АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ
Олий суд раиси номига жиззахлик Баҳодир ва Озода Каримовлардан ташаккурнома келди.
Унда шундай дейилади: “2011 йилда Жиззах шаҳридаги 3 хонали уйимизни сотиб, Ш.Рашидов тумани “Тоқчилик” МФЙ “Отчопар” даҳасидаги 10- намунавий коттеж уйни олиб, 4 нафар фарзандим билан яшаб келаётган эдик ва 6 йил мобайнида уй нархининг 60 фоизини тўлаганмиз.
Уйни олган вақтимиз уйнинг олдинги эгаси тўламаган 14 млн. сўм қарздорликни ҳам тўлаб кредитни юз фоиз ёпганмиз.
“Қишлоққурилишбанк” Жиззах филиали айби билан бизни огоҳлантирмаган ҳолда 14 млн. сўм қарздорлиги мавжуд, шартнома шартларини бузиб келган, деган важ билан бизнинг иштирокимизсиз суд қарори чиқартириб, уйимизни аукционда ҳеч қандай эълон бермасдан бошқа фуқарога сотиб юборишган.
Мазкур холатлар бўйича фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судларига қилган мурожаатларимизга рад жавоблари олдим. Мажбурий ижро ходимлари бизни уйдан чиқаришга ҳаракатни бошлашди.
Икки йил давомида ижарада яшаб, ишга боролмай, ўз ҳоҳишим билан ишдан бўшадим. Жиззах-Тошкент орасида сарсон бўлдим. Ўғлим ҳақиқат йўқ, деб Россияга кетиб қолди.
Хотиним ва 3 нафар мактаб ёшидаги болаларим билан икки йил давомида оғир кунларни бошимиздан ўтказдик.
Олий суд раиси фуқароларни қабул қилаяпти, деб эшитиб, сизнинг қабулингизга ёзилдим. Шахсан сизнинг қабулингизда бўлиб назорат тартибида ишни кўриб чиқишларини илтимос қилдик. Умидимиз сизлардан эди…
Шундай кунларнинг бирида хушхабар эшитдим. Олий судда назорат тартибида кўрилган ишимиз Олий суд судьялари томонидан адолатли кўрилиб, уйимиз ўзимизга қайтариб берилди.
Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий судида бўлиб ўтаётган ва жойларда сайёр йиғилишлар орқали фуқаролар дардини тинглаб, суд қарорлари билан боғлиқ муаммоларни одилона кўриб чиқиб, судьялар фаолиятида коррупцияга йўл қўймаслик борасида олиб бораётган ишларингизни кўриб, эшитиб турибмиз.
Шу боис шахсан Сизга ва Олий суд судьяларига ўзим ва оилам номидан миннатдорлик билдираман. Машаққатли ишларингизда улкан зафарлар тилайман.
Сизга ҳурмат билан Баҳодир
ва Озода Каримовлар оиласи.
Фикр қолдириш