АҚШ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комиловнинг АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Д. Розенблюм билан учрашуви бўлиб ўтди.

Олий суд раиси меҳмонни қутлар экан, элчи жанобларини   яқинда лавозимига тайинлангани билан самимий табриклаб, ушбу масъулиятли вазифани бажаришда улкан зафарлар тилади.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчилардан  бўлиб тан олган, 1992 йил 19 февралда эса, мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари изчиллик билан ривожланиб келмоқда.

Айниқса, ўтган йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг янги тарихий босқичини бошлаб берди.

Ташриф доирасида давлат раҳбарларининг «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёноти қабул қилинди. Турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Олий суд раиси элчи жанобларига мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тарраққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида — E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими (2014 йил) ишга туширилгани алоҳида қайд этилди.

Бугунги кунда E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими мамлакатимиз фуқаролик ишлари бўйича 75 та туманлараро ва 14 та вилоят судлари фаолиятига жорий этилди. Бу тизим ўз навбатида, фуқароларга судларда иш юритув самарадорлигини ошириш, коррупция ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда суд жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш имкониятини бермоқда.

– Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни ҳақида гапирганда, биз дунёнинг тараққий этган давлатларининг бу борадаги илғор тажрибасини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, миллий тизимимизга муваффақиятли тадбиқ этиш йўлидан бораётганимизни алоҳида қайд этиб ўтишни истардим, – деди Олий суд раиси К. Комилов.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Д. Розенблюм самимий қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, икки томонлама муносабатлар янада ривожланишига умид билдирди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: