НОЖЎЯ ҚАДАМДАН ҚАЙТАРИШ ҲАМ ХАЙРЛИ ИШ…

Халқимиз азалдан ҳалолликни улуғлаб, ўғрилик, қўли эгриликни қоралаган. Эгасидан сўроқсиз ҳеч бир нарсага ҳатто қўл теккизишга ботинмаган. Лекин орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзганинг ҳақига хиёнат қилишдан тап тортмайди. Қобилжон Абдуллаев ҳам ҳали ҳаётнинг аччиқ чучугини тортмаган бўлса-да, ҳалол меҳнат қилиш ўрнига ўғрилик жиноятини содир этди.

 У спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда Чимбой қишлоғидаги Бунёдкор кўчаси бўйлаб кетаётган вақтида йўл четида турган “Damas” русумли автомашина ичида қимматбаҳо идиш-товоқлар қаровсиз турганлигини кўриб қолади. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, автомашина ичида бўлган умумий нархи 1 миллион сўмлик турли хилдаги идиш-товоқларни яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган. Қўлга киритилган турли хилдаги идиш-товоқларни 300 минг сўмга сотиб юбориб, сотувдан тушган пул маблағларини ўзини шахсий эҳтиёжи учун сарфлайди.  Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, яна маст ҳолатда ўзининг қишлоғидаги савдо дўконига ўғриликка тушди. У ердан 12 килограмм пахта ёғи, 1 дона сиғими 3 литр бўлган “Голд” номли ўсимлик ёғи, 35 қутидаги сигарет, сақич ва турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамда 3 миллион сўм пул маблағларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган. Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида унинг қилмишлари фош бўлди.  “Чимбой” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Қ. Абдуллаевнинг жиноят иши кўриб чиқилиб, унга тегишли жазо тайинланди.  Бугунги кунда жойларда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш борасидаги тарғибот, профилактика ишларига қарамасдан ўғрилик, товламачилик, фирибгарлик каби жиноятлар камаймаяпти. Афсуски, мазкур жиноятларнинг аксарияти ёшлар томонидан содир этилмоқда. Шунинг учун жамоатчилик, маҳалла фаоллари бу борадаги ишларга шунчаки муносабатда бўлмаслиги керак. Ахир “ўғри” дея ном олган шу бола ҳам маҳаллада улғайган. Ҳар бир ножўя қадамдан қайтариш, тўғри йўлга солиш ҳам аслида катта савоб ишдир.   

Фурқатжон СОБИРОВ, 
Жиноят ишлари бўйича 
Бешариқ тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: