ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛАЁТГАН ВИДЕО ВА ХАБАРЛАРГА КЎР-КЎРОНА ИШОНИШ КЕРАКМИ?..
Бугунги кунда интернет тармоғидан фойдаланмайдиган кишилар жуда кам бўлса керак. Биз ҳар куни тармоқлар орқали давлатимизда ва жаҳонда рўй бераётган янгиликлардан, жамиятимизда бўлаётган ислоҳотлар ҳамда юзага келаётган муаммолардан шу ондаёқ хабар топмоқдамиз. Бу, жуда яхши, албатта.
Аммо баъзида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим гап-сўзларни ўқиб ўйланиб қолади киши.
Яқинда интернет орқали бир гуруҳ шахсларнинг судялардан норози бўлгани акс эттирилган лавҳани кўриб жуда таъсирландим. Бу лавҳаларни кўрган инсон, албатта, суд ҳақидаги тасаввури ўзгаради, уни адолатсиз тузилма, деб ишона бошлайди.
Сўнги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан суд-ҳуқуқ тизимида бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди ва бу жараён давом этиб келмоқда. Судяларни танлаш ва тайинлашнинг янгича тизими жорий қилинди, судларнинг очиқлиги ва шаффофлиги кундан-кунга ортиб бормоқда.
Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди, судялар ичида ҳам нохолислари бўлиши мумкин. Лекин биргина судянинг чиқарган нотўғри қарори билан бутун суд тизимига баҳо бериш тўғри эмас. Агар судя нотўғри қарор чиқарган бўлса уни бекор қилишнинг қонуний йўллари ҳам бор-ку.
Кўпинча одам ўзининг манфаатига зид чиқарилган ҳар қандай қарордан норози бўлиши табиий ҳол. Аммо биз хоҳлайдиган иш қонунга зид бўлиши мумкинлигини бир ўйлаб кўриб, фикр қилсак яхши бўлар эди.
Менинг ҳам яқиндагина судга ишим тушди. Лекин буни қарангки суд томонидан менинг оилавий шароитим инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойилига асосланиб, яна бир имкон берилди. Бу суднинг адолати эмасми?!
Биргина мен эмас, суддан адолат топиб кетган, улардан рози бўлиб кетганлар қанчадан-қанча. Доим танганинг иккинчи томони борлигини унутманг. Манфаатимизга зид чиқарилган қарордан норози бўлишдан олдин уни қонунга солиштиришни ҳам ўрганайлик.
Бахтиёр Шаманов,
Навоий вилояти Кармана туман «Камолот» маҳалласи
ЎзА
Фикр қолдириш