ОҚЛОВ ИНСОННИНГ ЯШАШГА, ҲАЁТГА БЎЛГАН УМИДИ, ИШОНЧИ ҚАЙТА ТУҒИЛИШИДИР
Ҳаётда айбсиз айбдор бўлишдан ёмони йўқ. Аммо чекига шундай кўргулик тушганлар, афсуски, йўқ эмас. Бундайлар кўпинча охирги чора сифатида суддан умид қилади, номи оқланишини истайди.
Яхшиямки, бугунги кунда оқлов ҳукмлари чиқариш мамлакатимиз судларида одат тусига киргани одамларда адолатга бўлган ишончни янада оширди. Зеро, илгари йиллар давомида судларда оқлов ҳукми қабул қилинмаган.
Судларда оқланаётган шахслар сони эса, аллақачон мингдан ошиб кетди. Хусусан, 2017 йилда 262 нафар, 2018 йил 867 нафар шахс оқланган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида судлар томонидан 333 нафар шахс оқланди. Бу шунча инсонларнинг яшашга, ҳаётга бўлган умиди, ишончи қайта туғилганини англатади. Бу шунча оилада ҳурсандчиликка, шукроналикка сабаб бўлган хайрли воқеликдир.
…»Абу Сахий» номи билан танилган буюм бозори энг гавжум бозорлардан. Шундай бўлгач, бу ерда ҳар хил одам келиши табиий.
Кимдир яхши, кимдир урушқоқ, кимнингдир сиркаси сув кўтармайди ва ҳоказо. Сотувчилар ҳам ҳамма харидорнинг бирдек кўнглини топиши — қийин.
Гулруҳ дўконига кириб келган она ва қиз билан ҳарчанд яхши муомала қилмасин, бари бир кўнглини топа олмади. Айниқса, нарх масаласида қаттиқ тортишаётган бу икки харидор ҳеч гапга тушунишни истамасди.
Айтганларига кўнмагач, харидорлардан бири жаҳл устида сотувчига қўлидаги елим идишдаги сувни сепиб юборди.
Кейин ҳақоратга ўтган харидорлар олдига Гулруҳнинг шу атрофда бўлган икки синглиси келиб, опасини ҳимоя қила бошлади. Ўзаро гап талашишдан бошланган жанжал охир-оқибат бир-бирларига қўл кўтаришгача етиб борди. Гулруҳ эса, жанжалашаётган томонларни тинчлантириш, уларни ажратиб қўйиш ҳаракатига тушди. Дўконда кўтарилган шовқин-суронни кўрганлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар берди.
Бир қарашда, оддийгина бўлиб кўринган бу келишмовчилик туфайли томонлар аввал терговга, кейин судга қатнай бошлади. Дўконда бўлган барча жазога тортилиши керак эди. Бироқ содир бўлган воқеа кузатув камерасига муҳрланиб қолган экан.
Тергов давомида видеоёзув ҳам иш материалларига қўшилган, албатта.
Лекин айблов хулосасида Гулруҳнинг «қилмиши» Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми билан малакаланган. Бу модда билан у камида беш йил озодликдан маҳрум этилиши керак эди.
Тилидан бирорта ҳақоратли сўз чиқмаган, бировга қўл кўтармаган қаҳрамонимиз, халқ тили билан айтганда, емаган сомсасига пул тўлаши керак эди.
— Суд жараёнида ишга оид барча материаллар чуқур ўрганиб чиқилди, — дейди жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси Сарвар Орипов. — Видеоёзув синчиклаб кўздан кечирилганда, Гулруҳ исмли аёлнинг аслида айби йўқлиги ўз исботини топди. Суд қарори билан у оқланди. Лекин иш материалларидаги барча ҳолатларни чуқур ўрганмасдан судга тақдим этган, айбсиз инсонни айбдор сифатида кўрсатган терговчига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди. Ушбу таъсир чораси туфайли у лавозимидан четлаштирилди.
Яна бир мисол келтирсак, жиззахлик Ваҳоб исмли шахс ҳам Жиноят кодексининг 186-моддаси 1-қисми билан кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима жазосига судланган. Унинг истеъмолга яроқсиз, деб топилган тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилиниши, ашёвий далил сифатида олинган асбоб-ускуналар давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган. Апелляция инстанциясининг ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
— Ушбу шахс судга яна мурожаат қилиб, иш ҳолатлари атрофлича, тўла ва холисона ўрганилмасдан айблов ҳукми чиқарилгани, айбсизлигини тасдиқловчи далилларга ҳуқуқий баҳо берилмагани ҳақида важлар келтириб, суд қарорларини бекор қилган ҳолда оқлашни сўради, — дейди Олий суд судьяси Ҳасан Эгамбердиев. — Ушбу мурожаат асосида назорат тартибида суд бўлиб ўтди. Судлов ҳайъати судьянинг маърузаси, прокурорнинг суд қарорларини бекор қилиб, келтирилган шикоятни қаноатлантириб, шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани сабабли ишни Жиноят-процессуал кодекснинг 83-моддаси 2-бандига асосан реалибитация қилиш ҳақидаги фикрини, адвокатнинг шикоятни қаноатлантириш ҳақидаги фикрларини тинглади. Қўшимча гувоҳлар сўроқ қилиниб, шикоятда келтирилган важлар жиноят иши ҳужжатлари билан бирга таҳлил қилинди. Суд қарорига кўра, назорат тартибидаги шикоят қаноатлантирилди.
Шу ўринда савол туғилади: нима учун ушбу шахс оқланди? Буни қонун нуқтаи назаридан асослашга ҳаракат қиламиз. Жиноят кодексининг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши белгиланган.
Жиноят-процессуал кодексига кўра, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Шахсни айблаш ва ҳукм қилиш учун жиноят объекти, жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, жиноятнинг сабаблари ва мақсадлари исботланган бўлиши шарт.
Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори 16-бандида айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши кўрсатилган. Айблов ҳукмига жиноят содир этилиши билан боғлиқ барча ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги тушунтирилган.
Бироқ ишни кўриш асносида қуйи судларда қайд этилган қонун талаблари ва Пленум қарори тушунтиришларига риоя этилмагани маълум бўлди.
Айниқса, иқтисодиёт билан боғлиқ жиноятларга жазо белгилашда истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товар, иш ва хизматларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва ўтказишга қаратилган айнан қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланиши зарур.
Жиноят иши ҳужжатларидан кўринишича, Жиззах вилояти давлат санитария-эпидемиологик назорат марказининг хулосаси айбловга асос қилиб олинган бўлиб, мазкур хулосада маҳсулот истеъмолга яроқсизлиги аниқланган. Бироқ истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигига жавоб бермайдиган маҳсулотни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлиги айбли қилмиш ҳисобланишини тасдиқловчи далиллар тўпланмаган.
Қолаверса, жиноят объекти сифатида қаралган қўлбола тамаки маҳсулотига оид санитария қоида ва меъёрлари мавжуд эмаслиги, давлат реестрида ҳам мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани маълум бўлди.
Қонунчиликда айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган.
Шу каби асосларга кўра, судлов ҳайъати судланувчига нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг ҳукми ва жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилиб, Ваҳобнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли уни Жиноят кодексининг 186-моддаси 1-қисми билан айбсиз деб топиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилишни лозим, деб топди.
Бундай ҳолатларнинг кундалик турмушимизда рўй бераётгани қувонарли, албатта. Адолат барибир қарор топмоқда. Бу эса, судларга нисбатан ишончни янада оширади.
Норгул Абдураимова
Мен Ашуров Шокир Тохирович Самарканд шахрида яшайман, Олий судга 2019 йил 14 июнда назорат тартибида шикоят берганман, хозирги кунга кадар натижа йук, мен окланишни сураб шикоят берганман, менга хам 2018 йил 20 август куни ЖИБ Самарканд туман суди томонидан ноконуний хукм чикарилган, бунга ДХХ Самарканд вилоят бошкармаси тезкор вакили Махмудов Мирзо ни босими Билан хукм чикарилган, мен хам Олий суддан адолат истайман, мени иштирокимда ушбу назорат ишини куришингизни сурайман.