ОИЛАНИ АСРАШГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛ

Тошкент вилояти Қибрай туманида оилавий муносабатлар ва мол-мулк сабаб ўзаро низолашган оилаларни яраштиришга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ташкилотчи идора масъуллари, ФҲДЁ ходимлари, имом-хатиблар, мулк низоси ёки эр-хотин муносабати бузилиши сабаб оиласида тинчлиги йўқолган 60 дан зиёд оила вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқини сўзсиз ҳимоя қилиш, айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар мустаҳкамлиги ва бахтли яшашини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.

Мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамкорлигида нотинч оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жумладан, қариндошлар ўртасида ўзаро мулк талашиш, эр-хотин, қайнона-келин ва бошқа оилавий муносабатларда ўзаро низолашганларни яраштириш, ўзаро муросага келтириш борасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

“Бўстон” сиҳатгоҳида ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқотда ҳам оила, унинг муқаддас қўрғон экани, муқаддас динимиз ва миллий қонунчилигимизда оилани мустаҳкамлаш бўйича белгиланган талаблар, халқимизга хос миллий қадриятлар, ўзаро меҳр-оқибат, оилавий муносабатлар аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ўзаро оилавий низолашиш каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, эр ва хотин масъулияти, уларнинг бир-бири олдидаги бурч ва ҳуқуқлари, бахтли ва тинч-тотув яшаш асослари ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди.

Очиқ мулоқот, самимий суҳбат натижасида 3 та оилага қувонч, бахт ва тўкислик қайтди. Яъни, 3 та оила яраштирилди. Эътиборли жиҳати, ушбу оилалардаги 5 нафар фарзанд барча қатори энди ота-онаси бағрида, уларнинг меҳрига қониб вояга етадиган бўлди.

Шунингдек, тадбирда 2 та мерос ва уй-жой низоси тарафларни яраштириш орқали ҳал этилиб, улар ўртасидаги қариндошлик ришталари сақлаб қолинди. Бошқа оилавий масалаларда мурожаат қилган 14 фуқаронинг муаммолари жойида ҳал этилиб, 20 нафардан зиёд фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Тадбир доирасида “Ота”, “Фарзанд омонат” номли қисқа метражли видеофильмлар, аёллар ва вояга етмаганлар жазони ижро этиш муассасаларидан олинган видео лавҳалар намойиш этилди.

ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: