СУДЬЯЛИК КАСБИ-ШАРАФ
Отам Мустафакулов Илхомжон Мамурович, бундан икки йил олдинлари кўп маротаба суд идораларига қатнаб қолди. Шу пайтларда отам доимо тушкун ва дарғазаб тарзда юрарди, мен ҳеч умримда у кишини бундай кайфиятда кўрмаганман.
Шунда, мен 9 синфда ўқиганлигим ҳамда вояга етмаганлигим сабабли, суд мажлисларига киргизилмадим. Мени назаримда судья бир жаҳлли одам сифатида намоён булиб, ҳаммани қамайдиган одам деб тасаввур қилганман. Чунки отамнинг суддан тушкун кайфиятда келиши ҳамда унинг бу кайфияти бутун оиламизга салбий таъсир кўрсатиши менда шундай тасаввурлар вужудга келишига замин яратган.
Кейинчалик билсам, отам ноҳакдан айбланиб, адолат излаб судга қатнаб, ўзининг номини оқлаган экан.
Гарчи суд мажлисини ўтказилишига жуда қизиққан бўлсам ҳам, судья ва суд жараёни ҳақида умуман тушунчам йўқ эди. Ўтган йили қиш мавсумида мен ўқиётган мактабга туман судининг судьяси ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга қаратилган давра суҳбатига келганида, илк бор ҳақиқий судьяни кўрган эдим.
Шу судья ўзини тутиши, доно гаплари ва камтарлиги билан ажралиб турар эди. Судья биз билан очиқ мулоқот қилиб, кўп ҳаётий воқеаларни сўзлаб берди, бизлар эса диққат билан уни тинглаганмиз.
Шундан кейин менинг кундан кун судьяликка қизиқишим ошиб бораверди. Бир куни мактабимизнинг етакчиси бизни синфимизни суд идорасига яқиндан танишиш учун ерга етаклади.
Ўша пайтда мен суд мажлиси залини, судьянинг хизмат хонасини ва суд ҳақидаги тушунчам ошиб борди. Мактабимизга ҳам судьялар тез-тез келиб туриб, бизлар билан мулоқот ўтказадиган бўлдилар.
Судьялик касбига қизиқишим ошганлиги боис, мен топган юридик адабиётларни ўқишни бошладим ва шу мавзудаги кўрсатувларни диққат билан кузатар эдим.
Шундан сўнг, мен суд мажлисида судья процессуал қонун билан берилган ваколатидан жуда устамонлик билан фойдаланиши, ўз муносабати билан бирон-бир кишини ранжитиб қўйиши эҳтимолдан холи эмаслигини ўйлаб иш тутиши лозимлиги, судьянинг ҳаракатлари суд жараёнининг у ёки бу иштирокчисига қараб ижобий ёҳуд салбий кўринишида бўлиши мумкин эмаслиги, адолатсизликка умуман чидаб бўлмаслиги, буни уддалаш учун эса судья кўп ўқиши, изланиши ва ахборот воситаларидан кенг камровда фойдаланиб бориши зарурлигини англаб етдим.
Яна бир нарсани айтиш жоизки судьялик маданиятининг муҳим жиҳатларидан яна бири бу судьянинг ҳар қандай салбий ҳислатлардан ҳоли бўлиш мақсадида ўзини-ўзи назорат қилиб бориши экан. Судья ўзига четдан қарай билиши, ўзининг ҳаракатларини таҳлил килиб бориши ва чегараланишни билиши зарурдир.
Судья асло унутмаслиги керакки, биринчи Президентимиз таъкидланганларидек “Халқ очликка, қийинчиликка, ҳамма нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди”. Шунинг учун судья фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишини тўлиқ таъминлашни ўзининг энг асосий бурчи деб билиши ва бу ишда фидойилик кўрсатиши лозим.
Умуман олганда, судья ўзининг одоб-ахлоқи билан эл-юртнинг ҳурматли назаридан қолмасликка доимо ҳаракат килиши керак. Зеро, халқ назари қудратли ва унда иззатда бўлиш энг олий мартаба-саодатдир!
Мен судьялик касбини севиб қолганлигим учун келажакда судья бўлиши учун астойдил бел боғлаганман, Тошкент Давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ўзимнинг устимдан тинмай изланиб келмоқдаман, бахтим келиб, мен албатта судья бўламан ва халқимга бор вужудим билан хизмат қиламан.
Мамурова Одинахон Илхомжон қизи
Сирдарё вилояти, Ховос тумани