СУДЛАР ЖАЗОЛОВЧИ ОРГАН ЭМАС, АКСИНЧА…
Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Натижада судларнинг корхона, ташкилот ва муассасаларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилувчи орган сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
“Ўзбекистон Республикасида маъмурий судларда иш юритилиши: замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзуидаги халқаро конференцияда шу ва бошқа долзарб масалалар маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.
Анжуманда Россия, АҚШ, Арманистон, Украина, Беларусь, Германия, Испания, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган экспертлар ўз мамлакатларида маъмурий суд иши бўйича эришилган ютуқлар ва ислоҳотлар юзасидан тақдимотлар ўтказди.
Шунингдек, бу борада юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли тадбирлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик қонунларини такомиллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар хусусида батафсил сўз юритилди.
-Сўнгги йилларда тизимда олиб борилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, маъмурий тартиб-қоидаларни амалга ошириш самарадорлиги бир неча баробар ортди, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов.
-Маъмурий судларнинг ташкил этилиши билан судларда мавжуд “юклар”нинг енгиллашишига эришилди. Жисмоний ва юридик шахслар билан ишлашда ҳар бир мурожаатни алоҳида ва батафсил таҳлил қилиш учун муайян чоралар кўрилди. Юртимизда илғор халқаро амалиёт ва ривожланган давлатларнинг маъмурий судларни шакллантириш тажрибасига таянилмоқда.
Конференцияда мамлакатнинг маъмурий судловни ривожлантиришдаги ютуқлари, унга оид қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Бу борада ўз ечимини топмаган муаммолар чуқур таҳлил қилинди.
Матильда Димовска
БМТ тараққиёт дастурининг
Ўзбекистондаги доимий вакили
– Асосий мақсад – мамлакатингизда муваффақиятли жорий қилиш учун зарур бўладиган маъмурий судлов тизимига оид энг яхши халқаро тажрибани ўрганиш. Зеро, Ўзбекистон сўнгги икки йилда миллий маъмурий суд тизимини яратди. Маъмурий ва туманлараро хўжалик судлари қўшимча тарзда ташкил этилиб, уларнинг сони кўпайтирилди. Бу сифат ўзгаришига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатдаги маъмурий судларда беш мингдан зиёд ишлар кўриб чиқилгани, улардан 39 таси фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини тиклашга ёрдам бергани, айниқса, диққатга сазовор. Мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жавобгарликка тортиш жазоси қўлланилгани ҳам ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмайди. Шундан ҳам аёнки, Ўзбекистонда маъмурий судлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро талабларга мувофиқ ишлаяпти.
Ханс –Ульрих ИМ,
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги
лойиҳалари координатори в.б.:
-Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда маъмурий судларнинг роли жуда муҳим.
Мамлакатимизда халқаро стандартларни босқичма-босқич миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш учун махсус модель яратилди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилишнинг миллий тизими шаклланди. Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаймиз.
Мунисхон Каримова
(“Халқ сўзи”)
Фикр қолдириш