СУД ХОДИМЛАРИ ЯНГИ БИНОДА ИШ БОШЛАДИ

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Тотувли” маҳалласида Жиноят ишлари бўйича Денов тумани ва туман маъмурий судининг икки қаватли янги биноси фойдаланишга топширилди.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида иш бошлаган янги бинонинг тантанали очилиш маросимида Жиноят ишлари бўйича вилоят, туман судлари ҳамда маъмурий судлар раислари, судьялар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов конференцалоқа шаклидаги тадбирда Бухоро вилоятида янги ишга туширилган суд биносида туриб, Денов туманидаги икки қаватли замонавий иншоотнинг фойдаланишга топширилиши билан барчани қутлади. Президентимиз томонидан судларга қаратилаётган юксак эътибор одил судловни амалга оширишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаб, мазкур бинонинг судьялик фаолиятини амалга оширишида адолатли қарорлар қабул қилишига омад тилади. Шунингдек, янги бинонинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори Б.Тешабоев, Ўзбекистон Қаҳрамони, Денов туманидаги “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари А.Нарзуллаев ва бошқалар мамлакатимизда судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар том маънода фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, судларнинг очиқлик ва шаффофлигини таъминлашда юксак самаралар бераётганини эътироф этди.
– Суд-ҳуқуқ тизимида узоқ йиллар меҳнат қилиб, қарилик нафақасига чиқдим, – дейди фахрий судья И.Қалқонов. – Бизнинг давримизда судларга бундай эътибор ҳам, шароит ҳам йўқ эди. Айниқса, кейинги уч йилда кўрсатилаётган эътибордан нафақат дилингиз балки кўзингиз ҳам қувнайди. Судьялар учун барча замонавий қулайликларга эга шундай кўркам бинолар қуриб берилмоқда. Судлар хизмат машиналари билан таъминланаётир. Буларнинг барчаси суд фаолиятининг очиқлигини таъминлаб, халқимизнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
“Хўжа–М” хусусий фирмаси томонидан 4 миллиард 881 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилган бинода суд ходимлари учун ҳам, фуқаролар учун ҳам барча замонавий шароит мавжуд. Алоҳида суд қабулхонаси барпо этилиб, фуқароларнинг кутиб туриши ва уларни қабул қилиш учун етарли қулайлик яратилган. Хусусан, фуқаролар ва аризаларни қабул қилиш, она ва бола, тиббиёт хоналари аҳоли хизматида. Бундан ташқари, видеоконференцалоқа тизими орқали суд процессларини “онлайн” тарзда кўриш имконияти бор. Қабулхонага эмин-эркин кириб чиқиш ҳам эътиборга олинган. Бу ерда ўрнатилган махсус монитор орқали фуқаролар суд ишини қайси судья кўриб чиқиши ва суд мажлисининг бошланиш вақти билан “онлайн” танишиб олиши мумкин.
Бинонинг биринчи қаватида суд ишида иштирок этадиган прокурор, адвокат учун алоҳида кенг ёруғ хоналар бунёд этилиб, жиҳозланган. Жиноят ишлари бўйича туман судининг суд залида судланувчилар учун зирхли ойнаванд хона жойлашган. Гардероб ва маслаҳатхоналар, суд раислари, судьялар ва уларнинг ёрдамчилари учун алоҳида хоналар қурилган.
– Янги бинода мавжуд бундай шароитлар иш сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, – дейди Денов тумани маъмурий суди раиси О.Эронқулов. – Замонавий суд залларига сўнгги русумдаги “видеоконференцалоқа режими”да суд мажлиси ўтказиш ускуналари ўрнатилган. Бу суд процесси иштирокчиларини туманимиздан бошқа ҳудуддаги судларга ортиқча пул маблағи ҳамда қимматли вақтини сарфлаб қатнаб юришига чек қўяди. Шунингдек, архив ҳужжатларининг хавфсизлик даражасини таъминлайдиган архив хонаси ҳам барпо этилган. Замонавий локал алоқа тармоғи ва оптик толага уланган сервер хонаси, янги иситиш ва совутиш тизимлари, видеокузатув, ёнғинга қарши курашиш ва қўриқлаш хавфсизлик тизимлари, хизмат автотранспортлари учун махсус тўхташ жойи, шинам ошхона бунёд этилгани ўз вазифамизга муносабатни оширмоқда.
Тадбир доирасида қатор туман ва туманлараро судларига 8 та янги хизмат автомашинаси топширилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),
ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: