ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ

2018 йил 12 декабрда Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига қуйидаги мазмунда ариза келиб тушди: «2018 йил март ойида мени «Хоразм Агро Текс» МЧЖ раҳбарлигидан озод қилишди. Лекин мен бу даврда вилоят саломатликни тиклаш шифохонасида даволанаётган эдим».

Фуқаро Баҳодир Абдиқодировнинг ушбу мурожаати асосида «Хоразмдонмаҳсулотлари» АЖга тақдимнома киритилди. Аммо, АЖ раҳбарлари бу тақдимномани тан олишни исташмади. Ҳатто унга жавоб беришни лозим топишмади. Шундан сўнг Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси 2019 йил 11 январда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига даъво ариза киритди. Даъвода фуқаро аризаси бўйича ўрганишлар натижалари кўрсатилди.

Б. Абдиқодиров «Хоразмдонмаҳсулотлари» АЖ маъмуриятининг 2017 йил 18 декабрдаги 250-сонли буйруғига асосан «Хоразм Агро Текс» МЧЖ бошқарувчиси лавозимига ишга қабул қилинган ва иш берувчининг 2018 йил 26 мартдаги 1-сонли буйруғига асосан Б. Абдиқодиров билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Б. Абдиқодиров билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодексининг қайси моддасига асосланганлиги кўрсатилмаган.

Бу билан Меҳнат кодекси ва амалдаги меҳнат қонунчилиги билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўйилган. Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 108-моддаси талаблари ҳам бузилганлиги аниқланди. Иш берувчи Б. Абдиқодировни буйруқ билан таништирмаган. Меҳнат дафтарчаси берилмаган ёки меҳнат дафтарчасини олиб кетиш ҳақида хабарнома юборилмаган.

Қолаверса, «Хоразмдонмаҳсулотлари» АЖга қарашли «Хоразм Агро Текс» МЧЖ таъсисчиларининг 2018 йил 26 март кунги йиғилишида фуқаро Б. Абдиқодиров қатнашмаган. Чунки у бу пайтда Хоразм вилоят саломатликни тиклаш шифохонасида стационар шароитда даволанаётган бўлган. Буни шифокорнинг 2018 йил 11 апрелдаги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тасдиқлайди. Бирлашма ана шу сабаблар билан суддан Б. Абдиқодиров билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 1-сонли буйруқни бекор қилиб, илгариги лавозимига ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган вақтлари учун иш ҳақларини тўлаш ва маънавий зарар ундириб беришни сўради. Ушбу даъво ариза 2019 йил 11 март куни фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди биносида Боғот туманлараро суди судьяси Ж.Матниязов раислигида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд мажлисида жавобгар «Хоразмдонмаҳсулотлари» АЖ вакили С. Мадаминов даъвогарнинг даъвосини тан олмасдан, «Хоразмдонмаҳсулотлари» АЖнинг собиқ бошқарув раиси К. Абдуллаев Б. Абдиқодировни ҳеч қандай бошқарув йиғилиши ўтказмасдан, меҳнат шартномаси тузмасдан ноқонуний равишда ишга қабул қилганлигини, Б. Абдиқодиров меҳнат дафтарчасини корхонага тақдим қилмаганлигини ва АЖ ходими саналмаслигини билдирган.

Суд тарафларнинг тушунтириш ва музокараларини эшитиб, вилоят касаба уюшма ташкилотларининг даъво аризасини қаноатлантирди.

Бу ҳақдаги ҳал қилув қарорида Б. Абдиқодировни 2018 йил 26 мартдан ишга тиклаш, унга мажбурий прогул кунлари учун жавобгар «Хоразмдонмаҳсулотлари» АЖдан 14 863 329 сўм иш ҳақи, маънавий зарар учун 1 300 000 сўм ундириш белгиланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят бошқармаси суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, кассация тартибида шикоят аризаси келтирди. Шу асосда фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманларао судининг 2019 йил 20 июндаги ажримига биноан кассация шикоят аризасини кўриб якунлангунга қадар суднинг 2019 йил 11 мартдаги ҳал қилув қарори ижроси тўхтатилди. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2019 йил 28 июндаги ажрими билан Ўзбекис­тон савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят бошқармаси томонидан келтирилган кассация шикоят аризаси ҳаракатсиз қолдирилган ва шикоят аризаси қайтарилган. Шунга кўра, 2019 йил 23 июлда фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди 2019 йил 11 март кунги ҳал қилув қарори ижро ҳаракатларини тиклаш юзасидан ажрим қабул қилди.

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят бошқармаси бир қатор сабабларни рўкач қилган ҳолда 2019 йил 5 августда Хоразм вилоят фуқаролик суди апелляция, кассация инстанциясига аппеляция шикояти билан мурожаат қилди. Унда яна фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2019 йил 11 мартдаги мазкур иш юзасидан ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралди.

Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди Боғот туманлараро судининг 11 мартдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Ниҳоят, Б. Абдиқодиров ишга тикланди.

Адолат тантана қилиши учун касаба уюшмалари қарийб 9 ой курашишига тўғри келди. Биз аъзолар манфаатларини кўзлаб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қанча вақт сарфланишидан қатъи назар саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёрмиз. Аммо, иш берувчилар қонунчиликдан яхши бохабар бўлсалар, қонунларга риоя қилсалар, ўзларининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам вақтларини тежаган, бу тежалган вақт корхона ривожи, юрт равнақи учун сарфланса, нур устига аъло нур бўлган бўларди.

Музаффар АТАБАЕВ,
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари
 бирлашмаси юридик бўлими мудири

(“Ishonch” газетаси, 2019 йил 17 октябрь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: