СУДЬЯ АКРАМ ҲАМРОЕВ КЎРИК ТАНЛОВ ҒОЛИБИ
Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги қонунида ва Судьялар одоб-аҳлоқ кодексида судья ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини такомиллаштириб бориши уқтирилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги, ҳалқаро ҳуқуқ нормаларидаги, ҳалқаро Конвенция ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа ҳужжатлардаги ўзгаришларни билиб бориши, тизимли равишда ҳуқуқни қўллаш амалиётини, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суд томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларни, Инсон ҳуқуқлари бўйича ривожланган мамлакатлар суд тизимини ўрганиб бориши лозимлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгашининг жорий йил 5 апрелдаги топшириқ хатидан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти туманлараро (туман) судлари судьяларини соғлом рақобат асосида рағбатлантириш йўли билан, судларда иш юритишни янада такомиллаштириш, судьяларнинг ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришга бўлган масъулиятини янада ошириш, суд қарорлари ва бошқа ҳужжатларни тайёрлашда Қонун ва қонуности ҳужжатларига, шу жумладан судьялик этикаси ва одоб-аҳлоқ қоидаларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш мақсадида «Муносиб судья» кўрик танлови ўтказилди.
Айтиш жоизки, танлов очиқлик ва шаффофлик тамойилларидан келиб чиққан холда ўтказилди.
Танловда вилоят, туманлараро (туман) судлари ходимлардан иборат 7 нафар номзод иштирок этди.
Танлов 4 та шартдан иборат бўлди.
Топшириқнинг биринчи шартига кўра иштирокчилар билет олдилар, ҳар бир билетда 5 тадан савол мавжуд эди, иккинчи шарт бўйича тезкор савол-жавоблар бўлди, учинчи шарт бўйича баллар судьяларнинг иш сифатидан келиб чиқиб белгиланди ҳамда тўртинчи шарт бўйича судьяларнинг Одоб ахлоқ кодексига риоя этишларидан келиб чиқиб баллар белгиланди.
Кўрик танлов натижаларига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси вазифасини бажарувчи Акрам Ҳамроев ғолиб деб топилди.
Ғолибга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти суди