ЁМОН ТИЛ — ОДАМНИНГ ДУШМАНИ ДЕГАН ҲИКМАТ ЗАМИРИДА КАТТА МАЪНО БОР

«Матиз» русумли автомашина ҳайдовчиси Шерали Содиржонов қонга беланган Қобил Калоновни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб келганида, бояқиш йигитнинг жони ҳаёт ва ўлим орасида турарди. Опаси Бусора Калонова ва рафиқаси Дилноза Калоновалар етиб келишганда эса, шифокорлар уни жонлантириш бўлимига олиб кириб кетишганди.

Аммо ички тартиб-қоидага кў­ра, иккаласини ҳам унинг ёнига киритишмади. Бироздан сўнг эса, шифокорлар уларга Қобилжон ҳаётдан кўз юмганини айтишди. Шунда қайинсингил ва келиннинг фарёди бутун шифохонани ларзага келтирди.

Тақдирнинг ўйинини қа­ранг­ки, Қ. Калоновнинг ўзи муқаддам Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳо­латларда қасд­дан одам ўлдириш жиноятини содир этгани учун судланиб, шу йилнинг январь ойи­да жазони ижро этиш муассасасидан қайтганди. Шундан сўнг у Фарғона шаҳар деҳ­қон бозори яқинида, бошқача айт­ганда, «доллар бозор» дея аталувчи жойда ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғуллана бошлади. Бу ерда унинг эски ҳамтовоқлари Саидмалик Қодиров, Нуршод Маъсудов, Баҳром Бўтабеков ва Ғолиб Ҳамидовлар ҳам бор эди.

Гап шундаки, С. Қодиров қўш­ни Қир­ғизистон Республикасининг Ўш вилоятида туғилгани боис Қ. Калонов озодликдан маҳрум этилмасидан аввал ҳам уни «келгинди» дея эрмак қилар, шу­­нинг учун иккови ўр­тасида жиддий зиддият пайдо бўлганди. Қобил жазо муддатини ўтаб қайтгач ҳам, унга нисбатан шундай беписанд муносабатда бўлди.

Қотиллик юз берган ўша 2019 йил 4 апрель куни эса, кечга яқин Қобил билан Саидмалик Нуршод ва Ғолибнинг ҳамроҳлигида ўртадаги гина-кудратни унутиб, ярашиш мақсадида шаҳарнинг Нуробод кў­часида жойлашган «Bear Hous» қаҳвахонасига боришди.

Боришга боришдию, овқатланиш бир четда қолиб, иш­ни пивохўрликдан бошлашди. Бу ҳолат қарийб бир ярим соат давом этди.

Шундан сўнг улфатчилик «Жаннат» номли чойхонага кўч­ди. Бироқ чойхонада Қ. Калоновнинг кайфи ошиб, юрагининг тубида ётган гаплари тилига қалқиб чиқди. Яъни у эски гап-сўзларни қўзғаб, С. Қодировнинг ғашига тега бошлади. Шунга қарамай, Саидмалик ёши кичкина бўлгани боис ўзи­­­ни босишга уринди.

— Қўйинг, ака, ўтган гапларни унутайлик. Ахир, бу ерга сиз билан ярашиш учун келдик, — деди С. Қодиров ва­зият­ни юмшатиш ниятида. Ам­мо ичкилик таъсирида ба­зўр оёқда турган Қобил баттар жазавага тушиб, уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳа­қорат қилганча ҳовлига бошлаб чиқди.

— Сен келгиндисан, — дея Қобил яна ҳақорат қилди.

— Ака, тағин ҳақорат қиляпсиз? Мен сизга ёш бола эмасман, — деб хафа бўлди С. Қодиров. Аммо…

Аммо Қ. Калонов очиқ-ошкор сўкишга тушгач, у ўзини тутиб туролмади, жаҳлдан буткул ўзи­ни унутганча, чўнтагидаги пичоқни чиқариб, Қобилнинг қор­ни ва кўкрак қисмига изма-из санч­ди.

Оқибатда Қобил чўккалаб қолди. Буни кўрган чойхона эгаси ва бошқалар бақир-чақир қилиб югуриб келишди. Нуршод билан Ғолиб ҳам ҳовлиқиб, ташқарига чиқишди.

Буни қарангки, воқеадан, тахминан, ярим соат олдин Қ. Калонов такси ҳайдовчиси Шерали Содиржоновга қўнғироқ қилиб, чойхона ёнига келишини та­йин­лаганди. Шу боис Қобил ташқарида такси кутиб турганини эслаб, Нуршоддан илтимос қилди:

— Мени касалхонага олиб бор! Пичоқ юрагимга тегди, шекилли…

У шундан бўлак бир сўз айт­мади. Нуршод эса, уни суяб ба­зўр машинага олиб чиқди. Шифохонада эса…

Албатта, шифокорлар берган хабарга биноан ИИБ тезкор ходимлари аллақчон ишга киришганди. Шунга қарамай, чойхонада қолган С. Қодиров ўша заҳотиёқ Фарғона шаҳар ички ишлар бошқармасига бориб, айбига иқрор бўлди. Пировардида у эҳ­тиёт чораси тариқасида қамоққа олинди. Ўз навбатида, Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жи­­ноят иши қўзғатилди.

Яқинда ушбу жиноий қилмиш жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида кў­риб чиқилди. Суд мажлисида кўр­сатма берган Бусора Калонова муқаддам укаси ўл­дирган шахснинг яқинлари ва С. Қодиров ўзаро жиноий тил бириктириб, Қо­билжоннинг умрига зомин бўл­ганини таъкидлади. Аммо Б. Калонованинг бу важи судда ўз исботини топмади. Шунинг учун суд айбдорга юқоридаги модда санкцияси доирасида узоқ муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинлади.

Албатта, С. Қодировнинг қилмишини ҳеч нар­са билан оқ­лаб бўлмайди. Ҳолбуки, у ҳам мақташга арзигулик ҳаёт кечирмаган.

Бундай дейишимизнинг сабаби шундаки, С. Қодиров муқаддам 2 маротаба — 2009 йилда қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш (Жиноят кодексининг 105-модаси 2-қис­ми) ва 2018 йилда кўп миқдорда фирибгарлик (Жиноят кодексининг 168-модаси 3-қисми «а»-банди) жиноятини содир этгани­ учун жиноий жавобгарликка тортилган. Афсуски, у қилмишларидан ўзига тегишли хулоса чиқармаган экан. Акс ҳолда, яна ўта оғир жиноятга қўл урмаган бўларди.

Бу аянчли воқеа тўғрисида фикр юритганда, марҳум Қ. Калоновнинг хатти-ҳаракатлари ҳам кишини таажжубга солмай қолмайди. Нега деганда, у ўзгаларга нисбатан беписанд муносабатда бўлмай, тилини тийганда, бу фожиа рўй бермасди. Ҳолбуки, донишманд боболаримиз:

Тил арслон мисоли ётар қафасда,
Бехабар бошини ер у нафасда,

деган ҳикматни бежизга айтишмаган.

Бундан кўринадики, ҳаётда одоб-ахлоқ, ўзаро ҳурмат-иззат маданиятига амал қилиш тинч­лик-осойишталик, аҳил-иноқликни таъминлашга хизмат қи­лади.

Раҳматжон АРАПОВ,

жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

«Куч – адолатда» мухбири
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 11 октябрь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: