ТЕРГОВЧИЛАР АЙБДОР ҚИЛГАН ФУҚАРОНИ СУД ОҚЛАБ БЕРДИ

Марғилонда бўлиб ўтган судда фуқарога жазо тайинлашни сўраган масъулияти чекланган жамияти ходимининг ўзи айбдор бўлиб чиқди ҳамда 10 миллион сўм маънавий зарар тўлайдиган бўлди.

Шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшаётган янги уй-жойларнинг қурилаётгани ва узоқ муддатга кредитга берилаётгани аҳолига катта қулайлик яратмоқда. Замонавий ва шинам уйларда яшаётганларнинг қувончи чексиз. Бироқ ҳамма ерда ҳам шундаймикан? Узоқ муддатга, кредит асосида сотиб олган хонадонидан кўнгли тўлмаётганлар ҳам бор.

Чунки қурилиш ташкилоти айрим ҳолатларда сифатли иш бажармасдан янги хонадон эгаларини ташвишга солиб қўймоқда.

Марғилон шаҳрида қад кўтарган кўп қаватли хонадонларнинг бирида бўлиб ўтган воқеага ҳам шу сабаб бўлди. Жорий йилнинг январ ойида “Водий пар сервис” масъулияти чекланган жамиятининг электр пайвандчиси Акрам Комилов Зуҳро маҳалласида қуриб фойдаланишга топширилган кўп қаватли уй хонадонларида бўлиб, уй эгаларидан бажарилган электр-монтаж ишлари сифати ҳақида тилхат беришларини сўрайди. Шунда янги уй эгаларидан бири Ойбек Юнусов қурувчи билан шартномада кўрсатилган шартлар тўла бажарилмагани, хонадонни ўзи таъмирлагани, подъезддаги электр симлари чиқиб ҳаёт учун хавф туғдираётгани, бу ҳақда жамиятни бир неча маротаба огоҳлантирганига қарамай бу муаммо бартараф этилмагани учун ҳам тилхатга имзо қўя олмаслигини билдирган. Электр-монтёр А. Комиловнинг эътирозидан аччиқланиб, унга тинч яшашни истаётган бўлса имзо қўйиши шарт эканини айтгач орада низо келиб чиққан.

Бу пайтда фақат шу хонадонда электр ўчгани маълум бўлди. Бунга аниқлик киритиш мақсадида ташқарига чиққан уй эгасини электр-монтёр шериги билан келиб дўппослай кетади. Охир оқибат О. Юнусов МЧЖ ходимининг кўкрагидан итариб юборади. Электр-монтёр боши билан йиқилиб жароҳат олади…

О. Юнусовга мазкур ҳолат бўйича, яъни А. Комиловнинг соғлиғини қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказган деб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 109-моддасининг 2-қисми билан айб эълон қилиниб, судга берилган.

Фуқаро ва электр-монтёр бўлиб ўтган воқеа ҳақида дастлабки тергов жараёнларида бир-бирига қарама-қарши кўрсатмалар беришди. Тергов органи ходимлари эса ўз ишига масъулият билан ёндашмай, ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан ўрганмаган. О. Юнусовни жиноят содир этганликдаги айбини сўзсиз тасдиқловчи холис далиллар тўпланмаган. МЧЖнинг вакили жамият манфаатини кўзлаб, қандай бўлмасин, хонадон эгаларидан тилхат олишга эришиш мақсадида ҳар қандай усулдан фойдаланиши мумкинлиги танқидий нуқтаи назарда ўрганиб чиқилмаган. Суд жараёнида тергов органининг йўл қўйган камчиликлари бартараф этилди. А. Комилов ва Р. Отажоновларнинг безорилик қилиши оқибатида мазкур ҳолат рўй берганлиги ойдинлашди.

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди. О. Юнусов Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 109-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этилишида айбсиз деб топилиб, оқланди. А. Комилов ва Р. Отажоновларга эса уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, фуқарога етказилган маънавий зарарни қоплайдиган бўлишди. Тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликларга жалб қилиш тўғрисида хусусий ажрим чиқарилди.

– Ноҳақликдан норози бўлиб юргандим, – дейди О. Юнусов. – Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан жиноят иши тўлиқ ва одилона кўриб чиқилиб, адолат қарор топди. Айбсиз эканлигим исботланганидан бахтиёрман.

ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: