ЭЛЕКТРОН СУДЛОВ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ТАЖРИБА АЛМАШИЛДИ

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда электрон судлов: бугунги ҳолати ва 2025 йилга қадар ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Таниқли халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган тадбирда Ўзбекистонда ҳозирги кунга қадар электрон судлов, хусусан, E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимини ривожлантириш борасида эришилган натижалар ва тизимни янада такомиллаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Электрон судлов тизимини амалиётга кенг жорий этиш мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам алоҳида белгиланган. Шунингдек, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар мақсадларига тўлиқ мос келади.

Янги интерфаол хизматлар фуқароларнинг судга мурожаат қилиш жараёнини соддалаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган.

Конференцияда юздан зиёд маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирок этди. Хусусан, Конституциявий ишлар, ислоҳотларни бошқариш, тартибга солишни қисқартириш ва адлия масалалари бўйича Австрия федерал вазирлигидан Георг Става, AI & BidData Solution & Consulting ва ITG Solution & Consulting компаниясидан Вейн Йонг Хонг ҳамда Корея Респрубликасининг Илғор технологиялар институтидан Ким Ёнг Сик долзарб маърузалар билан қатнашди.

Тадбир доирасида электрон одил судлов тизимни татбиқ этиш бўйича илғор хорижий тажриба ўрганилди ҳамда мамлакатимизда амалиётда қўллашнинг самарали воситалари белгиланди.

Ўзбекистон судлов тизимига ахборот-коммуникация технологияларини (АКТ) жорий этишнинг бугунги ҳолати, бу йўналишда амалдаги қонун ва қонун ости ҳужжатлари – муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланди.

“Мета” ахборот воситасини суд тизимида қўллаш ва электрон ахборот судлов тизимини бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан уйғунлаштириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, конференция иштирокчилари сунъий тафаккур асосида ишловчи Европа электрон одил судлов тизими имкониятлари, Жанубий Корея Олий суди тараққиётининг кейинги босқичида катта ҳажмдаги маълумотлар ва сунъий тафаккурни татбиқ этишнинг ўзига хос хусусиятлари, АҚШ судларида блокчейн технологияларини жорий этиш истиқболи ва имкониятлари хусусида кенг маълумотга эга бўлди.

Суд ходимларини ўқитиш ва тайёрлаш услублари ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш сингари амалий аҳамиятга эга масалалар муҳокамасига ҳам алоҳида эътибор берилди.

ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: