ХОДИМГА МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИНИ БЕРМАСЛИК ҚИММАТГА ТУШДИ
Жиззах вилояти фуқаролик ишлари суди бундан етти йил муқаддам ишдан бўшаган, орада қамалиб келган фуқарога ишламай юрган вақтлари учун 68 миллион 620 450 сўм иш ҳақини ундириб берди.
Акциядорлик тижорат “Туронбанк” Фориш филиали бошқарувчиси Раҳим Аҳмаджонов аттестациядан ўтолмаганлиги сабабли АТБ “Туронбанк” Жиззах вилояти бошқармасининг 2012 йил 28 июлдаги буйруғи билан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган эди.
Лекин бошқармадагилар ишдан бўшатилган ходимга ўша пайтда ҳам, ундан кейин ҳам меҳнат дафтарчасини топширишга шошилмади. Р. Аҳмаджонов бошқа иш бўйича 2012 йил 5 сентябрда қамалиб кетди ва 2015 йил 1 майда суд қарори билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш жазоси билан алмаштирилгач озодликка чиқди.
Р. Аҳмаджонов 2012 йил 28 июлдан бошлаб ҳозирги кунга қадар бўлган даврга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлашни талаб қилиб собиқ иш берувчисини судга берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти суди Р. Аҳмаджоновнинг мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги талабини муҳокама қилиб, даъвони қаноатлантирди. Даъвогар 2012 йил 28 июлда ишдан бўшатилган бўлса-да, унинг меҳнат дафтарчасини иш берувчи томонидан ҳозирги кунга қадар 50 ой давомида берилмасдан келинган муддат мажбурий прогул кунлари деб топилди. Даъвогарнинг 2012 йил 5 сентябрдан 2015 йил 1 майга қадар қамоқда бўлган муддатни инобатга олинмаган ҳолда, унинг ўртача иш ҳақи 1 миллион 372 409 сўмни 50 ойга кўпайтирилиб, жами 68 миллион 620 450 сўм ундиришга қарор чиқарилди.
Шунингдек, суд даъвогарнинг маънавий зарар ундириш ҳақидаги талабини муҳокама қилиб, маънавий зарарни 1 000 000 сўм деб баҳолаб, ушбу суммани жавобгардан даъвогар фойдасига ундиришни лозим топди.
– Шу ўринда арзимаган камчилик учун иш берувчи катта миқдорда зарар кўргандик туюлиши мумкин, – дейди фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судьяси Собир Набиев. – Бироқ бу қонун устуворлигига, унга риоя қилиш барча учун баравар эканлигига бир мисол. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган сана ҳисобланади.
Маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Амалиётда айрим иш берувчилар томонидан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишса-да, ходимга тегишли тартибда унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бермаслик ҳолатлари учрайди. Хулоса қилиб айтганда иш берувчи ходим билан меҳнат муносабатларига киришар экан, улар меҳнат муносабатларини тартибда солувчи қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши керак.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли меҳнат муносабатлари соҳасидаги қонунлар ижросини таъминлаш бўйича фуқаролар ҳуқуқларини тиклашда амалга оширилаётган ишларга юқоридаги каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Фуқаролик иши бўйича Жиззах вилояти судлари томонидан 2019 йил ярим йил давомида меҳнат низолари билан боғлиқ 176 та фуқаролик иши кўрилди.
Шундан 127 таси бўйича даъво аризалар қаноатлантирилган, 30 таси бўйича даъво рад этилди, 16 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган ва 3 та даъво ариза қонунларга мувофиқ кўрмасдан қолдирилди.
ЎзА
Фикр қолдириш