ЖАҲОЛАТ ЖАБРИНИ ТОРТГАН ГЎДАК ЁХУД ЎЗ ЖИГАРБАНДИНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛГАН ОТАНИНГ ҚИЛМИШИ ҲАҚИДА
Бу ҳаётда ҳар бир инсон учун эзгу ният билан оила қуриш, фарзанд кўриш энг катта бахт саналади. Айниқса, ҳар бир фарзанднинг дунёга келиши ота қалбида тенгсиз ғурур ва ифтихор уйғотади. Чунки фарзанд бахтиёр оиланинг ширин меваси, авлодлар давомчиси ҳисобланади. Фарзанд туғилгач, ота жажжи жигаргўшасининг келажаги тадоригини кўради: ерга умид билан ниҳол қадайди…
Халқимиз ҳаётида бу қадриятлар минг йиллардан буён яшаб келмоқда.
Аммо ҳаётда фарзандининг келажаги учун қайғуриш ўрнига унинг умрига зомин бўладиган кимсалар ҳам учраб туради.
Наманган шаҳрида яшовчи, 26 ёшли Толиб Пирматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай манфур кимсага айланишини ким ўйлабди, дейсиз?
Тергов жараёни ва суд мажлисида аён бўлишича, Т. Пирматов 2017 йил 1 октябрда Зилола Турсуналиева билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуради-ю, нари борса, икки ой рисоладагидек яшайди, холос. Ёш оиланинг кейинги ҳаёти катта-кичик жанжаллар, заҳар-заққум гап-сўзлар бўҳронида кечади. Хусусан, Толиб Зилоланинг ота-онаси ажрашиб кетганини юзига солиб, уни ҳақорат қиладиган, турли баҳоналар билан унга қўл кўтарадиган одат чиқарди. Шунга қарамай, ёш келин ҳаммасига чидашга уринди. Ҳатто рўзғоридаги нотинчликни кўпинча онасидан яшириб ҳам юрди. Негаки, ўзи отасиз ўсгани сабабли туғилажак фарзандини тирик етим қилишни хоҳламади. Бироқ 2018 йил 4 июлда ўғил фарзанд кўришгач, оилавий жанжаллар баттар авжига чиқди. Аниқроғи, Т. Пирматов ўғли Диёрбекни ўзига ўхшамаслигини рўкач қилиб, хотинининг дилини хуфтон қила бошлади. Айниқса, Зилола ўзи ва онасига оилавий таниш бўлган Нозимжон исмли йигитни эрига қариндоши сифатида таништириб, шахсий юмушлари билан унинг автомашинасида юргани Толибнинг қаттиқ ғазабига ҳамда довруғи бутун маҳаллага таралган жанжалга сабаб бўлди. Оқибатда З. Турсуналиева 2019 йил 24 февраль куни боласини олиб, ота уйига кетиб қолди.
Шундан сўнг орадан бир ярим ойча ўтиб, Зилола фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилди.
Натижада фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 24 апрелдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ Т. Пирматовдан З. Турсуналиева фойдасига Диёрбек вояга етгунга қадар тегишли алимент ундириш белгиланди.
Лекин бир сафар Толиб ўғли Диёрбекни кўргани борганда Зилола бунга розилик бермади. Бинобарин, у судга мурожаат қилиб ўғли билан кўришиб туриш тартибини белгилаб беришни сўради. Ўз навбатида, суд 2019 йил 24 майда Т. Пирматовнинг ҳар ҳафта шанба ва якшанба кунлари соат 10:00 дан 12:00 гача Зилоланинг иштирокида фарзанди билан кўришиши юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди. Аммо…
Аммо 3 ой мобайнида хотини билан бирга яшамагани учунми ёки бошқа сабабданми, вақт ўтгани сари Толибнинг кўнглидаги шубҳа-гумонлар кучайса кучайдики, аримади. Бошқача айтганда, Т. Пирматов гўёки ўзини бировнинг боласи учун алимент тўлаётгандек ҳис қила бошлади.
Охир-оқибат унда алимент тўламаслик мақсадида Диёрбекдан қутулиш ва шу орқали Зилоладан ўч олиш режаси пайдо бўлди. 2019 йил 8 июнь — Рамазон ҳайитининг учинчи куни эса, қабиҳ режасини амалга оширишга киришди.
Ўша куни эрталаб соат 07:30 ларда Толиб қайнонасининг уйига борди.
— Диёрбекни кўргани келдим. Хоҳласанг ўзинг ҳам кийиниб чиқ, айланиб келамиз, — деди у ўғлини қўлига оларкан.
— Йўқ, чиқолмайман, кир ювишим керак. Қолаверса, уйда бошқа зарур ишларим ҳам бор, — дея эрининг таклифини рад этди З. Турсуналиева.
Шундан сўнг Т. Пирматов аёлини алдади:
— Бир пиёла иссиқ чой олиб чиққин. Эрталаб нонушта ҳам қилмай келавердим.
Зилола унинг алдовига лаққа тушиб, уйга кириб кетди. Шунда нияти ёвуз ота вазиятдан фойдаланиб, болани олиб қочди: тез-тез қадам ташлаб, хаш-паш дегунча Шимолий Фарғона каналининг қўшни ўунча маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига етиб борди. Сўнгра қўлидаги ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган ожиз гўдакни каналга улоқтириб юборди…
Бояқиш гўдак эса, йиғлаш ёки чинқиришга ҳам улгурмай сувда чўкиб кетди…
Албатта, бу маҳалда Зилола ҳудуд профилактика инспекторига хабар бериб улгурганди. Бироқ Толибнинг ўзи Наманган шаҳар ички ишлар бошқармасига бориб, айбига иқрор бўлди.
Бундан ташқари Т. Пирматовнинг айби воқеа юз берган куни соат 08:11 ларда фарзанди Д. Адҳамовни қўлида кўтариб, Шимолий Фарғона канали бўйлаб югуриб кетаётгани «Учқун» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Барака» савдо мажмуасига ўрнатилган видеокузатув тасвирларидан ҳам маълум бўлди. Шу боис унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “и” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айбдор боланинг ўзиники эканлигидан шубҳаланганини таъкидлагани боис тергов жараёнида одам ДНКси биологик экспертизаси ҳам ўтказилди. Мазкур экспертизанинг 2019 йил 17 июлдаги 7106/12д-сонли хулосасига биноан Толиб Пирматов Диёрбек Адҳамовнинг отаси, Зилола Турсуналиева эса, онаси эканлиги ўз тасдиғини топди. Шунингдек, суд-психиатрик экспертизасининг 2019 йил 18 июндаги 154-сонли ва стационар тартибдаги судга оид психолог-психиатрия экспертизасининг 2019 йил 4 июлдаги 184-сонли хулосаларига кўра, Т. Пирматов жиноят содир этган вақтда руҳий жиҳатдан соғлом бўлгани, ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англагани ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги ҳам аён бўлди.
Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 8-бандида Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисми «в»-бандида назарда тутилган ожиз аҳвол, деганда, жабрланувчининг физиологик, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан (жисмоний нуқсонлари, руҳияти бузилганлиги, жуда ёш ёки кексалиги, қаттиқ оғриқ ёки беҳуш ҳолатда ёхуд уйқуда бўлгани, алкогол, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) ўзини ҳимоя қилишга, айбдорга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслик ёки ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларининг хусусияти ва моҳиятини тушуна олмаслик ёхуд ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳолати тушунилиши, бунда айбдор жабрланувчи ожиз аҳволда эканлигини англаган бўлиши шартлиги, 14-бандида эса, айбдорнинг ўзи ёки бошқа шахслар учун моддий наф кўриш (пул, мол-мулкни ёки унга эгалик ҳуқуқини, турар жойга нисбатан ва шу каби ҳуқуқларни қўлга киритиш) ёки моддий харажатлардан (мол-мулкни, қарзни қайтаришдан, хизматга ҳақ тўлашдан, мулкий мажбуриятларни бажаришдан, алимент тўлаш ва шу кабилардан) қутулиш мақсадида қасддан одам ўлдириши таъмагирлик ниятида содир этилган жиноят сифатида (кодекснинг 97-моддаси иккинчи қисми «и»-банди билан) квалификация қилиниши лозимлиги таъкидланган. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди ана шу асосларга таянган ҳолда нобакор отага нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шу билан бирга, З. Турсуналиевага ўзига етказилган маънавий зарар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Кези келганда, алимент тўлови билан боғлиқ бир мулоҳазани баён этсак.
Кўпинча қарздор оталар хотинига аччиқ қилиб, алимент тўлашдан бош тортишади ёки тўловни тўлашни пайсалга солишади. Ваҳоланки, улар алиментни турмуш ўртоқларининг еб-ичиши, кийиниши ёхуд пардоз-андози учун эмас, балки ўз жигарбандларининг зориқмай вояга етиши учун тўлашади. Шундай экан, нега фарзанд аразлашган ёки ажрашган ота-онаси ўртасидаги зиддият жабрини тортиши керак? Ахир, болаларда нима гуноҳ?
Давлатмирза КОМИЛОВ,
жиноят ишлари бўйича
Наманган вилояти судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
«Куч – адолатда» мухбири
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 18 октябрь)
Фикр қолдириш