ЖИНОЯТЧИЛИККА БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ
Инсоният тарихида жиноятчиликка қарши курашиш жиддий ва муҳим масалалардан саналиб келинган. Жиноят жиловланган жойда тинчлик ва ҳотиржамлик бўлади. Унга қарши курашишда жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш орқали ҳуқуқий саводхонликни ошириб бориш содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Янгийўл тумани “Аҳил” маҳалласи ҳудудида жойлашган 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган учрашувда жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят ва туман судлари раислари ҳамда маҳалла вакиллари, кенг жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Унда вилоят суди раислари томонидан жойларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масаласида маълумот берилди.
Статистик маълумотларга кўра, Янгийўл туманида ўтган етти ой давомида 158 та иш кўриб тамомланган. Бу кўрсаткич ўтган йилда 231 тани ташкил этган эди. Жами 64 та маҳалладан 20 тасида умуман жиноят содир этилмаган. Бироқ, 11 та маҳаллада жиноятчилик ошган.
Тадбирда таъкидланганидек, содир этилган жиноятларнинг бир қисми тайин бир иш жойига эга бўлмаган шахслар томонидан содир этилган. Шу боис туманда жиноятчиликка қарши курашишда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш зарурлиги ҳақида атрофлича тушунтириш берилди.
Туманда жиноятчилик камайгани хотиржамликка берилишга асос бўлмаслиги қайд этилди. Аслида, жиноятчиликка қарши курашиш доимо огоҳликни талаб қиладиган жараён эканлиги туманда содир этилган жиноятлар сабаблари ва таҳлили мисолида айтиб ўтилди.
Йиғилишда суд-ҳуқуқ тизимида ўтган йиллар мобайнида эришилган натижалар соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг самараси эканлиги, айни пайтда одил судловнинг таъминланаётганлиги фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаётгани қиёсий таҳлил этилди.
Мулоқотда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, кенг жамоатчилик иштирокида жойларда жиноятларни фош этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича ишлар давомийликда, фаол йўлга қўйилиши туманда содир этилаётган жиноятларни камайишида муҳим ўрин тутиши эътироф этилди.
Йиғилишда оила ва никоҳ муносабатларига бағишланган фильм намойиш этилди ҳамда фуқаролар томонидан берилган кўплаб саволларга жавоб қайтарилди.
Ботиржон Ваҳобов,
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти
суди судья катта ёрдамчиси
Фикр қолдириш