НАВОИЙДАГИ САЙЁР УЧРАШУВЛАР
Навоий вилоят судлари раисларининг туманлар кесимида жорий йил август-сентябрь ойларида ўтказиладиган ҳамкорликдаги сайёр қабуллар режаси тасдиқланиб, мазкур режага асосан жорий йилнинг
21 август куни Нурота тумани ва Навоий шаҳар Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини жойларга чиқиб ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Сайёр қабуллар жараёнида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди, фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди, Навоий вилоят маъмурий ва иқтисодий судлари раислари ва ўринбосарлари тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг шикоят, таклиф ва мурожаатларини қабул қилиб, муамммолар ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатдилар.
Хусусан, Нурота туман мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича 3 та мурожаат, фуқаролик ишлари бўйича 19 та мурожаат, маъмурий судга оид 2 та ва иқтисодий суд фаолиятига оид 2 та – жами 26 та мурожаат ўрганилиб, барчасига тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ўша куни Навоий шаҳар “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам сайёр қабул ташкил этилди. Қабул жараёнида жиноят ишларига алоқадор 6 та мурожаат, фуқаролик ишига оид 2 та, маъмурий суд фаолиятига оид 2 та – жами 10 та мурожаат кўриб чиқилди.
Мурожаат муаллифларига процессуал тартиб-қоидалар, ваколатли органларга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилиши билан бир қаторда баъзи мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.
Ташкил этилган сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг шикоятлари тингланди.
Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.
Бундан ташқари, ўтказилган тадбирлар давомида вилоят суди раислари томонидан халқ билан очиқ мулоқот қилиниб, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят суди
Фикр қолдириш