваъдасини ўзгартириб, 1.500 АҚШ долларига туширди. Уни ҳам бўлиб-бўлиб беришини айтди.
Чилангар илгари қамалиб чиққан, табиийки, яна қамоққа тушишни истамасди. Бу ёқда бериладиган пул ҳам ҳалигидақа. У ўйлаб кўриб, 11 февраль куни эрталаб, тўғри Тошкент вилояти ИИБга бориб, Мансурнинг одам ўлдиришга буюртма берганлиги ҳақида ариза ёзиб берди.
Тезкор гуруҳ ишга киришди. Чилангарга овоз ёзувчи мослама берилди.
Фирма раҳбарига гўёки чилангар ишни дўндиргандай қилиб кўрсатилди. Г.Халилова “ўлдирилди.” Мансур ва чилангар Салар шаҳарчасида учрашишди. М.Шоқаҳҳоров дастлабки 400 минг сўм пулни устага бераётган пайт қўлга олинди…
Судланувчи М. Шоқаҳҳоров ЖКнинг бир неча моддалари билан айбли деб топилиб, 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Тайинланган жазони умумий тартибли калонияда ўташ белгиланди.
Қотиллик амалга ошганида нима бўларди?
3 норасида онасиз қолган бўлармиди?
Ҳар ҳолда воқеа қотилликача етиб бормади…
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш