МЕДИА ЭКСПЕРТ: АХБОРОТ ТАРҚАТГАН ҲАР ҚАНДАЙ ШАХС ЖУРНАЛИСТ ДЕГАНИ ЭМАС!

“Ҳуррият” газетасининг 22 май кунги сонида тақдим этилган Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси лойиҳаси бугун нафақат мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ОАВ вакиллари ва медиа экспертлар, балки кенг жамоатчилик муҳокамасида турибди.

 ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Беруний Алимов Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси лойиҳаси юзасидан билдирган фикрларини муаллифнинг қуйидаги мақоласи орқали танишишингиз мумкин: Холислик – журналист этикасининг бош талаби! Ҳозирги кунда медиа майдонда исталган ҳудуд ёки давлатга тааллуқли маълумот олиш муаммо эмас. Лекин ўша маълумотлар қай тариқа тарқатилмоқда? Кимлар томонидан тарқатиляпти? Энг муҳими, хоҳ у ривожланган давлат бўлсин, хоҳ энди тараққиёт йўлига тушган ёш мустақил давлат бўлсин, тарқатилаётган маълумотлар нечоғли холислик билан оммавий нашрлар орқали ёйилмоқда? Саволлар қаторлашиб келиши табиий. Зеро, ҳозирги замонда инсоният ахборот дунёси, оммавий коммуникация тушунчалари мутлақо янги воқеликка кириб улгурган бир паллада яшамоқда. Холислик – журналист этикасининг бош талабларидан ҳисобланар экан, ҳозирги шиддатли ўзгаришлар шароитида мазкур масалага мумкин қадар ойдинлик киритиш зарурати ҳам мавжуд. Чунки реал ҳаётимиз мутахассислар олдига қўяётган ғоятда долзарб муаммолар ўз вақтида ўрганилмас, ечилмас экан, бундай сусткашлик ҳам амалиётда, ҳам журналистика фанида жиддий асоратлар қолдириши ҳеч гап эмас. Хусусан, хорижий медиа майдонда тарқатилаётган ҳар бир катта-кичик хабар, янгилик, мулоҳаза ёш мустақил давлат тақдири учун таҳдидга айланиши хавфи борлиги муаммонинг жиддийлигидан далолат беради. Оммавий ахборот воситалари, ахборотни оммалаштириш ҳамда оммавий коммуникация воситалари шу қадар хилма-хиллашиб кетдики, мавжуд ҳолатлар ва муаммолар юзасидан махсус тадқиқотлар яратиш ва шу орқали умумлашма хулосалар чиқаришга тўғри келади. Тўғри, журналистика учун, журналистлар учун оммавий ахборот тарқатиш, мулоқотга киришиш ва ҳоказо ҳолатларда ахборот тарқатиш одоби мезонлари азал-азалдан мавжуд. Жумладан, журналистикада ҳаққонийлик тушунчаси ҳеч бир замонда, ҳеч бир мамлакатда ва ҳолатда ўзгармайди. Журналист юксак савияда ижод қилиши мумкин, лекин ҳаққонийликка хилоф йўл тутса, унинг барча саъй-ҳаракати чиппакка чиқиши муқаррар. Худди шу мезон холислик ва аниқлик шартларига ҳам бевосита тааллуқли.  Ҳаққонийлик – миллий манфаат – касб этикаси меъёри триадаси тўқнашган ҳолатларда журналистнинг (ёки шарҳловчининг) ижодий маҳорати, мулоҳаза юритиш услуби, муносабатини баён этиш оҳанги ва энг муҳими, унинг асл нияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Нияти эзгу бўлган журналист ҳар қандай вазиятда миллий манфаатга путур етказмаган ҳолда ҳаққонийликка хилоф йўл тутмайди.  Нимани очиқ айтиш ва нимани ошкор этишга шошилмаслик ҳам журналистдан муайян тажрибани, вазминликни тақозо этади. Айтайлик, жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни жамоатчиликка етказаётган журналист маълум маънода сиёсий куч ҳам ҳисобланади. Унинг талқинида ёритилаётган воқеа кенг омма томонидан қабул қилинар экан, ўша воқеа тепасида бўлмаган кишилар журналистнинг ахбороти орқали маълум тушунчага эга бўладилар, унга ишонадилар. Журналист қандай мақсадлардан келиб чиқиб ахборот тарқатмасин, энг аввало мазкур ишончни оқламоғи зарур. Ахборот тарқатган ҳар қандай шахс журналист дегани эмас!  Кези келганда, интернет имкониятлари туфайли вужудга келган, тобора оммалаша бораётган “Фуқаролик журналистикаси” ҳақида. Бу номни олган “журналистика”нинг афзалликлари алоҳида мавзу, лекин ахборот этикаси нуқтаи назаридан қаралса “фуқаролик журналистикаси” жиддий ташвиш туғдиради. Истаган шахс исталган мавзуда ва исталган вақтда ахборот тарқатиш воситаларига эга бўлиши бутун дунёда фавқулодда эркин муҳитни яратмоқда. Бироқ, бу ахборот тарқатган ҳар қандай шахс журналист дегани эмас, журналистикани соҳа, касб сифатида обрўсизлантиришга йўл қўйиш мумкин дегани эмас. Ижтимоий тармоқ ёки уяли телефон орқали тарқатилган ҳар бир хабар ёки рақамни журналистикага тааллуқли деб тан олиш кам деганда профессионал даражадаги том маънодаги ижодий жараён маҳсулини камситиш бўлган бўлур эди. Бу борада профессор В.Монаховнинг (Россия) қуйидаги сўзлари ҳар жиҳатдан тўғри: “Интернетнинг вужудга келиши туфайли, – деб ёзади олим, – оммавий ахборот билан ишловчи анъанавий ва профессионал субъектлар – журналистлар қаторига ушбу машғулотнинг минглаб ва миллионлаб ишқибозлари келиб қўшилдилар. Уларнинг жуда кўпчиликлари журналист касбининг анъаналари ва нормалари ҳақида заррача ҳам тасаввурга эга эмаслар”. Касб-корнинг сир-асрорларидан бехабар бўлган одамни қандай қилиб профессионал дея оламиз ёки у тарқатган ахборотнинг тўлақонли ишончли эканига умид боғлаймиз? Гап бирор бир давлатдаги воқеалар ҳақида бўлса-чи? Давлат ёки халқ тақдири, имижига таъсир кўрсатувчи янгиликни ҳаваскорлик даражасидаги ахборотлардан олишнинг оқибати нималарга олиб келиши эса маълум. Онлайн нашрларнинг ахборот тарқатишдаги тезкорлиги замон ва давр талабига мос. Бироқ бундай тезкор режимда фаолият юритиш айни электрон нашрлар журналистларидан юқори профессионалликни талаб қилади. Афсуски, улардаги барча материаллар ҳам матннинг ишланиши тил ва услуб жиҳатдан профессионал даражада тайёрланмоқда дея олмаймиз. Бир сўз билан айтганда, қалами пухта, ўз устида ишлайдиган, изланувчан, сўзни ҳис эта биладиган журналист гапни бу тариқа тузмаслиги муқаррар. Учта сўздан иборат сарлавҳада бир неча ҳарфий ва стилистик хатога йўл қўйилиши айни нопрофессионаллик оқибати, холос. Ваҳоланки, “Ўзбекистон: сўнгги хабарлар” дея оддий ва тушунарли ёзиш учун катта маҳорат ҳам талаб этилмайди. Ахборот маданияти ривожлантириш кун тартибидаги муҳим масала! Жамиятнинг ахборотлашуви бундан кейин ҳам маданиятларнинг қоришуви жараёнини тезлаштириб бораверади. Элитар, миллий ва оммавий маданиятлар қаторида ахборот маданиятининг ҳам ривожланиши табиий саналади. Бу ҳолат экран санъати, хусусан, компьютер, интернет маданиятини ҳам ўз ичига олади. Шу ўринда жаҳон журналистикасида холислик категорияси мустаҳкам кучга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоиз. 1983 йил 20 ноябрь куни Парижда профессионал журналистларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлари аъзолари томонидан қабул қилинган “Журналистларнинг халқаро этика принциплари” нинг иккинчи тамойилида журналистнинг объектив реалликка содиқлиги, яъни, воқеа-ҳодисаларни ёритишда холислик принципини бузмаслиги кераклиги қатъиян белгилаб қўйилган. Демак, ҳозирги даврда ҳам халқаро медиа маконда ўзини профессионал мухбир деб биладиган ҳар қандай шахс холислик категориясига бўйсуниши шарт. Назарий тавсиялар ҳар доим ҳам кутилган натижаларни бермайди! Яна бир муҳим масала. Афсуски, ёш мустақил давлатлар медиа имижини шакллантиришнинг назарий асослари ва амалиётдаги зиддиятли ҳолатлар кам эмас. Бошқача айтганда, экспертлар таклиф этаётган назарий тавсиялар ҳар доим ҳам кутилган натижаларни бермаяпти. Яъни, ҳаётдаги объектив ҳолат ижодий тарзда шакллантирилаётган имижни қўллаб-қувватлашга етарли даражада асос бўлолмаяпти. Боз устига объектив ҳолат билан имиж яратиш қийинчилиги ўртасидаги мувозанатни, уйғунликни топишга интилиш сезилмаяпти, назаримизда. Шу сабабдан мазкур таклифни илгари суришни ўринли деб биламиз: ҳар қандай мавжуд ҳолатни, у ижобийми ёки салбий, оқми ёки қора – ошкора оммалаштиришда ҳам, ҳатто яширишда ҳам шошилмаслик керак. Тактик нуқтаи назардан ахборотни ўз вақтида, керакли миқёсда, имижга мослаб (унга путур етказмайдиган даражада, керак бўлса, уни мустаҳкамлайдиган йўсинда) тарқатиш маромини топиш лозим. Бундай ҳолатларда шошма-шошарлик, ўзибўларчилик ёки таваккалчиликка йўл қўйиб бўлмайди. Таъкидлаш зарурки: – глобаллашув жараёнлари жуда кўплаб ўзгаришлар қатори мутлақо янги жаҳон ахборот тартибини вужудга келтирди, бу тартиб катта-кичик давлатларда деярли барча соҳани, жумладан, ахборот ва ОАВ соҳасини тубдан ислоҳ этишни тақозо қилади;– мамлакатнинг халқаро медиа макондаги имижини кўтариш, шакллантиришга доир ахборот ва хабарларни ҳар томонлама сифатли тайёрлаш, биринчи навбатда ҳар қандай муаллифдан юксак ижодий маҳоратни талаб қилади; – хорижий медиа маконида Ўзбекистон имижи билан боғлиқ ахборотлар тарқатишда ишни эътироф этилган умум этика ва касб этикасининг асосий шартларидан бири – холислик талаблари асосида ташкил этиш мақсадга мувофиқ;– журналистларнинг касб этикаси ва холислик меъёрлари он-лайн журналистика мутахассисларига ҳам бевосита дахлдорлиги унутилмаслиги даркор. Хулоса ўрнида Юқоридаги қайд этилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, “Ҳуррият” газетасида муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси лойиҳаси бўйича қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин: “Миллийлик ва миллий маънавият” номли 6-моддага “журналист мамлакатнинг ахборот макондаги нуфузига, унинг медиа имижига путур етказмайди” деб қўшиб қўйиш керак;Кодекснинг 8-бўлимида Плагиат каби долзарб масалага алоҳида эътибор қаратилгани яхши албатта. Бас шундай экан,айни пайтда уни таъминлашнинг техник томонларини ҳам ўйлашимиз лозим. Яъни ўзбек тилидаги журналистик матнларни плагиатга текширувчи дастурларни янада такомиллаштириш ва уларни очиқ Интернет каналларига жойлаштиришимиз керак;Кўпчиликка таниқли мухбирми, оддий журналистми – турли ижтимоий тармоқларда маълум бир воқеага ўз фикрини билдирар экан, буни ўзи меҳнат қилаётган ОАВ таҳририят позицияси билан чалкаштирмаслиги керак. Франс-Пресс ва Рейтерс сингари етакчи ОАВ мухбирлари ижтимоий тармоқларда айнан шундай принципга амал қилишади. Эътиборли жиҳати шундаки, Ғарб журналистларининг аксарияти ижтимоий тармоқларда қайси таҳририятда ишлашларини очиқ айтишмайди ҳам;Назаримизда кодекснинг тегишли қисмига “асоссиз баландпарвоз сўзларни ишлатиш, ҳаддан зиёд мақтовларга берилиш, маддоҳлик ва ялтоқлик элементларига чек қўйиш керак”лигини ҳам киритиб ўтиш керак;Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси мамлакатимизда журналистика таълими йўналиши бўйича фаолият олиб бораётган барча олий таълим муассасалари ўқув дастурларида тўлиқ қамраб олиниши ҳамда талабалар, яъни бўлғуси журналистлар томонидан атрофлича ўрганилиши керак; Журналист касбининг ўзига хослиги, бир қарашда илғаш қийин бўлган нозик талаб ҳамда тамойиллари борки, биз ўзимиз айтаётган сўзнинг ҳаққонийлиги ва еяётган ошимизнинг ҳалол эканлигига ҳар доим ишонч ҳосил қилиб яшашимиз керак. 

Манба: ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: