ЎН ЕТТИ ЙИЛ КУТИЛГАН ОҚЛОВ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири — инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашдан иборатдир.

Бунда, айниқса, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимоя­ланиш, шахсий дахлсизлик ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқларни самарали муҳофаза этиш доимий эътиборда турибди. Зеро, ҳар қандай демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳи­моясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда фуқаролар ва юридик шахс­ларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қи­лишга олий қадрият сифатида қаралмоқда. Бу судларнинг асосий вазифаси ҳи­соб­ланади.

Кейинги йилларда судларнинг одил судловни амалга оширишдаги холислиги ва мус­тақиллиги кафолатлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар страте­гия­си мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, одил судловни амалга ошириш жараёнларини сифат жиҳатдан ян­ги босқичга кўтарди. Натижада юртимизда чинакам суд мус­тақиллигини таъминлаш сари дадил қадамлар қўйилмоқди.

Шу ўринда бир ҳаётий мисолга эътибор қаратсак: Анваржон Халилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Андижон ви­лоя­тида туғилган, маълумоти олий, «Фарғона» аэропорти директори лавозимида ишлаган. 2002 йилда жиноят ишлари бўйича Давлатобод туман судининг ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан айбдор деб топилган ва 1 йил раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қи­лишга ҳукм этилган. Фақат 1997 йил 3 декабрдаги амнистия актига асосан асосий жазодан озод қилинган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, А. Халилов қандай жиноий қилмишни содир этган эди? У ҳақиқатан ҳам, айбдор эдими?!

Давлатобод туман судининг ҳукмига кўра, А. Халилов «Фарғона» аэропортининг директори лавозимида ишлаб келиб, «Ўзбекистон ҳаво йўл­лари» миллий авиакомпа­ния­си томонидан белгиланган тариф ставкалари бўйича аэропорт­да нормадан ортиқ туриб қолган ҳар бир самолёт учун ундаги юк қийматининг 25 фоизи миқдорида тўлов ундириш лозим бўлса-да, «Мунтазам йўналишдаги, буюртма ва халқаро йўналишдаги ҳа­во кемаларига кўрсатилган ердаги хизматлар баҳоси тўғрисида»ги тариф ставкаларига амал қилмасдан, уларга ўзгартириш киритган.

Шу тариқа белгиланганидан 7 327 168 сўм кам ҳақ ундирилишига йўл қўйган. Оқи­батда «Ўзбекистон ҳаво йўл­лари» миллий авиакомпанияси манфаатларига жиддий зиён етказганликда айб­дор деб топилган.

Ўша пайтда А. Халиловнинг суд ҳукмидан норози бўлиб ёзган шикоятлари бирон-бир натижа бермади, у адолатни қарор топтириш мақсадида, турли идораларга мурожаат қи­либ, чарчади.

Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси кучга киргани ва суд-ҳуқуқ тизимида бошланган ижобий ўзгаришларгина унга ўзининг ҳақ эканини исботлаши учун имкон яратди. А. Халилов Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят аризаси билан мурожаат қил­ди.­

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан А. Халиловга тегишли жиноят иши атрофлича ўрганиб чиқилди. Унинг шикояти қаноатлантирилди ва ушбу жиноят иши апелляция инстанциясида кўриш учун юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясида А. Халилов айб­сизлиги ҳақида важлар келтириб, ўзига нисбатан оқлов ажрими чиқаришни сў­ради.

Апелляция инстанцияси суд мажлисида фуқаровий даъвогар вакили М. Бурнашев «Фарғона» халқаро аэропортида бош ҳуқуқшунос вазифасида фаолият юритиб келиши, А. Халилов ишлаган даврдаги ҳужжатларни батафсил ўргангани, 1994-1997 йилларда аэропорт ўз кўрсаткичларини зарар билан якунламагани аниқлангани, шу боис А. Халиловга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқ эканини билдирди.

Биринчи инстанция судида, шунингдек, гувоҳ А. Салоҳиддинов Фарғона вилоят назорат-тафтиш бошқармасида фао­лият­ юритиши, аэ­ропорт­нинг 1994-1996 йиллардаги фао­лия­ти бў­йи­ча тафтиш ўтказгани, А. Халилов ишлаган даврда 7 327 168 сўм кам ҳақ олингани, аммо бу олинмаган тўловлар бухгалтерия ҳисоботларида зарар бўлиб кў­ринмаслиги, аэропортга моддий зарар етказилмагани ҳақида кўрсатма берди.

Шунингдек, апелляция инс­танцияси суд мажлисида «Ўз­бекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Бош директорининг 1996 йил 31 майдаги 238-сонли буйруғига асосан, ҳар бир аэропорт раҳбарига хизмат кўр­сатиш ҳақида мустақил шарт­номалар тузиш ҳу­қуқи берилганига эътибор қа­ратилди. Хусусан, Фарғона вилоят молия бошқармаси номига 1996 йил 24 декабрда юборилган хатда «Фарғона» аэропортига тўхташ жо­йи учун хизмат нархларини мустақил равишда белгилашга рухсат берилгани, «Ўзбекистон ҳаво йўл­лари» миллий авиакомпаниясининг 1994-1997 йилларда «Фарғона» аэропорти ўз фаолиятини фойда билан якунлагани жиноят ишида мавжуд ҳужжатлар асосида тасдиқланди.

Бундан ташқари «Ўзбе­кис­тон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси томонидан 1998 йил 24 июлда судга тақдим этган маълумотномада А. Халилов томонидан «Фарғона» аэропортига моддий зарар етказилмагани қайд этилган. 

Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи А. Халилов мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиб, «Ўзбекистон ҳаво йўл­лари» миллий авиакомпанияси манфаатларига жиддий зиён етказганини исботловчи далиллар тўп­ланмаган ва бундай далилларни тўп­лаш имкони бўл­маган.

Шу ўринда қонун талабига эътибор қаратсак, Жиноят процессуал кодекснинг 83-моддаси 2-бандида судланувчи, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши лозимлиги белгиланган.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2018 йил 4 августдаги «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғ­рисида»ги қа­рори 34-бандида берилган тушунтиришларга кўра, апелляция инстанцияси су­ди айблов ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришга ҳақлидир.

Юқорида қайд этилган асосларга кўра, апелляция инстанцияси А. Халиловнинг ҳаракатида мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жиноятининг таркиби йўқлиги сабабли уни айбсиз деб топди. Жиноят-процессуал кодекснинг 83-моддаси 2-бандига асосан А. Халиловни реабилитация қил­ди ва жиноят ишини тугатди.

Ўз навбатида, оқланган А. Ха­лиловга ўзига етказилган мулкий ва маънавий зиён оқибатларини бартараф қи­лиш юзасидан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

Оқланиш — бу чинакам қу­вонч, юзи ёруғлик. А. Халилов ҳам кўп йиллардан буён елкасидан босиб турган оғир юкдан халос бўлди, оиласи, яқинлари, маҳалла-кўй олдида юзи ёруғ бўлди.

Дилфуза Аҳмадалиева,
жиноят ишлари бўйича
Наманган вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: