ЧАЛКАШ ҚАРОРГА ОХИР-ОҚИБАТ СУД ЖИДДИЙ ЎЗГАРТИШ КИРИТДИ

Урганч туман ҳокимлигининг Шермуҳаммад Раҳмоновга тикувчилик ательеси ва қурилиш моллари дўконини барпо этиш учун туманнинг Чаккашоликор қишлоғи ҳудудидан 0,12 гектар қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ер майдонини ажратиб бериш бўйича 2018 йил 23 июлдаги 2160 қ-сонли қарори тадбиркорни ўзи кутган самара ва натижаларга эмас, аксинча, боши берк кўчаларга элтди, ишнинг тўсиғи ва тушовига айланди.

Ҳоким қарорига кўра, қишлоқнинг 271-контуридан тадбиркор тасарруфига берилган ер майдони аслида оддий ташландиқ жой эмас, балки ўзгалар томонидан эгалланиши мумкин бўлмаган катта дахл­сиз заҳкаш, унга туташ бўш дала эса, маҳаллий фермер қарамоғидаги ернинг бир қисми бў­либ чиқди. Тадбиркор яна туман ҳокимлигига борди, ўзи гувоҳ бўлган манзарани му­тасад­диларга обдан тасвирлаб ва изоҳлаб берди. Ишнинг чаппасига кетмаслиги важидан туман ер тузиш ва кадастр идораси масъул ходими бу жойга бормай туриб, чизма, тавсифлама ҳужжатларини расмийлаштириб бергани билан боғлиқ ҳолатни юзга солишдан ўзини тийди.

Лекин масалани қайта ўрганиш ва ҳозирда ҳеч ким фойдаланмаётган бошқа бир ташландиқ дала — ёндош манзилдаги 171-контурнинг бир қисмини ажратиб беришни сўради. Ҳо­кимлик унинг таклифини қай­та ўрганиб чиқди ва 0,12 гектар ер майдонни 171-контурдан ажратиб бериш мумкин, деган хулосага келинди. Шундан сўнг бу борада ҳужжатлар тайёрланиб, вилоят ҳокимлигининг ер участкаларини танлаш (ажратиш) масалалари билан шуғулланувчи комиссияси эътиборига ҳавола этилди. Бироқ ушбу комиссия ер майдони ажратиш билан масалани юзаки ўрганиб чиқди ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 493-сонли қарорини нотўғри талқин қилган ҳолда бу ишни «Е-ижро аукцион» ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга ошириш лозим деб топилганини билдирди. Бир сўз билан айтганда, туман ҳокимлигининг таклифи маъқулланмади. 

Бу орада юзага келган оворагарчликлардан зада бўлган тадбиркор судга мурожаат қилишга қарор қилди. Тадбиркорнинг мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан қилган мурожаати шу йил 19 февраль куни Урганч туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди. Пировардида шу иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорида тадбиркорнинг талаби асосли эканлиги қайд этилди.

Яъни Урганч туман ҳо­кимлиги зиммасига Чаккашоликор қишлоғининг 271-контурида жойлашган ерни Ш. Раҳмоновнинг ихтиёрига ажратиб бериш бўйича муқаддам чиқарилган қарорни ўз­гар­­тириш, туман ер тузиш ва кадастр идорасининг сўнгги чизма ҳужжатлари асосида мазкур ҳу­дуд­нинг 171-контуридаги 0,12 гектар ер майдонини аризачининг тасарруфига ўтказиш мажбурияти юклатилди.

Албатта, суднинг қонуний ва асосли қарорини барча бирдек эътироф этиши керак. Лекин туман ҳо­кимлиги бошқача йўл тутди. Суднинг қароридан норози бўлиб, кассация шикояти билан суднинг юқо­ри инстанциясига мурожаат қилди.

Суд бу масалани ҳам мавжуд қонунчилигимиз меъёрлари асосида батафсил ўрганиб чиқди, унинг барча жиҳатларини қонун тарозисида тенг торт­ди. Маълум бўлишича, ҳоким қароридан сўнг тадбиркорликка бел боғлаган фуқарога тегишли ер майдонига эгалик ҳу­қуқи кадастр рўй­хатидан ўтказилган ва шу ҳақдаги гувоҳнома унга тақдим этилган.

Аммо тафсилоти ҳукмингизга ҳавола этилган нохуш манзара сабаб ушбу саҳнга тенг бўлган майдонни бошқа ҳудуд — яқин орадаги 171-контурдан ажратиб бериш юзасидан келиб тушган янги таклиф вилоят комиссияси тарафидан рад этилгани боис ҳокимлик ва фуқаро ўртасидаги муносабат қуюшқондан чиққан. Шу ўринда туман ҳокимлигининг тегишли ко­миссия­си чиқарган хулосада чалкаш вазиятни бартараф этишнинг аниқ чоралари кўзда тутилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Би­роқ уқдирилганидек, вилоят комиссиясининг асоссиз хулосаси вазиятни тамомила издан чиқарган.

Туман ҳокимлиги эса, шунга асосланган ҳолда талабгорнинг сўровини рад этган.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 164-моддасида мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўз­лаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қи­лиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир, дея қайд этилган. Кассация босқич суди қонуннинг ушбу талабини янада синчиклаб ўрганди. Аён бўлишича, талабгорнинг ер майдонини бошқа ҳу­дуд­дан ажратиб бериш борасидаги мурожаати туман ҳо­кимлиги тарафидан белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилмагани, вилоят ҳо­ким­лиги комиссияси эса, ўзининг 2018 йил 6 апрелдаги 168-сонли қарори билан аризачи Ш. Раҳмоновга ер ажратиш масаласини маъқул деб топганлигини инобатга олган ҳолда, туман судининг аризачи тарафидан илгари сурилган талабни қаноатлантириш, ер участ­касини кадастр идораси ҳо­зирлаб берган сўнгги чизма ҳужжатлар ва расмийлаштирилган хулоса асосида белгиланган ҳу­дудга кўчириш ҳамда тадбиркорнинг унга бўлган эгалик ҳуқу­қини таъминлаш юзасидан қабул қи­линган ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, ўз кучида қолдиришни мақсадга мувофиқ деб топиш ҳақида қарор чиқарди.

Бу каби ҳолатлар ва маъ­мурий судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишлар маҳаллий ва бошқарув идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уни қонун талаблари асосида ҳал этишда нуқсонлар борлигидан далолат беради. Айнан шу каби бошқа бир ҳолатда шовотлик фуқаро, мазкур туманнинг Ўзбекистон қишлоғида яшовчи Баҳодир Камоловнинг ўз турар жо­йи­га эгалик ҳу­қуқини таъминлаш бўйича қилган мурожаати аввалига туман Ер тузиш ва кадастр маҳкамаси, пировардида эса, дастлабки босқич суди тарафидан ҳам рад этилгани маълум бўлди. Кассация босқич суди шу иш юзасидан аризачи Б. Камоловнинг шикоятини кўриб чиқар экан, унинг собиқ турмуш ўр­тоғи кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга тўсқинлик қилгани ушбу мурожаатни қа­но­атлан­ти­риш йўлидаги жид­дий муаммога айланганини аниқлади. Аммо қо­нун­нинг ўз талаб ва тақозолари бор ва бино этилган иморатнинг ҳа­қиқатан ҳам, мавжудлиги ҳар қандай ҳолатда ҳам эътироф этилмоғи ва унга тегишли кадастр ҳужжатлари сўз­сиз ҳо­зирлаб берилмоғи зарур. Бунинг устига ушбу иморат барпо этилган ўринни аризагўйга ажратиб бериш хусусида собиқ маҳаллий орган 1992 йилдаёқ чиқарган 5/2-сонли қарор ҳам мавжуд.

Таассуфки, бунга оид ҳужжатларни тайёрлаш мажбуриятини зиммасига олган маҳкама ҳам, ишни фуқаронинг шикоят аризаси асосида кў­риб чиққан биринчи бос­қич суди ҳам масаланинг бу жиҳатини эътибордан четда қолдирган. Кассация судлов ҳайъати бунга чек қўйди. Ишни кўриб чиқиш асносида чи­қа­рил­ган қа­рорга биноан кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва уни расмийлаштириш вазифаси Шовот туман Ер тузиш ва кадастр идораси зиммасига юклатилди.

Адолат ва қонунийлик тамо­йи­ли ана шу тариқа қарор топди. Бироқ кишини ўйлантирадиган тарафлари ҳам бор. Башарти, маҳаллий кадастр идораси ўз зиммасидаги бурч ва мажбуриятларини тўла бажо келтиргани, мурожаатни қонуний ҳал этишга астойдил ёндошгани, унинг талабларини тўғри англаганида, бундай масалалар можарога айланмас, талай асаббузарликларга етакламасмиди? Назаримизда, кўпгина идора ва ташкилотларда ишнинг мазкур жиҳатлари ҳамон оқсаяпти. Ва демократия ҳамда қонун устувор жамиятимизда бу янглиғ икир-чикирлар, асоссиз ташвиш ва оворагарчиликларга асло изн берилмаслиги даркор.

Умиджон Расулбердиев,
Хоразм вилояти
маъмурий судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: