НАВОИЙДА ТАДБИРКОРЛАР КУНИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 июль куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омил эканлиги таъкидланиб, ушбу соҳа вакилларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча вазифалар белгилаб берилди.
Маълумки, судлар фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Президентимизнинг бу борада қабул қилинган фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2019
йил
19 июлдаги РС-44-19-сонли қарорида тадбиркорларнинг мурожаатларини қонун
доирасида ҳал этиш мақсадида барча судларда ҳар ҳафтанинг жума куни
“Тадбиркорлар куни”, шанба куни эса
“Очиқ эшиклар куни” деб белгиланган.
Бундан ташқари, Навоий вилоят судлари раисларининг туманлар кесимида жорий йил август-сентябрь ойларида ўтказиладиган ҳамкорликдаги сайёр қабуллар режаси тасдиқланиб, сайёр қабуллар жараёнида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди, фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди, Навоий вилоят маъмурий ва иқтисодий судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан жойларда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг шикоят, таклиф ва мурожаатлари қабул қилиниб, муамммолар ечимини топишда тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар бериб, амалий ёрдам кўрсатган ҳолда ҳал этилиши таъминланмоқда.
Юқоридаги режага асосан, Учқудуқ туман ва Зарафшон шаҳар Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини жойларга чиқиб ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Учқудуқ туман Ёшлар маркази биносида ўтказилган сайёр
қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари томонидан 8
та фуқаронинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди, шунингдек
фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди фаолиятига оид 11 та, маъмурий суд
фаолиятига оид
1 та ва иқтисодий суд фаолиятига оид 1 та мурожаатлар ўрганилиб, шундан 1 таси
тадбиркорлик субъекти вакили мурожаатини ташкил этади. Мазкур мурожаат
муаллифларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, кўрсатилган муаммолар
ечими юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш юзасидан кўрсатмалар
берилди.
Зарафшон шаҳар “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ташкил этилган сайёр қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича вилоят суди раҳбарияти томонидан 5 та мурожаат, фуқаролик судига оид 1 та мурожаат кўриб чиқилди. Мурожаат муаллифларига процессуал тартиб-қоидалар, масалани ҳал этишда ваколатли органларга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди. Мурожаатлардан 2 таси тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш юзасидан бўлди.
Ташкил этилган сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди.
Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.
Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабул давомида вилоят суди раислари томонидан халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, йиғилишда суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ҳамда самарали муҳофаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Абулқосим Рўзиқулов,
Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят суди раиси
Фикр қолдириш