ОҚЛОВ — ЮЗИ ЁРУҒЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК ВА ШУКРОНАЛИККА САБАБ БЎЛАЁТГАН ХАЙРЛИ АМАЛ

Шахсга нисбатан айблов эълон қилинса-ю, агар у туҳмат бўлса, бундан оғир мусибат йўқ. Чунки инсонни айбсиз айбдор бўлиш руҳан бир эзса, ўзини оқлагунча исбот-далил келтириб, буни тан олдиргунча яна бир эзилади.

Ҳаётда ўз номи, шаънини оқлагунча йилларини, умрини бой берганлар бўл­гани ҳақида ўйлаб кўрсак, оқлов нечоғлик муҳим тушунча эканини яхши англаймиз.

Ноҳақ айбланса-ю, «майли, менга фар­қи йўқ, яшайвераман», дейдиган одамни топиб бўлмайди. Чунки бу ор-номус, шаън билан боғлиқ ва ҳеч бир кимса бунга асло тоқат қила олмайди. Шунинг учун ҳам инсон шаъни наинки энг нозик, балки энг улуғ тушунча.

Инсон шаъни — Ватан шаъни каби юк­сак тушунчалар билан бирлаша оладиган, юртга қалқон бўла оладиган жасорат манбаи ҳамдир. Бундай шаън учун кўксини қалқон қилган мар­ду майдонларимиз ўт­гани тарихдан маълум.

Тинч замонда ҳам одамлар шаън учун курашиб яшайдилар. Чунки турмушда турли сабаблар билан ноқулай вазиятларга тушиб қолаётган, билиб-билмай айбсиз айбдорга айланаётганлар ҳам учраб туради.

Шундай шахсларнинг оқланиши эса, уларнинг ҳаётга бўлган умиди, ишончи қайта туғилишидир. Бу эса, албатта, суд орқали рўёбга чиқарилади.

Эътибор берилса, 2017 йилгача судларда оқлов ҳук­ми чиқариш деярли бўлмаган.

Бугунги кунга келиб эса, судларда оқлов ҳук­ми чиқариш оддий ҳолга айланиб бормоқда. Муҳими, бу одамларда адолатга бўлган ишонч­ни янада мустаҳкамламоқда.

Каттақўрғонлик ўқитувчи Муҳайё Носирова ҳам ўз номини оқлаш учун бир йил курашди. Судланган пайтида бу аёл Каттақўр­ғон шаҳар халқ таълими мудири вазифасида ишлаган. Айбланишига сабаб эса, унинг 2010-2017 йилларда Каттақўрғон шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаган пайтида рўй берган айрим воқеалар сабаб бўлган. Гап шундаки, у мактаб мулки ҳисобланган электропеч, музлаткич ва газпечини шаҳардаги нодавлат таълим муассасасига вақтинча фойдаланиш учун берган. Бундан таш­қари унга мактаб хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари К. Аминов билан тил бириктириб, мансаб мавқ­еидан фойдаланиб, аслида ишламаган шахсларга ойлик маоши ёзиб, пулини ўз­лаш­тириш айби ҳам қў­йилган.

М. Носирова назорат тартибида берган шикоя­тида қуйи судларда иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар ҳар томонлама холисона текширилмаганини маълум қилган. Мактабга Япония гранти асосида ажратилган жиҳозларни вақтинчалик нодавлат таълим муассасасига фойдаланишга бергани, бироқ ўрнига шу турдаги жиҳозларни келтириб қўйгани, бу ҳолда мулк сақланиб турганини билдирган. Лекин бу талон-торож, деб асоссиз равишда баҳолангани, шунингдек, унга мактабда иш­ламаган шахслар номига иш ҳақи ёзиб давлат мулкини ўзлаштирганлик бўйича ҳам ноҳақ айблов қўйилганини қайд этган. Аслида айбловда кўрсатилган шахслар мактабда аввалдан ишлаб келган ва иш ҳақларини ўзлари олган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида эса, суд қа­рор­ла­ри­нинг М. Носировага оид қисми бекор қилиниб, иш бўйича унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани муносабати билан у айбсиз, деб топилди.

Оқланган М. Носировага ўзига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқи­батларини бартараф қи­лиш юзасидан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

Албатта, бу осон бўл­мади. Бир йил давомида судма-суд юриш, ҳамкасбларнинг турли гап-сўз­лари, яқинлар, қўшнилар олдидаги ноқулайлик… Булар арзимас ҳолатлар эмас, балки одамни адо қи­лишга олиб борадиган сабаблардир. Айниқса, иродасиз кишилар бу ҳол­га тушса, руҳан синиши ҳеч гап эмас. Бироқ қаҳрамонимиз номи оқлангунча курашди ва бунга эришди.

Оқланиш — бу чинакам қувонч, юзи ёруғлик… Қу­во­нарлиси, кейинги уч йилда 1 минг 705 нафар инсон бунга мушарраф бўл­ди. Аниқроқ айтганда, 2017 йилда 262 нафар, 2018 йил 867 нафар шахс оқ­ланган бўлса, жорий йил 9 ойида судлар томонидан 576 нафар шахс оқланди. Бу шунча инсонларнинг ҳаётга бўлган умиди, ишончи қайта туғилганини англатади. Бу шунча оилада бағрибутунлик, шукроналикка сабаб бўлаётган хайрли воқеликдир.

Норгул Абдураимова

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: