СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ РАИСИ СУДЬЯ ВА СУД ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИГА МУРОЖААТ ҚИЛДИ
2019 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев мамлакатимиз судьялари ва суд тизими ходимларига соҳада коррупцияга қарши курашиш борасида Мурожаат билан чиқди.
Видеоконференцалоқа орқали қилинган ушбу Мурожаатни ҳудудлардаги барча вилоят, туман ва шаҳар судлари раислари ҳамда судьялари, суд тизими ходимлари, жойлардаги жамоатчилик асосида ташкил этилган Судьялар олий кенгашига кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари ҳамда суд фахрийлари тинглаб, Мурожаат якунида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятининг таклифи ва ташаббусига асосан, мазкур Мурожаат китоб шаклида нашр қилиниб, ҳар бир судьяга ва тизимдаги ходимларга қўлланма сифатида тарқатилиши келишиб олинди.
Қуйида ушбу Мурожаат матнини тўлалигича эътиборингизга тақдим этамиз.
КАСБИЙ МАСЪУЛИЯТИМИЗ МЕЗОНЛАРИ
Сўнгги йилларда шиддатли тус олган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Барча соҳалар бўйича халқ манфаати йўлида тизимли равишда кўплаб амалий ишлар олиб борилаётгани, айниқса, ижтимоий ҳаётимизда ўзининг ифодасини яққол кўрсатиб турибди.
Бир сўз билан айтганда, бугун жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётининг янги босқичи шахдам қадамлар билан олға кетмоқда.
Мамлакатимиздаги улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб туриб, мана шундай ниҳоятда масъулиятли даврда Сизларга, яъни судья ва суд тизими ходимларига мурожаат қилишни мақсадга мувофиқ деб билдим.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Аввало, 2017 йил 13 июнь куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган тарихий учрашув ва очиқ мулоқотда кўрсатиб ўтилган камчиликларимиз, шу билан бирга, машаққатли ва шарафли ишимизга муваффақиятлар тилаб, қонун устуворлигини таъминлаш, адолат ва ҳақиқатни руёбга чиқарадиган судьяларга, яъни сиз, азизларга қарата «Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат ва дилида поклик устувор бўлиши шарт» деган чуқур маънога эга ҳаётий шиорни бежиз айтмаганликларини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, одам савдосига ва мамлакатимиз тараққиётига тўсиқ бўлиб турган энг хавфли иллат бўлмиш — коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ҳар бир раҳбарнинг кунлик эътиборида бўлишлиги қатъий уқтириб ўтилганлигидан ҳам хабардорсиз.
Шу маънода, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг муваффақияти, биринчи навбатда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасига бевосита боғлиқ эканлигини ҳар биримиз чуқур масъулият билан идрок этишимиз лозим.
Ўрни келганда аччиқ бўлса ҳам, айтиш керакки, ҳаммамиз бирдек давлат ва жамият тараққиётига дахлдор бўлган шарафли ишимизга масъулият билан ёндашаётганимиз йўқ. Шу боис касб фаолиятимизда баъзи бир камчиликлар учраб турибди. Биргина мисол тариқасида келтириш мумкинки, ханузгача судлар томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига батафсил тушунтирилишини тўлиқ таъминлаш амалиётини шакллантирганимизча йўқ.
Энди соҳага оид айрим рақамларни келтирмоқчиман. 2019 йилнинг шу кунига қадар 95 нафар судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатилган, 12 нафар судья судьялик қасамиёдини бузганлиги учун муддатидан олдин лавозимидан озод этилган, 4 нафар судьяга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган.
Шу муносабат билан ушбу Мурожаатим орқали судни коррупциядан батамом холи қилишга ва одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилади, деган умидда барча судья ва суд тизими ходимларига қуйидаги фикр-мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Биринчидан, судья ва суд тизими ходимлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «энди тамагирлик қилган судья, сиёсатга, мамлакат Президентига ва халқига хиёнат қилган деб баҳоланади» деган ҳақ гаплари моҳиятини чуқур англаб етишлари шарт.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг барча инстанциялардаги судьялар ва суд тизими ходимлари ўртасида, умуман, суд тизимида коррупцияга қарши ялпи муросасиз кураш эълон қилишни таклиф қиламан.
Бунда, аввало, ҳар бир судья ва тизимдаги ходим кундалик хизмат фаолиятида фақат қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда иш тутиши лозим.
Биласизки, ҳар бир давлат, ҳар қандай жамият қонунлар орқали бошқарилади ва тараққиётга эришади. Аслида қонунлар инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чегаралаб қўйиш, қўрқитиш ёки таҳликада ушлаш учун эмас, балки уларга ёрдам бериш, ахлоқан тарбиялаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш учун яратилишини барча фуқаролар ким бўлишидан, қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, қонунларни чуқур англаб етиши ва ҳурмат қилиши, уларга итоат этиши шартлигини тарғибот қилиб бориш лозим. Ҳуқуқий маданияти юксак инсон қонунни бузишдан қўрқади. Биз қонунларнинг матнини, яъни меъёрларини фақатгина ёдлаб олибгина қолмасдан, уларнинг туб моҳиятини чуқур тушунишимиз ва энг асосийси, ҳар бир ҳолатда қонунни қурол қилиб, уни тўғри қўллай олишимиз даркор. Қадимги рим файласуфи Цицерон «Эркин бўлишни хоҳласанг, қонуннинг қулига айлан» деб бежизга айтмаган, ахир.
Суднинг коррупциясиз тизимга айланишида Судьялар олий кенгаши томонидан ҳудудларда жамоатчилик асосида ташкил этилган комиссия имкониятларидан унумли фойдаланиш амалий натижа беради, деб ўйлайман.
Жамоатчилик, айниқса, маҳалла аҳли, қишлоқ фуқаролар йиғинларида, фуқаролар билан бўладиган очиқ мулоқотларда коррупция-порахўрлик иллатининг зарарли оқибатларини тушунтириб, тарғибот ишларини амалга оширишда тизимли дастурлар қабул қилиб, унда қонунларни ҳурмат қилиш, акс ҳолда жазо муқаррар эканлигини тушунтириш лозим.
Иккинчидан, агар жиноятчилик аҳволига чуқурроқ назар ташласак, жиноятни аксарият ҳолларда дунёқараши паст, маънавияти заиф, маданият ва маърифатдан узоқ, ақли бўлса-да, фаросатда нўноқ шахслар содир этишини кўрамиз. Суд соҳасидаги кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, бу — ҳаёт ҳақиқати.
Маънавияти юксак, иродаси мустаҳкам инсон коррупцияга қўл урмайди. Юксак маънавиятли бўлиш воситаларидан энг мақбули — китобхонлик. Кимки, китобни кўп мутолаа қилса, ҳаёт ҳақиқатларини теран англайди. Китобхон виждонига қулоқ тутиб, фақат адолат томонда туради. Ҳалоллик, поклик унинг ҳаётий шиорига айланади. Асло адолатсизликка қўл урмайди. Шуни инобатга олиб, бутун суд тизимида ҳар ойнинг бир кунини «КИТОБХОНЛИК КУНИ» деб эълон қилиш лозим деб ҳисоблайман.
Ва барча суд идораларига нафақат ҳуқуқий китоблардан иборат, балки тарихий, бадиий китоблардан ташкил топган, ҳар томонлама салмоқли ва бой кутубхоналарни ташкил этиш керак.
Шунингдек, яна бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Яъни судья ва суд ходимларининг соғлом ва комил инсон бўлиб етишишида спортнинг ўрни муҳимдир. Спорт инсоннинг жисмини яйратиши, саломатлигини таъминлаши билан бирга қалбини ҳам поклаши қадимдан маълум. Шу сабабли ходимларнинг мунтазам спорт билан шуғулланиши, турли хил спорт мусабоқаларини ташкил этиш суд жамоатчилиги ўртасида аҳилликни, жипсликни келтириб чиқариши билан бирга жамоаларда соғлом муҳитни шакллантиради, иш унумининг ошишига имкон беради. Бинобарин, буёк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний таъкидлаганидек, «Ҳар қандай эзгу амални қилиш учун энг аввало, руҳиятимиз тирик, қалбимиз беғубор, пок бўлиши керак».
Суд иши ўз табиатига кўра, эзгу амал, адолатни қарор топтириш бўлгани учун қалбимиз беғубор, одилликка йўғрилган бўлиши лозим. Жисмоний тарбия ва спорт бунинг айни воситасидир, яъни белимизга қувват, қалбимизга соф ҳарорат бахш этади.
Учинчидан, суд тизимида самарали тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Ушбу тарғибот ва ташвиқот ишларининг бош ғояси судья ва суд ходими деган юксак номга доғ туширмаслик, уларни ҳар хил ёмонликлардан асраб-авайлашга чақириш бўлиши лозим.
Бунда ўз манфаати деб, нафсини жиловлай олмаган айрим шахсларнинг ачинарли аҳволга тушиб, жамиятда шарманда бўлаётганини, уларнинг оила аъзолари, айниқса, шириндан-шакар фарзандлари қўни-қўшни ва маҳалла аҳли ўртасида қандай аҳволга тушаётганини тизимли равишда судьялар ва суд тизими ходимлари, фуқаролар билан бўладиган учрашувларда хабардор қилиб боришга алоҳида аҳамият қаратиш керак.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги пайтларда тўй-ҳашамларда айримларимиз ўзимизни бошқаларга кўз-кўз қилиш билан овора бўлаяпмиз. Ҳатто баъзиларимиз бошқаларда йўқ қимматбаҳо машиналарни миниб бориб, кимларнингдир эътиборини тортишгача бораяпмиз. Айримлар тўйларга бориб спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, қониқмай, тўйдан чиқиб қайсидир ресторанларда яна ичишни давом эттириш ҳоллари, участка нозирларига бўйсунмасдан жанжал чиқаришларини қандай изоҳлаш керак?! Минг афсуски, бу ҳолатлар яхшиликка олиб келмаслиги аниқ…
Судья ва суд ходимлари ҳавойи ҳою-ҳавасларга берилмасдан, иймон билан виждонига содиқ ҳолда конституциявий ваколатини амалга оширсагина тўғри йўлни танлаган бўлади.
Маълумки, қадим-қадимдан қози мартабасига эришган инсон ниҳоятда камтар ва пок ниятли бўлган. Унинг ақлу салоҳиятидан, юриш-туришидан, кийинишидан, муомала-маданиятидан бошқалар ўрнак олган. Шунинг учун қозилар жамиятда энг ҳурматли, юксак мартабали инсон бўлишган. Тарихимиздан бундай мисолларни кўплаб келтириб ўтишимиз мумкин.
Тўртинчидан, Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилаётган иш таҳлиллари шуни кўрсатаяптики, айрим судьялар ва суд ходимлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, меҳнат интизомига риоя қилмаслик, тегишли суд ҳужжатларини ўз вақтида юбормаслик, бепарволиги ва эътиборсизлиги натижасида фуқаролардан келиб тушаётган норозилик аризаларида кўрсатилган хато-камчиликлар асосида уларга нисбатан зудлик билан тегишли чоралар кўрилиши талаб қилинади.
Ҳар қандай камчиликлар ҳақида, ҳатто у энг арзимас бўлиб кўринсада, суд раҳбарларини ўз вақтида хабардор қилиш ва бунга тезлик билан тегишли чора кўриш тизимини йўлга қўйиш шарт.
Бунда суд раҳбарлари мазкур камчиликларни соҳа мутасаддилари ўртасида жиддий муҳокама қилиши ва бошқа ваколатлари доирасида иш тутганлари маъқул.
Судьянинг хатога йўл қўйиши, у қандай мазмунда бўлишидан қатъий назар, адолатсизлик деб баҳоланишига олиб келишини англаб етиш энг муҳим вазифадир.
Судьялар олий кенгаши сизлардан қонун нормаларига, қасамёдга содиқ бўлишни, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишни талаб қилади.
Бир сўз билан айтганда, суд тизимини мутлақо коррупциясиз соҳага айлантиришга эришиш учун ҳаммамиз барча чора ва имкониятларни ишга солишимиз лозим.
Ушбу ўта жиддий ва хавфли иллат масаласида огоҳлантиришни канда қилмасдан, доимий равишда эслатиш суд раҳбарларининг асосий мажбурияти ва конституциявий бурчи ҳисобланишини унутмайлик.
Ҳаётда жуда кўп бора исботланганидек, адолатли киши албатта, шон-шарафга эришади. Чунки инсониятнинг энг ноёб тушунчаларидан бири — АДОЛАТдир. Ўйлаб кўринг, ундан устун турадиган яна нима бор?!
Ҳақиқатан ҳам, «адолат — ҳаёт булоғи» экан. Мен бутун умрим давомида ҳақиқатни гапиришга ҳаракат қилиб келмоқдаман. Аммо унга кимлар қанчалик ишонганини билмайман, чунки мен ҳеч қачон мажбурлаш маъносида гапирмаганман!
Бешинчидан, буюк боболаримизнинг адолат, ҳалоллик, поклик ва ҳақиқат ҳақидаги бебаҳо битикларини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Бутун умри давомида адолатни ўзининг энг асосий ҳаётий шиори деб билган бобокалонимиз — Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ҳам ўз васиятида «Ўғилларим, адолат ва эзгулик қилмоқ доимий дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин» дея бежиз айтмаган. Ёки Оқсарой пештоқига «Адолат — давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир», деган ҳикматли сўзларни ёздирганида ҳаётий ҳақиқат ифодаланган.
Шеърият султони ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг таъбири билан айтганда: «Инсон ҳаёти билан боғлиқ ўта муҳим масалалардан бири бу — адолат, халқнинг миллий ҳаётига эътибор, давлатчилик сиёсати, халқ бошқарувининг барчаси адолат заминида бунёд этилади».
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг барча учун ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бебаҳо сатрларидан бирини келтирмоқчиман: «Ҳар кимки вафо қилса, вафо топғусидир! Ҳар кимки жафо қилса, жафо топғусидир! Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз, Ҳар кимки ёмон бўлса (нотўғри иш қилса) жазо топғусидир».
Бу сўзлар барчамизга тааллуқлидир!
Ўрни келганда, фуқаролар ва касбдошларимиз эътиборини яна бир масалага жалб қилмоқчиман. Келинглар, ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларимизни босиқлик, андишаю-иймон, шарм-ҳаё билан ҳал этайлик. Ортиқча ҳиссиётга берилиб, шовқин-сурон билан битган ишнинг охири ҳам яхши бўлмайди, ўзбекона одатларимизни оёқ ости қилмайлик, ҳар бир масалани осойишталик билан ҳал этишга нима етсин. «Яхши гап билан илон инидан чиқади» деган мақол ҳам бор-ку?!
Азизлар, хулоса қилиб айтмоқчиманки, ҳаётда ҳалол меҳнат, инсонпарварлик, адолатни беғараз амалга ошириш, халқи-ватанига фидойи бўлиш, камтаринликни одат қилиш, ҳаётга ҳавас билан қарашни бирор-бир моддий бойлик билан алмаштириш мумкин эмаслигини ҳам англаб етишимиз шарт экан.
Ўйлайманки, ҳамкасбларимиз ва фуқаролар юқорида келтирилган ҳаётий гаплардан тўғри хулоса чиқарадилар ва бундай эзгу ишларимиз самараси учун ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшадилар, албатта.
Суд тизими соҳасида ишловчиларни яна бир бор қасамёдга содиқ қолишга, холисликни таъминлашга, адолат ва ҳақиқат йўлида қатъиятли бўлишга чақираман!
Барчангизга ҳурмат билан,
Убайдулла МИНГБОЕВ,
Судьялар олий кенгаши раиси,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган юрист
Хақиқат, жуда туғри гапларни гапиргансиз. Ҳурматли !!! Убайдулла МИНГБОЕВ, Доим соғ бўлинг
Сиздай виждонли халқни эрганги куни учун қайғурадиган судьялар кўпайишини тилайман умрингиз узоқ бўлсин