ОЛИЙ СУД РАИСИ: ИНВЕСТОРЛАРГА БАРЧА ҲУҚУҚИЙ МАСАЛАЛАРДА ЁРДАМ КЎРСАТАМИЗ
Ўзбекистон Республикаси Олий судида тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятлар, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Олий суд биносига ташриф буюрган тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилган Олий суд раиси К.Комилов инвестицияларнинг иқтисодиётимиздаги муҳим ўрнига алоҳида урғу берди. Инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун судлар ҳам ҳаракат қилаётгани қайд этилди. Олий суд инвесторларга барча ҳуқуқий масалаларда бевосита ёрдам кўрсатади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари одил судлов орқали таъминламоқда. Масалан, иқтисодий судлар томонидан 2019 йилнинг 6 ойи давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 15 минг 643 иш кўрилиб, улар фойдасига 623,8 миллиард сўм ундирилган.
Аммо амалиётда қонунчиликдаги турли номувофиқликлар туфайли тадбиркорларга турли санкциялар қўллаш, бунинг ортидан эса уларнинг норози бўлиши каби ҳолатлар учраб турибди. 2017 йилда 32, 2018 йилда 94 та шундай иш кўрилган бўлса, 2019 йилнинг 9 ойи давомида ушбу тоифада 445 иш кўрилиб, уларнинг 250 таси қаноатлантирилган. Тадбиркорлик субъектларига 150 миллиард сўмга яқин жарима қўлланилган.
Иқтисодий судларга экспорт билан шуғулланувчи айрим тадбиркорлар солиқ идоралари томонидан қўлланилган молиявий жарималарни бекор қилишни сўраб мурожаат қилишади. Ҳолбуки, хориждаги ҳамкорлар томонидан тўлов тушумининг кечиктирилиши туфайли улар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда белгиланган тўловни вақтида амалга ошира олмайди. Солиқ эса бу билан эмас, белгиланган меъёрларга мувофиқ иш кўради. Демак, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган айрим талаблар виждонли импортёр ва экспортёр ҳуқуқлари ҳимоясини самарали ҳимоялаш имконини бермаётир. Бу эса қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилади.
Очиқ мулоқотда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўзларини қийнаётган шу каби масалаларда таклифлар билдирди.
Шуҳрат НЕЪМАТОВ,
ЎзА
Инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун судлар ҳам ҳаракат қилаётгани қайд этилди.
Деган мақолага қўшилмайман.
Чунки, Боғот туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 12 августдаги № 4-2203-1902/1467-сонли иш бўйича қабул қилинган суд қарорига кўра, даъвогар “Нуразиз” хусусий фирмасининг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, жавобгар “DEVELOP TEXTILE” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонадан 15.607.034 сўм асосий қарз, 1.123.706 сўм жарима, 1.500.000 сўм зарар, 454.512 сўм давлат божи ва 16.218 сўм почта харажати ўндирилган.
“DEVELOP TEXTILE” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона Турк миллати фуқароси ИНВЕСТОРга тегишли бўлган корхона хисобланади. Инвестор томонидан Хоразм вилоят Хазорасп тумани иқтисодий зонасида текстил фабрикаси ишга туширилмоқда.
Боғот туманлараро иқтисодий суди юқоридаги иш бўйича ИНВЕСТОРни иштироқисиз суд ишини кўриб чиқиб, унинг хуқуқларини паймол қилган.
Суд хужжатлари ўрганилганда даъвони қаноатлантириш учун асослар етарли эмаслиги ундаги хужжатлар бир томонлама имзоланганлиги аниқланган. Шуми судлар ёки судялар томонидан ИНВЕСТОРнинг хуқуқлари химоя қилинаётгани.
Холат юзасидан ИНВЕСТОР томонидан жорий йилнинг 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали мурожат қилинган бўлсада, ушбу мурожатга Хоразм вилоят иктисодий суди томонидан оддийгина жавоб берилган холос.
Агарда биз, ИНВЕСТОРларни шу тариқа кутиб оладиган бўлсак, айтингчи ИНВЕСТОРларни бизларга бўлган ишончи йўқолмайдими?
Энг ачинарлиси, суднинг асоссиз ажрими асосида ИНВЕСТОРнинг хисоб рақамига тақиқ қўйилиб, Туркия Давлатидан келган ускуналарни божхона хизматидаги расмийлаштириш ишлари учун тўловни амалга ошириб бўлмагани учун унинг фаолиятига тўсқинлик қиладиган холатлар кузатилган. Тўғри суд қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилинди ва суд ажрими ижросини тўхтатиш хақида ажрим олинди. Бироқ, Хазорасп туман МИБ ИНВЕСТОРни хисоб рақамини олдинги суд ажримига асосан тақиққа олганлиги учун уни тўхтатиш хақидаги суд ажримини инобатга олмасдан хисоб рақамидаги тақиқни ечиб бермади.
Оқибатда Боғот туманлараро иқтисодий судининг хатоси билан ИНВЕСТОРни хуқуқи бузилиб, унда қонунларимизга бўлган ишонч камайди.
Судя хато қилди, унинг хатосини ИНВЕСТОР айтди, бироқ унга сани масаланг апелляция тартибида кўриб чиқилади деб жавоб берилди.
Мана Сизга иқтисодий судларимиз томонидан бўлаётган холатлар.
Агарда бизлар шундай давом қилсак аввало ўзлигимизни колаверса бошқа давлат фуқаролари ёки ИНВЕСТОРлари олдида ўзимизга бўлган хурматни йўқотамиз.
Шу сабаб ўйлайманки, хато қилган шахс у оддий фуқаро ёки давлат ходими бўлишидан қатъи назар, унга чора кўрилиб, шу хақда хуқуқи бузилган шахсга маълум қилинса, шунда улардаги ишонч сўнмайди ва у, ўзини хуқуқи бузилган деб хисобласа уни хуқуқлари юқори турувчи орган томонидан химоя қилинишига ишонади.