МАТМУРАТОВА КЕЛИШУВ БИТИМИДАН РОЗИ БЎЛДИ

2019 йил 16 август куни «Daryo.uz» сайтида эълон қилинган «Хоразмда «снос»га тушган уй эгаси: Бир иложини қилиб бош вазирни кўчамизга олиб келдик» сарлавҳали мақола Олий судда ўрганиб чиқилди. Унда урганчлик фуқаро Валентина Матмуратова бузилишга тушган хонадонидан кўчишга норозилик билдиргани баён этилган.

Суд ҳужжатларидан кўринишича, фуқаро В. Матмуратова оила аъзолари билан Урганч шаҳар, Истиқлол кўчаси, 9-уй, 2-хонадонда истиқомат қилиб келган.

Урганч шаҳар ҳокимининг 2016 йил 10 августда Истиқлол кўчасида жойлашган эски, якка тартибда қурилган турар жойларни бузиб олиш ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисида қарори қабул қилинган.

Истиқлол кўчасининг «снос»га тушган ҳудудида жойлашган уйларнинг ўрнида янги турар жой бинолари қуриш учун «Адамбой-Шукуржон» корхонасига Урганч шаҳар ҳокимининг 2018 йил 24 ноябрдаги қарорига асосан ер майдони ажратиб берилган.

Қурувчи корхона ҳокимлик билан 2018 йил 17 ноябрь куни тузилган келишув шартномасига кўра, бузилишга тушган жой мулкдорларига аввалгисидан кам бўлмаган саҳндаги битта квартира билан таъминлаш мажбуриятини олган.

В. Матмуратова ҳокимлик қарори бўйича ўзи яшаб турган уйдан ихтиёрий чиқмагач, ҳокимлик фуқаролик судига даъво аризаси киритган. Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2019 йил 22 апрелдаги ҳал қилув қарори асосида В. Матмуратова оила аъзолари билан уй-жойдан мажбурий тартибда чиқарилиши белгиланган. Фуқаро қуйи суд қароридан норози бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судига апелляция тартибида шикоят берган.  Апелляция инстанцияси (2019 йил 20 июнь) эса “Жавобгар ва унинг оила аъзолари Урганч шаҳар, Истиқлол кўчасида жойлашган 9-уй, 2-хонадон ўрнида қурилиши белгиланган кўп қаватли уй-жой қуриб битказилгунига қадар вақтинчалик ижарага Урганч шаҳар, Гурлан кўчаси, 53-уй, 4-хонадонга кўчирилсин” деган сўзлар чиқариб ташланиб, ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Гарчи, жавобгар В. Матмуратова  истиқомат қилиб келган уй-жой ўзига тегишли эканлигини билдирса-да, аммо уй-жой унга тегишли эканлигини тасдиқловчи далилларни судга тақдим этмаган, судда ҳам бу каби далиллар аниқланмаган.

Хусусан, апелляция инстанциясига тақдим этилган “Ермулккадастр” Урганч шаҳар филиалининг 2019 йил 14 июндаги 1653-сонли маълумотномасида, Урганч шаҳар, Истиқлол кўчасида жойлашган 9-уй 2-хонадон В. Матмуратованинг номига давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги аниқланган.

Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги уй-жой қурилишини бошқариш ва назорат қилиш бўлимининг 2019 йил 18 апрелдаги 28-сонли маълумотномасида, низоли уй-жой давлат уй-жой фондига қарашли муниципиал хонадон эканлиги, ушбу хонадонлар фуқароларга хусусийлаштирилиб берилмаганлиги қайд этилган.

Шу билан бирга низоли уй-жойга нисбатан жавобгар В. Матмуратовада мулк ҳуқуқи мавжуд бўлмаса-да, “Адамбой-Шукуржон” МЧЖнинг Урганч шаҳар ҳокимлигига юборган хатида, бузилишга тушган ҳудудда истиқомат қилиб келаётган фуқароларга янги қурилиш белгиланган уйлардан ўзлари яшаб келаётган уй-жой саҳнидан кам бўлмаган хонадон бериш мажбуриятини олган.

Ушбу мажбурият доирасида “Адамбой-Шукуржон” МЧЖ вакилларининг келишув шартномаси тузиш ҳақидаги таклифига, жавобгар В. Матмуратова рози бўлмаган.

Ундан ташқари, Урганч шаҳар Истиқлол кўчасида жойлашган бузилиш зонасига тушган уйларнинг техник, хавфсизлик ҳолатини ўрганиш бўйича 2018 йил 3 ноябрда тузилган далолатномада, ушбу манзилда жойлашган уй-жойлар 1938 йилда қуриб битказилгани, муҳандислик ёритиш тизимлари аҳволи талаб даражасида ишламаётганлиги, уйларнинг фундамент қисми йўқлиги сабабли бузилиш даражасига келганлиги, уйларнинг атрофи санитария-гигиена қоидаларига жавоб бермаслиги, уйларнинг канализация қувурлари носоз ҳолатдалиги, уйларнинг айрим қисм деворларида ёриқлар бўлиб, яшаш учун хавфли эканлиги, уйлар ҳудудида эркин ҳаракатланиш учун қутқарув йўллари ва бошқа ўтиш жойлари мавжуд эмаслиги кўрсатилиб, ушбу уйлар “яшаш учун хавфли” деган хулоса қилинган.

Ушбу ҳолатда жавобгар В. Матмуратова оила аъзолари билан истиқомат қилиб келган уй-жой уларга тегишли эмаслиги билан бирга уй-жой авария ҳолатида эканлиги боис Уй-жой кодексининг 70-моддасига биноан жавобгарларни кўчириш асослари мавжудлиги боис биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантириш ҳақида қонуний, ижара тўловини ундириш ҳақида адолатли ва асосли хулосага келиб, ижара шартномаси тузилмаган бўлса-да, жавобгарни оила аъзолари билан Урганч шаҳар, Гурлан кўчаси, 53-уй, 4-хонадонга кўчирилган.

Биринчи инстанция суди қайд этилган қонун талаблари ва иш ҳолатларини инобатга олмасдан бошқа уй-жойга кўчиришда нотўғри хулосага келганлиги боис, апелляция инстанцияси суднинг ушбу хулосаси билан келишмаган ҳолда уни ўзгартириб, уй-жойга кўчириш ҳақидаги жумлани чиқарган ҳолда ҳал қилув қарорини ўзгартириш хусусида асосли ва қонуний хулосага келган.

Шу билин бирга суд қарорини ижро этиш жараёнида Урганч шаҳар ҳокимлиги, “Адамбой Шукуржон” МЧЖ ва фуқаро В. Матмуратова ўртасида 2019 йил 16 августда келишув битими тузилиб, ушбу келишув битими фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2019 йил 19 августдаги ажрими билан тасдиқланган.

Ушбу келишув битими шартларига кўра, жавобгар В. Матмуратова ва унинг оила аъзолари Урганч шаҳар, Истиқлол кўчасида жойлашган 9-уй, 2-хонадон бузилиши эвазига барча оила аъзоларига ҳокимлик томонидан ажратилган умумий ер майдони 600 кв. м ер участкаси ҳамда “Адамбой Шукуржон” МЧЖ томонидан 170 000 000 сўм ва турар- жойдан чиққан қурилиш материалларини В. Матмуратова ва оила аъзолари олгандан кейин турар-жойдан 10 кун ичида чиқиб кетиши мажбуриятини олган.

Бундан ташқари, битимга асосан В. Матмуратова Урганч шаҳар, Истиқлол кўчасида жойлашган 9-уй, 2-хонадон ўрнида қурилиши белгиланган кўп қаватли турар жойдан янги хонадон ва ижара ҳақини олишдан воз кечади.

Шунингдек, тарафлар бу масала юзасидан судга, прокуратура ҳамда ички ишлар органларига қайта шикоят ариза билан мурожаат қилмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: