ОНАЛИК ҲУҚУҚИ — ИНСОНИЙЛИКНИНГ БОШ МЕЗОНИ

Оилада фарзанд дунёга келса, бу — ота-она учун катта бахт. Шу билан бир қаторда, боланинг ўсиб-улғайиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш улкан масъулият ҳамдир.

Айни чоғда, ёшлар тар­бия­си жамият ва давлатнинг доимий эътиборидаги устувор ва­зифа ҳисобланади. Бугунги кунда бу йўналишда амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар айнан келажагимиз эгалари — фарзандларимизнинг эртанги куни порлоқ бўлишини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Оилаларни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, таълим ва спортни ривожлантириш, бу соҳада давлат сиёсатини кучайтириш ҳамда маҳалланинг ролини ошириш каби жиҳатлар шулар жумласидандир.

Айтиш керакки, Конститу­циямизда болаларнинг таълим олиш, сифатли тиббий хиз­матдан фойдаланиш, ижод эркинлиги, ота-оналар ва давлатнинг ғамхўрлик кўрсатишига оид ҳуқуқлари мустаҳкамланган.

БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган «Бо­ла ҳуқуқлари тўғ­ри­сида»ги конвенциянинг асосий мазмуни ўз ифодасини топган Ои­ла кодекси, «Бола ҳу­қуқ­ла­ри­нинг кафолатлари тўғ­­­рисида»ги қонун ва бош­қа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, ои­лаларга ғам­хўрлик кўрсатиш, жа­мият ва давлатнинг бу борадаги ишларни кенг кў­ламда давом эттиришида муҳим омил бўлмоқда.

Албатта, ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом ва зеҳнли, касб-ҳунарли ва эл-юртига содиқ бўлиб вояга етишини истайди.

Мамлакатимизда бу улкан мақсадни амалга ошириш истиқлол йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қи­лиш, етимликнинг олдини олиш, аҳо­ли ва ёш­лар орасида мустаҳкам оила қуришга масъулият билан ёндашишни тар­ғиб қилиш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда ҳаётий бир мисолга эъ­тибор қаратадиган бўлсак, Олесия Виталева (исм-шарифлар ўзгартирилган) Ҳайитали Раҳимов билан турмуш қуради. Улар 2010 йилда қиз фар­занд­ли бў­либ, исмини Меҳрибону қў­йи­шади.

Аммо оилавий муҳит яхши бўлмаган. Эр-хотин турли келишмовчиликлар туфайли доимо ўзаро жалжаллашиб келишган.

Шундай жанжалларнинг бири оғир фожиа билан тугайди. Ҳ. Раҳимов ҳаётдан бевақт кўз юмади.

О. Виталиева эса, айбдор деб топилиб, тегишли муддатга озодликдан маҳ­­рум этилади.

Онаси озодликдан маҳрум этилгач, Меҳрибону Раҳимова Хонобод шаҳар ҳокимининг хулосасига асосан 2013 йилда Андижон шаҳридаги Меҳрибонлик уйига топширилади.

Орадан бир неча йил ўтгач, 2017 йил 7 февралда Олесия жазони ижро этиш муассасидан муддатидан аввал озодликка чиқарилади. Бу орада у қизидан хабар олмайди. Бу­нинг сабаби оддий: уни ўз онаси уйига киритмайди. Қо­ла­верса, Олесиянинг ўзи ҳам қийинчиликлар ичида экани учун қизидан хабар олишга имкон тополмайди.

2018 йил давомида қизидан хабар олмагани учун Хонобод туман прокуратураси томонидан киритилган даъво аризасига кўра, Олесия фуқаролик ишлари бўйича Қўр­ғонтепа туманлараро судининг 2018 йил 7 ноябрдаги қарори билан оналик ҳуқу­қи­дан маҳрум этилади. У бу қа­рордан норози бўлиб, вилоят судига шикоят қилади.

Аммо суд қарори ўз кучида қолади. Аслида, Олесия ои­ла­сини йўлга қўй­гач, қизини олиб келиб, бирга яшашни ният қилган.

Бу орада Олесия Александр исмли шахс билан қо­нуний никоҳдан ўтиб турмуш қуради. Улар алоҳида уй олиб, бирга яшай бошлашади.

Олесия турмуш ўртоғига қизини олиб келиб, бирга яшаш ниятида эканини айтади. Александр бунга қарши эмаслигини, ҳатто қизга оталик қи­лишга рози эканини билдиради.

Шундан сўнг Олесия Виталева судга даъво аризаси билан мурожаат қи­либ, ўз фарзанди — 2010 йил 8 ап­релда туғилган Меҳрибону Раҳимовага нисбатан оналик ҳу­қуқини тиклашни сў­райди.

Фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг 2019 йил 12 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинади.

Олесия ҳал қилув қарори устидан Ан­дижон вилоят судига апелляция ши­коя­ти беради. У ҳал қилув қарори­ни бе­­­кор қилиш ва даъвони қаноат­лан­ти­ришни сўрайди.

Апелляция инстанцияси су­ди томонидан сайёр тартибда Хонобод шаҳар «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғини­да ўтказилган суд мажлисида О. Виталеванинг қўш­нилари Т. Попова ва Л. Зокирова гувоҳ сифатида сўралди.

Улар О. Виталиева ва унинг турмуш ўртоғи А. Алпатов яхши қўшни эканлиги, бирор марта низолашмагани, спирт­ли ичимлик ичганини ёки би­рор шахс билан жанжаллашганини кў­риш­ма­гани, камсуқум ва камтарин инсонлар эканини билдиришди.

Олесиянинг қайнонаси О. Алпатова гувоҳ сифатида кўрсатма бериб, келинининг Меҳрибону исмли қизи бор­лигидан хабардорлигини, келини ўғ­ли билан 2018 йилда турмуш қургани, О. Виталиеванинг қизини набираси сифатида тарбиялашни хоҳлашини, ўғли ҳам даъвогарнинг қизини келгусида фарзандликка олмоқчи эканини билдирган.

Суд мажлисида тушунтириш берган манфаатдор шахс — Александр Олесия билан қонуний турмуш қурганлигини, унинг қизи Меҳрибонуни тани­ши­ни, бир неча маротаба болалар шаҳарчасига бориб кўрганини, бола уни «дада» деб аташини, ўзининг фар­занди бўл­маганлиги учун келгусида фарзандликка олиш нияти борлигини маъ­лум қил­ди.

Суд мажлисида иштирок этган васийлик ва ҳомийлик органи вакили М. Ашурматова ўзининг тушунтиришида дастлаб биринчи инстанция судида ишни кўриш жараёнида О. Виталиева бир хонали уйда яшаганлиги са­баб­ли болани тарбиялаш учун шароит мавжуд эмаслиги ҳақи­да хулоса берилганини айтди.

Лекин ҳозирги вақтда О. Виталиева икки хонали уйга кўчиб ўтиб, бола учун алоҳида хона тайёрлаганлиги учун унинг шароити ва хулқ-атвори қайтадан ўрганилганлиги, васийлик ва ҳо­мийлик органи О. Виталиеванинг оналик ҳуқуқини тиклаш ҳақида хулоса беришини, оналик ҳуқуқи тикланиши бо­ла манфаатларига мос келишини таъкидлади.

Аппеляция инстанцияси суди иш­ни кўриб чиқиб, тарафлар ва мутахас­сиснинг тушунтиришларини, гувоҳлар кўрсатмаларини, прокурор фикрини эшитиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди.

Суд янги ҳал қилув қарори қабул қил­ди ва даъвогар Олесия Виталиеванинг оналик ҳу­қуқини тиклаш ҳақи­даги даъвосини қаноатлантирди.

Албатта, оналик имтиёз эмас, реал ҳуқуқдир. Оналарга бундай сийловни Яратганнинг ўзи раво кўрган. Токи она ўрнини бошқа ҳеч ким боса олмас экан, бу табаррук номга доғ туширмасдан эъзозлаш оналарга — масъулият, болаларга эса, бирламчи бурчдир. Бу­ни эсдан чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Нурилло Шамсиддинов,
фуқаролик ишлари бўйича
Андижон вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: