ҚАШҚАДАРЁДА САЙЁР УЧРАШУВ
Аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида Олий суд раҳбарияти жойларда учрашув ва сайёр қабуллар ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьяси А.Маткаримовлар жорий йил 17 август куни Қарши шаҳридаги “Маданият уйи”да вилоят аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбирда “Ота” ва “Фарзанд – омонат” номли қисқа метражли видеофильмлари аҳоли эътиборига етказилиб, фильмда тасвирлангани каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида тушунтиришлар берилди.
Хотин қизлар қўмитаси, яраштирув комиссиялари мутахассислари, маҳалла жамғармаси ва фаоллари иштирокида ўтказилган тадбирда иштирокчилар томонидан фильмга нисбатан катта қизиқиш билдирилди. Натижада 8 та оила жойида яраштирилди.
Тадбирлар доирасида ташкил этилган сайёр қабул давомида 40 нафар фуқаро қабул қилиниб, шундан 11 нафар фуқаронинг аризаси Олий суд томонидан ўрганиш учун қабул қилиниб, қолганларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги мажлислар залида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, қурилиш бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси вилоят ва туман бўлимлари ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши мазмун-моҳияти юзасидан амалий семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ишлаб чиқилган “Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида риоя этилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар” тўғрисидаги китоб семинар иштирокчиларига ва тадбиркорларга тарқатилди.
Бундан ташқари Олий суди раҳбарияти томонидан 8 нафар тадбиркор қабул қилиниб, уларнинг муаммолари ўз жойида бартараф этилди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш