СУДЬЯЛАР ОЛИЙ МАКТАБИДА ИЛК ДАРСЛАР БОШЛАНДИ

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 2019/2020 ўқув йили учун бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича ўқув курсининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Судьялар олий мактабида илк дарслар бошланди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суд вакиллари, депутатлар, тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари, юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш муассасалари мутассаддилари ва тингловчилар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда судьялар корпусини шакллантириш, суд идораларини “Адолат қўрғони”га айлантиришда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Судьялар олий мактабининг ўрни муҳим экани таъкидланди.

Президентимизнинг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизимни тубдан янгилашда муҳим қадам бўлди.

photo5440564911160797926.jpg

Шу мақсадда Олий мактабда қисқа даврда ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини қўллаш кўникмаларига, амалий тажрибага эга профессор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилди. Бу ерда судьялик лавозимларига номзодлар судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмаларини ўқитиш, илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича тайёрланади.
Жорий йилнинг август ойида 2019/2020 ўқув йили учун магистратурага синовлар шаффоф ва холис ўтказилди. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган 60 талабгор Судьялар олий мактабининг тингловчилари сафига қабул қилинди. Магистратура тингловчилари учун ўқув режалари, дастурлари ва малакавий талаблар ишлаб чиқилди.

photo5438120190006110878.jpg


– Ўқув жараёнига иш юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услублари татбиқ этилади, – деди Судьялар олий мактаби фуқаролик ҳуқуқи кафедраси раҳбари, профессор Илҳом Насриев. – Ривожланган давлатларнинг судьялар тайёрлаш таълим муассасалари билан интернет тармоғи орқали онлайн тарзда мулоқот олиб бориш ва уларнинг электрон ўқув адабиётларидан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Шунингдек, ўқув аудиториялари бунга мос равишда энг ривожланган ахборот коммуникация воситалари билан жиҳозланди. Олий мактабда “судьяни судья ўқитади” принципи асосида олиб бориладиган дарс жараёнларига касб маҳорати юксак, кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган судьялар жалб этилган.

photo5440564911160797928.jpg

Тадбирда мутахассислар ўқитишнинг замонавий педагогик услубларини янада такомиллаштириш мақсадида йигирмага яқин халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар таълим муассасаларининг ваколатхоналари билан илмий-амалий, ўқув-услубий, ахборот алмашинув, моддий-техник соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида қайд этди. Хусусан Россия, Қозоғистон, Канада, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой ва Япония каби давлатларнинг судьялар тайёрлашга масъул муассасалари билан алоқалар ўрнатилди.
Таълим даргоҳида рамзий қўнғироқ чалинганидан сўнг илк дарслар бошланди. Тингловчилар ўзлари ихтисослашган фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий ҳуқуқ ва касбий кўникмалар кафедраларида малакасини оширади.

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: