НОПОК ҚИЛМИШ БОШГА БАЛО КЕЛТИРАДИ
Ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган, инсоният тараққиётнинг мислсиз марраларини эгаллаётган бугунги кунда дунё халқлари келажагига таҳдид солувчи иллатлар ҳам йўқ эмас. Шулардан бири глобал муаммо тусига кирган, инсониятни таназзул ботқоғи сари етаклаётган гиёҳвандлик балосидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблиясининг 1987 йил 1 декабрдаги резолюциясига биноан ҳар йили 26 июнь — «Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни» сифатида нишонланиб келинмоқда.
Бундан маълум бўляптики, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигини емирувчи, меҳнат фаолиятини поймол этиб, гулдек оилаларнинг парокандалигига олиб келувчи гиёҳвандликка қарши курашиш нафақат давлатларнинг, балки бутун дунё кенг жамоатчилигининг иши бўлиши керак.
Фикримизни БМТнинг Жиноятчилик ва наркотикларга қарши кураш бошқармаси маълумотлари асосида давом эттирадиган бўлсак, ўтган йилнинг ноябрь ойида ушбу ташкилот томонидан ўтказилган ўрганишлар чоғида дунё давлатлари орасида Афғонистон гиёҳвандлик моддалари етиштиришда етакчи ўринда туриши аниқланган.
Ушбу мамлакатда биргина ўтган йилнинг ўзида 263 минг гектар майдонга кўкнори экилган. Ёки 6,4 минг тонна ўта хавфли гиёҳвандлик моддаси ишлаб чиқарилган. Мазкур давлатда кўкнори етиштирилаётган ер майдонларининг тўқсон фоизга яқини сиёсий беқарор ҳудудлар ҳисобига тўғри келишини назардан қочирмаслик керак.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, фуқароларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг сиҳат-саломатлигини асраб-авайлаш устувор вазифага айланди.
Ана шу хайрли мақсад йўлида муҳим ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу ҳақда тўхталадиган бўлсак, «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида», «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси томонидан ўтган вақт ичида БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги ягона конвенцияси, Психотроп моддалар тўғрисидаги ҳамда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича конвенциялари ратификация қилинди.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Аҳоли ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан изчил тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Кези келганда яна шуни айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг маълумотларига қараганда, ўтган 2018 йилда мамлакатимизда нарковазиятга хос эпидемиологик кўрсаткичларда бир неча йиллардан бўён кузатиб келинаётган ижобий ўзгаришлар давом этган. Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган йилда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар сони аввалги йилга нисбатан ўн икки фоизга камайган. Шу каби ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтган йили мусодара қилинган наркотик воситалар миқдори 41,2 фоизга камайиб, 1,17 тоннани ташкил этган.
Ана шу наркотик воситаларнинг 20,6 килограмми героин, 254,7 килограмми опий, 600,8 килограмми марихуана, 60,4 килограмми гашиш, 227 килограмми кўкнори, 165,7 грамми янги психофаол моддалар ва синтетик наркотик моддалар ҳамда 7 минг 551 грамми трамадол дори воситаларидир.
Ўтган йили мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан гиёҳвандлик воситалари жиноятчилиги билан боғлиқ 4 779 та иш аниқланган. Уларнинг 1 238 таси гиёҳванд моддаларни етиштириш, 66 таси хилватхоналардаги гиёҳванд модда савдоси билан боғлиқдир.
Яна бир мисол. Ўтган йили психотроп моддалар ва прикурсорларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноят содир этган чет эллик 46 нафар фуқаро жиноят устида ушланган. Улардан далилий ашё сифатида олинган 190,6 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.
Фикримизни қўшни Тожикистон Республикаси фуқароси Абдураҳмон Давронов (исм-шарифлар ўзгартирилди) қилмиши мисолида давом эттирамиз.
Соч-соқолига аллақачон оқ қиров қўнган, олтмиш ёшни қоралаб қолган хорижлик фуқаронинг гиёҳвандлик моддалар савдоси бойлик орттириш манбаи деган хомхаёли унинг ўзига қаттиқ панд берди.
Ёшларга панд-насиҳат қилиб, тўғри йўлга солиш, ҳалол яшашга даъват этадиган ёшда А. Давронов ўзига ўта қалтис, хатарли йўлни танлайди. У «Салим» исмли жиянига қўнғироқ қилиб, моддий томондан ёрдам беришни сўрайди. Шунда «Салим» тоғасига Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманига боришни, у ерда «Дўхтир» лақабли шахсни топиш кераклигини айтади. Чунки «Дўхтир» ва унинг жиноий шериклари контрабанда йўли билан Тожикистон Республикасидан Ўзбекистонга божхона назоратини четлаб, ўн килограммга яқин опий гиёҳвандлик воситасини олиб ўтишганди. «Салим» тоғасига ана шу гиёҳвандлик воситасининг ҳар бир килограммини 4 минг АҚШ долларидан пуллаш, сотилган ҳар бир килограммдан ўзига 1 минг АҚШ долларини хизмат ҳақи сифатида олиб қолишини айтади.
Жиноий режага кўра, А. Давронов дастлабки тергов давомида шахси аниқланмаган «Дўхтир» лақабли кимсадан гиёҳвандлик воситасини олиб, сотиш сингари ғараз мақсадда ўтган йилнинг 2 декабрь куни Самарқанд вилоятига «Жартепа» чегара назорат ўтказиш маскани орқали келади. Булунғур туманидаги Фозил Йўлдош қишлоғида яшовчи жияни С. Раҳмоновнинг хонадонида меҳмон бўлади. Мезбонлар тоғанинг ғараз ниятда юрганидан мутлақо бехабар. Эртаси куни С. Раҳмоновнинг ўғли Фозил ўзининг «Нексия» русумли автомашинасида тоғани Тойлоқ туманига олиб боради. А. Давронов «Салим»дан олган телефон рақами орқали «Дўхтир» билан боғланади ва ундан 9,937 грамм опий гиёҳвандлик воситасини олади.
А. Давронов 5 декабрь куни кундуз соат ўн бирлар чамаси Навоий вилоятининг Хатирчи тумани марказий бозорининг орқа тарафига ярим қоп картошка олиб боради. Картошкалар орасига сариқ рангли елим халтага ўралган гиёҳвандлик воситаси жойлаштирилганди. Унинг олдига иккита номаълум шахс — «харидор» келиб, юкни кўрмоқчи эканликларини айтади. Машина юкхонасига қопдаги картошкани ерга тўкишганда унинг ичидан сариқ целлофанга солинган гиёҳвандлик моддаси тушади. Целлофаннинг ичи очиб кўрилганида қора рангли суюқлик бор эди. «Харидор»лар пулни олиб келиш учун кетгач, кутилмаганда, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари деб таништирган шахслар Абдураҳмон Давроновни жиноят устида қўлга олишади.
Судланувчи А. Давроновнинг айби унинг дастлабки тергов ва судда берган кўрсатмасидан ташқари ҳодиса жойини кўздан кечириш ҳақидаги баённома, вилоят ички ишлар бошқармаси ЭКБнинг 2018 йил 5 декабрдаги 181-сонли хулосаси, юзлаштириш баённомаси ва гувоҳларнинг сўроқ баённомалари, суддаги кўрсатмалари ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа ишончга сазовор объектив далиллар билан ўз тасдиғини топди.
Судланувчи А. Давронов Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, ўн бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, нафс қутқусига учиб, нопок қилмишга қўл уриш оқибати яхшилик билан тугамади. Гиёҳванд моддалар савдосини бойлик орттириш манбаи деб тушунган гумроҳнинг ўй-хаёллари сароб бўлиб чиқди. У қонун олдида жавоб берди.
Суюн БЎТАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Хатирчи тумани судининг раиси
Фикр қолдириш