НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ТАДБИРКОР СУДНИНГ АПЕЛЛЯЦИЯ БОСҚИЧИДА ОҚЛАНДИ
Маълумки, Президентимиз томонидан судлар олдига қўйилган адолатни қарор топтириш, ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариш каби вазифалар амалга қатъий жорий этилаётгани ўз самарасини бермоқда. Судлар томонидан асоссиз айбланган шахсларнинг оқланаётгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясида Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор М. Асқаров ва Нодир Офариновга нисбатан кўрилган иш ҳам шулар жумласидандир. Хўш, М. Асқаров ва Н. Офаринов қайси қилмиши учун айбдор деб топилган эди?
Гап шундаки, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2019 йил 18 июндаги ҳукмига биноан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган М. Асқаров 2017 йил 27 декабрда «Халқ банки»нинг Қиргули филиалига ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш мақсадида, «Мақсад кўркам орзуси» оилавий корхонасидан тикув дастгоҳлари сотиб олиш учун 150 миллион сўм миқдорида кредит ажратишни сўраб мурожаат қилади. Кредит таъминоти сифатида эса, тадбиркор ўзининг Марғилон шаҳар Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган 310 590 000 сўмлик қаҳвахонаси, гўшт дўкони ва чойхона, 149 300 000 сўмлик ишлаб чиқариш цехи ҳамда фуқаро Э. Турдиевга тегишли баҳоси 84 631 000 сўмлик «Кобальт» русумли автомашинани гаровга қўяди. Натижада унга йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти ва 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга 150 миллион сўм кредит ажратилади.
Шундан сўнг М. Асқаров «Мақсад кўркам орзуси» оилавий корхонасидан 57 000 000 сўмлик тикув дастгоҳларини сотиб олиб, фаолиятини бошлайди. Аммо у Н. Офаринов билан тил бириктириб, банкка 2017 йил 11 ноябрда «Фарғона Зулфизар Омади» масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган 481/11 ва 481/12-сонли қўшимча шартномаларни тақдим қилади. Оқибатда 2017 йил 30 декабрь куни кредитнинг 93 000 000 сўми масъулияти чекланган жамиятига ўтказиб берилади. Бунинг эвазига эса, 31 дона тикув дастгоҳлари қабул қилиб олинади. Бироқ М. Асқаров ва Н. Офаринов 2018 йил январь ойида дастгоҳларни «Ёқут қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р. Ҳамидовга сотиб юборишади. Бу ҳаракатлари билан улар кредитдан мақсадсиз фойдаланиш баробарида шунча маблағни ўзлаштиришади.
Пировардида уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан эса, Музаффар Асқаров Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а”, “в”-бандлари, Н. Офаринов Жиноят кодексининг 28,167-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в”-бандлари билан айбдор деб топилади. М. Асқаровга энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари ва 1 йилу 9 ой 16 кун озодликни чеклаш, Н. Офариновга эса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари ва 1 йилу 6 ой 19 кун ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланади.
Суднинг бу ҳукмидан норози бўлган М. Асқаров ва Н. Офариновнинг ҳимоячилари бирга апелляция шикояти билан мурожаат қилишди. Шу боис жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди жиноят ишини синчиклаб ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, юқорида қайд этилган 93 000 000 сўм миқдоридаги кредит маблағи М. Асқаров томонидан эмас, балки банк ходимлари «ташаббуси» билан гўёки тикув дастгоҳлари сотиб олингандек «Фарғона Зулфизар Омади» масъулияти чекланган жамиятига ўтказилган. Аслида, масъулияти чекланган жамиятидан ҳеч қандай дастгоҳ сотиб олинмаган. Сўнгра юқоридаги маблағ «Фарғона Зулфизар Омади» масъулияти чекланган жамиятидан «Ёқут қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамиятига ўтказиб берилган. Ушбу маблағ эвазига «Ёқут қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамиятининг муқаддам олган кредит қарзи ёпилган. Лекин Республика Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси банкнинг Қиргули филиали манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига даъво аризаси киритган. Даъво аризасида кредит ва унга ҳисобланган фоизлар эвазига 159 736 803 сўм қарздорликни ундириш ҳамда ундирувни гаровдаги мулкларга қаратиш сўралган. Суднинг 2018 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ даъво қаноатлантирилган. Яъни банк ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракати туфайли тадбиркор айбсиз айбдорга айланган.
Айтиш керакки, Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори 5-бандида ҳукм Жиноят-процессуал кодексининг 26, 90, 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши, 6-бандида ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлиши белгиланган.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз бергани, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги, кодекснинг 83-моддасида эса, иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши қайд этилган.
Ана шу асосларга таянган суд жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2019 йил 18 июндаги ҳукмини бекор қилиб, М. Асқаров ва Н. Офариновни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга, суд томонидан «Халқ банки»нинг вилоят филиали айбдор ходимлари жавобгарлигини ҳал қилиш юзасида ажрим чиқарилиб, Фарғона вилоят прокуратурасига юборилди.
Мана, шу тариқа асоссиз айбланган тадбиркорнинг юзи ёруғ бўлди.
Албатта, айни пайтда судлар фаолиятидан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Зеро, судлар чинакам адолат қўрғонига айланиши керак. Бу эса, ҳамюртларимиздаги Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлайди.
Раҳматжон АРАПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
«Куч – адолатда» мухбири
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 8 ноябрь)
Фикр қолдириш