БУХОРОДА СУДЛАР УЧУН ЯНГИ БИНОЛАР ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Бухоро вилояти Қоракўл туманида бир ерда фаолият кўрсатадиган туманлараро иқтисодий ва фуқаролик судлари ҳамда Бухоро туманида эса маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судлар янги биноларга эга бўлди.

Бу соҳа ходимлари учун мустақиллик байрамига муносиб совға эди. Янги биноларнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан жойларда тантанали маросимлар бўлиб ўтди. Унда суд идоралари ходимлари, соҳа фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Кейинги йилларда мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларидаги каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди. Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши сифатида “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд -ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” белгилангани бу борадаги туб ислоҳотларни бошлаб берди. Судлар мустақиллигини таъминлаш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Маросимларда таъкидландики, судларнинг самарали фаолият яратиши кўп жиҳатдан уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамлигига ҳам боғлиқ. Ушбу масалага ҳам катта эътибор қаратилаётир. Қоракўл туманлараро иқтисодий ва фуқаролик судлари ҳамда Бухоро тумани маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судлари учун умумий лойиҳа-смета қиймати қарийб 8,5 миллиард сўмлик бўлган икки қаватли замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилгани бу борадаги кенг кўламли амалий ишлар натижасидир. Мазкур биноларда фуқаролар ва аризаларни қабул қилиш учун тегишли шарт-шароитларга эга алоҳида қабулхона, прокурор, адвокат, она-бола, тиббиёт хоналари ташкил этилган. Бу нарса тадбирга ташриф буюрган жамоатчилик вакилларининг ҳам эътиборини тортди.

Суд ходимларига яратилган қулайликлар ҳам ҳавасли. Шунингдек, биноларда замонавий ахборот -коммуникацион технологиялардан кенг фойдаланиш имкониятлари мавжуд. Масалан, улар суд мажлислари тайинланган вақтни онлайн режимида кўрсатувчи таблолар, интерфаол хизмат кўрсатувчи инфокиосклар, видеоконференц -алоқа жиҳозлари билан таъминланган.

– Мен анча йиллар суд идораларида фаолият кўрсатганман, жумладан жиноят ишлари бўйича туман судига бош бўлганман, – дейди суд фахрийлари кенгаши вилоят бўлимининг раиси Бибиражаб Муҳаммедова. – Шундан буён орадан ўн беш йилча вақт ўтди. Мен ўзим ишлаган давр билан, айниқса кейинги йилларни таққослайман. У пайтларда судларнинг аксарияти мослаштирилган, ҳатто оддий шароитларга эга бўлмаган биноларда фаолият олиб борарди. Истайсизми, йўқми, бундай аҳвол киши кайфиятига салбий таъсир кўрсатарди. Ҳозирги замонавий қулайликлар яратилган биноларни кўриб, уларда ишлаётган ҳамкасбларимга ҳавасим келади.

Таъкидлаш жоиз, Бухорода вилояти судлари моддий-техник аҳволини янада яхшилаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 20 та янги автомашина харид қилинди. 5 та суд биносида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ярим миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Тадбирларда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев ва Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси К.Комилов сўзга чиқди.

Эркин ЁДГОРОВ,
ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: