МЕРОСХЎР АКА-УКА
Улуғларнинг иши афв айламакдур,
Кичиклар узр учун бел бойламакдур.
Мусулмонлиғда йўқ кину адоват,
Дила афв, адолат жойламакдур.
Абдулла Авлоний
Уйга қайтиб, ҳовлидаги чорпояга чиқиб ёнбошлаган бобо, “Ва ниҳоят ҳал бўлди-э, худога шукр, қутилдим”, деб ўз-ўзига гапириб туриб, ўйга толди, сўнг ўзидан-ўзи сўрар бўлди: – Қутилганим ростми?! А-аа, нимадан қутилдим, ўзи?!
Мерос бўлиш машмашасидан қутилганим, суд қарори фойдамга чиққани рост, лекин…, лекин вақтида бир энани эмиб катта бўлган якка-ёлғиз жигарим-укамдан тирик айрилиб қолмадим-ми ишқилиб?! Энди тўй-азамиз нима бўлади?! Болларимиз бир-бирига ёв бўладими? Акаман, укам хотинининг гапига эмас, менинг айтганимга юриши керак, деб аччиқ қилиб, мен аҳмоқ чол нима қилиб қўйдим, ўзи?! … .
Бобо ёнбошидаги ёстиқни тўғрилаган бўлиб, жойидан оғир қўзғалиб қўйди, юраги симиллаб оғриқ берганини туйиб, бир-икки чуқур-чуқур нафас олди, ёнбошини ёстиқдан кўтариб, чойнакдаги совуган чойдан ичди. Ўнг қўлини чап кўкраги-юрагининг устига қўйиб, бир-икки силаган бўлди ва юрагида гўёки нимадир тошдай осилиб тургандай ҳис этиб, чуқур “уф” тортиб қўйди.
Сўнг бир дам ўйланиб турган бобо, нохас уй ичига қараб овоз берди:
– Кампир, ҳой кампир…
Аммо шу чоғ, кампирининг қўшни маҳаллада яшовчи синглисиникига кетганини эслаб, эсим қурсин дегандай “ҳаҳ”, деб қўйди.
Қайнотасининг кампирини чорлаганини эшитиб чиқиб келган келин, салом бериб, энам синглисиникига қидириб1 кетган эди, бирон-нима керакми, деб сўради.
Келинига, “ҳа, майли, қўявер”, деб жавоб берди. Аммо энди бобонинг ҳаёлида келинининг ”энам синглисиникига қидириб кетди”, деган гапи айлана бошлади.
Шу боис, ўзидан-ўзи савол сўради: – Мен, энди укамникига қидириб бораоламанми? Қайси юз билан бораман?! Ҳаммасига қўл силтаб бордим ҳам дейлик, укам ва хотин бола-чақаси уйига киритармикан?!
Бобо ўзига-ўзи шу саволни қайта-қайта бераркан, юраги ҳам бот-бот санчиб, безовталиги ортди ва “жон омонат, бола-чақа, укамдан рози-ризолик ҳам сўрайолмасдан, бирдан жон таслим қилиб қолсам-а”, деб ўйланиб, “эй, яратган Эгам, ўзинг ажалга сабр, қилган хатомни тузатишга имкон бер”, дея илтижо қилди.
Бобо афсус-надоматининг чеки йўқ, бошини сарак-сарак қилиб, “нима қилиш керак, хатони қандай тузатса бўлади”, деб ўйлаб, кутилмаганда хаёлига келган фикрдан тараддудланиб қолди. Бобо шошилинч тарзда келинига ўғлини ишдан чақиришни тайинлади, набирасини маҳалладаги кўнгил соз-биродарини айтиб келишга юбориб, ўзи кампирини тоқатсизлик билан кута бошлади.
Хаёлида, яна ўзи билан ўзи олишиб, койинди: – шу кампирнингда гапини олмадим, мени нима жин урди, ўзи? Укам жўжа бирдай жон, танг аҳволда қолмаса, мерос улушини сўрармиди? Эҳ, эси кирмаган чол, укангга, вақтида мерос сўрамагансан деб, судлашиб юргандан кўра, ёрдам берсанг, улушини бериб рози қилсанг, давлатинг камайиб қолармиди? Ё қариганда, кўзингга фақат мол-дунё кўриниб қолдими?! Бу дунёдан нимани орқалаб кетмоқчимисан, ўзи?!…
Бобо дарвоза “ғийқ” этиб очилиб, кампири кириб келганига кўзи тушиб, жонланиб қолди. “Кампир келдингми, уйда бор пулни олиб чиқ, ўғлинг келса, укамникига ўтиб келамиз”, деди. Чолини гап-сўзсиз тушунган кампири, “Отаси тўғри ўйлабсиз, укангизга пулдан ташқари, говмушнинг ўтган йилги боласи-ғунажиннида берсак, нима дейсиз, рўзғорига ярарди” деганида, чол бир қалқиб, бош силкиб, маъқул ишорасини қилди ва ўйга толди: “қара-я, укамга етти ёт бегона кампирим қайишиб турганда, мен туғишган аканинг ишини қара”…
Жондай акасидан бугун судда эшитган аччиқ-тайзиқ гапларни эслаб, “Хотиннинг гапига кирган мен-аҳмоқ қайси эс билан ота ўрнида оталик қилган, уйли-жойли қилган акамдан мерос талаб қилдим, энди акамнинг юзига қандай қарайман”, – деб ич-этини еб ўтирган ука ҳовлисига кўплашиб кириб келган ака ва чечасини кўриб шошиб ўрнидан турди. Сўнг, “Келинглар, келингизлар”, деб акасидан бироз ҳайиққан куйи туриб қолди. Аммо, ёнига келиб қолган акаси “ука, берман кел”, деб қучоғини ёзганида, бўғзига нимадир тиқилиб, кўзлари ёшга тўлди, бутун вужуди билан акасига интилди ва жигарини қучоқлай туриб, “кечиринг, ака”, деб йиғлаб юборди. Акаси ҳам “ҳиқ-ҳиқ” этиб йиғлаган куйи, укасини бағрига босиб туриб, “Ука, сен мени, мол-мулк деб ўз укасини танимай қолган акангни, кечир ”, деди.
Бу ҳолатга гувоҳ бўлиб турган барчанинг кўзида ёш ғилтиллар, ака-уканинг бир-бирига меҳри товланиб турганидан шод эдилар.
Холмўмин Ёдгоров, юрист
(“O’zbekiston ovozi” газетаси,
2019 йил 22 октябрь)
Рахмат Холмумин ака Ёдгоров. Хакикатни ёзибсиз. Кани эди илоди булса Амоновларни карори остига шу хикояни киритиб уларга такдим кмлсайз. Зора акага инсоф берса. Чол кампир деб сал узгариш булгандир аммо хозирги пайтда Амонов Умид ва Мурод худди шу холатни бошидан кечирмокда.