КРЕДИТОРЛАРНИ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Президентимиз жорий йил 22 октябрда «Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Мазкур қонунни қабул қи­лишдан мақсад — кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қи­лишни такомиллаштириш ва мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашдан иборатдир. Бунда Ўз­бе­кистоннинг халқаро рейтингини, ишбилармонлик даражасини янада оширишда мулкни гаровга қўйиш, лизингга ёки маж­бу­риятни таъминлашнинг бошқа шаклларига беришнинг амалдаги механизмларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш кўз­да тутилмоқда.

Бугунги кунда банклар томонидан гаровга олинган мулк қиймати ажратилган кредит миқдоридан кўп бўл­ган ҳолларда ҳам ушбу гаров предметини, яъни мулкни нав­батдаги гаровга қабул қилиш амалиёти қўл­ла­нил­маяпти. Шу муаммони бартараф этиш зарурияти амалдаги қонунчиликга тегишли ўзгартириш ва қў­шимчалар киритишни тақозо этди.

Мазкур янги қонунни ишлаб чиқишда тегишли норматив-ҳуқуқий база, 10 га яқин хорижий давлат қонунчилиги, шунингдек, халқаро молия институтлари тажрибаси ўр­ганилган.

Янги қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси саккизинчи қисм би­лан тўлдирилди. Яъни мол-мулкни хатлаш тўғрисида қарор чиқарилгандан ке­йин­ суриштирувчи ёки терговчи томонидан гаров реест­рига бир кун ичида тегишли ёзув киритилиши, мол-мулкни хатлаш ҳақида суд ажрими чиқарилгандан кейин­ эса, қонун ҳужжатларига му­вофиқ ваколатли бўл­ган ор­ганлар томонидан уч сутка ичида шундай ёзув киритилиши белгиланди. Ушбу меъёрлар 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Гаров реестри тўғ­рисида»ги қонуннинг тегишли моддаларига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш билан уйғунлаштирилди.

Шунингдек, Фуқаролик кодексига кредиторларнинг талабларини қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида берилган мол-мулки ҳисобидан қаноатлантириш бўйича қўшимча киритилди. Яъни ушбу кодекс 259-1-модда билан тўлдирилди.

Эндиликда карздор ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, кредиторнинг мол-мулк билан таъминланган мажбуриятлар бўйича талаблари ушбу мол-мулкнинг қийматидан мазкур мол-мулк ўзига тегишли бўлган шахснинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли равишда қаноатлантирилади.

Қонунда, шунингдек, кредиторнинг имтиёзли ҳуқуқи, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкидан фойдаланишдан ёки уни реализация қи­лишдан олинган ҳосилга, маҳсулотга ва бошқа даромадларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгилаб қў­йилди.

Мазкур қўшимчада халқаро қонунчиликнинг энг илғор амалиёти ҳамда Бирлашган миллатлар ташкилотининг Хал­қаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси томонидан қабул қилинган тавсияларга мувофиқ, қарздорларнинг мол-мулки ва бошқа мулкий ҳуқуқ­лар билан таъминланган кредиторлар талаблари нав­батини бир хил ва аниқ белгилаш тартибини қўллаш назарда тутилган.

Бундан ташқари янги қо­нунда гаров тушунчаси ва унинг вужудга келиш асослари амалиётдан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди. Жумладан, гаров тўғрисидаги шартнома, унинг шакли ва шартномани рўйхатдан ўт­казишга доир моддасига тегишли қўшимча киритилди.

Натижада бундан буён гаров нарсаси мол-мулкни умумий тавсифлаш орқали белгиланиши мумкин. Таъминланадиган мажбурият эса, унинг максимал суммасини кўрсатиш йўли билан тавсифланади.

Бу ўзгартиришлар қарздорлар учун зарур маблағни, хусусан, олдинги кредитордан навбатдаги гаровни таъминлаш учун мулкини сўраш заруратисиз навбатдаги гаров механизми воситасида молиялаштиришни таъминлаш имкониятини беради.

Бунда олдинги гаровга олувчиларнинг ҳуқуқлари «Гаров реестри тўғрисида»ги қонун билан ҳимоя қилинади. Бу қонунда реестрга ёзув киритилган пайтга қараб, талабларни қаноатлантириш ҳуқу­қи белгиланган.

Ўз навбатида, Иқтисодий процессуал кодексга киритилган ўзгартиш билан ундирувни қарздорнинг маж­бу­рият­лари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкга қаратиш назарда тутилган. Ушбу ўзгартишлар қарз­дорнинг таъминот нарсасини ундириш мажбуриятла­рини иж­­­­­ро этишни мулкий таъ­минотни ундириш бўйича суд буйруқларини зудлик билан — қиймати йўқолмаслиги учун тезроқ сотиш, қарз­дорнинг мол-мулкни ўғирлашига йўл қўймаслик каби мақсадларга қаратилган.

Статистик маълумотларга кўра, иқтисодий судлар томонидан 2018 йилда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолари билан боғлиқ жами 403 минг 344 та иш кўриб чиқилган. Шундан 27 минг 790 та, яъни 6,8 фоиз иш кредит шартномаларидан келиб чиққан низоларни ташкил этади.

Жумладан, контрактация шартномалари юзасидан мажбуриятларни бажариш учун банк томонидан ажратилган имтиёзли кредит қарзларни ундириш бўйича 20 минг 127 тадан ортиқ, яъни 72,4 фоиз иш кўрилган. Бунда фермер хўжаликларига нисбатан 637 миллиард 108 миллион сўм қарздорликни ундириш масаласи муҳокама қилинган.

Судлар томонидан кредит шартномаларидан келиб чиққан низолар бўйича киритилган 27 минг 790 та даъво аризасининг 25 минг 373 таси —91,3 фоизи қаноатлантирилган. Даъво талабидаги 2,7 триллион сўмнинг 1,7 триллион сўми ундирилган.

Мазкур тоифадаги ишлар бўйича киритилган даъво ари­заларининг 1 минг 969 тасини қаноатлантириш рад этилган, 218 таси кўрмасдан қолдирилган ва 230 таси бў­йича иш юритиш тугатилган. Низо бўйича иш юритиш тугатилган 230 та ишнинг 99 таси, яъни 43,04 фоизига тарафлар ўртасида тузилган келишув битими асос бўл­ган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида эса, жами 46 минг­та иш кўриб чиқилган. Шундан 2 минг 924 таси кредит шартномаларидан келиб чиққан низолар бўйича кўрилган ишлардир.

Судлар томонидан ана шу даъво аризаларининг 2 минг 574 таси, демакки, 88,03 фоизи қаноатлантирилган. Даъво талабидаги 431,4 миллиард сўмдан 229,4 миллиард сўм ундирилган.

Мазкур тоифадаги ишлар бўйича киритилган даъво аризаларининг 267 тасини қаноатлантириш рад этилган, 27 таси кўрмасдан қолдирилган ва 56 таси бўйича иш юритиш тугатилган. Низо бў­йича иш юритиш тугатилган 56 та ишнинг 41 таси бўйича тарафлар ўртасида келишув битими тузилганлиги асос бўлган.

Бу ишларнинг 71 таси (2,4 фоизи) апелляция инстан­ция­си судида қайта кўрилган. Шундан 54 таси бўйича суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган бўлса, 10 таси ўзгартирилган, 7 таси эса, бекор қилинган.

Янги қонунга кўра, Со­лиқ кодексининг 60-моддаси со­лиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома билан бир вақтда, давлат со­лиқ хизмати органи томонидан солиқ қарзи белгиланган муддатда қопланмаган тақдирда, ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратиладиган миқдордаги солиқ қарзи сум­масини кўрсатган ҳолда гаров реест­рига ёзув киритилиши билан боғлиқ жумла би­лан тўлдирилди. Бунда ёзув солиқ қарзи тўлиқ қопланганидан ёки ҳисобдан чиқарилганидан кейин гаров реестридан ўчирилади.

Шунингдек, янги қонун билан Фуқаролик процессуал кодекси 171-модда 9-банд билан тўлдирилди. Эндиликда ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса, суд буйруғи берилади.

1999 йил 14 апрелда қабул қилинган «Лизинг тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бундан мақсад — лизинг объектини гаровга тенг деб тан олиш ва мазкур битимни мул­кий таъминот деб эътироф этишдир.

Бунда гаров, лизинг, мулк ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда сотиш, воситачилик, мулкни хатлаш ва бошқа соҳаларни ўз ичига олувчи таъминотнинг барча турлари учун бир хил ҳуқуқий тартибот яратиш кўзда тутилган. Бундай ёндашув кредиторлар ва қарздорларга ўз ҳуқуқий муносабатларини янада мослашувчан тарзда йўлга қўйиш имконини бериб, мамлакат иқтисодий ривожланишига замин яратади.

Шунингдек, янги қонун билан Божхона кодексига ҳам қарздорлик юзага келганда қарздорнинг мол-мулкига нисбатан божхона органларининг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестрига киритишни назарда тутувчи ўз­гартишлар киритилди.

Шунингдек, амалдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилиб, битим шак­­лидан қатъи назар, мол-мулк таъминот сифатида фойдаланилаётган барча битимлар учун бир хил ҳуқуқий шароитни яратиши белгилаб қўйилди. Бу ўз нав­батида, та­рафлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни соддалаштириш имконини беради.

Шу билан бирга, янги қонун билан қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ҳамда уни реализация қилиш жараёнларига ҳам ўзгаришлар жорий этилган.

Бундан ташқари «Банкротлик тўғрисида»ги қонунга ҳам тегишли қўшимча киритилди. Хусусан, банкротлик иши қўзғатилишидан олдин тузилган шартномалар бўйича кредиторларнинг ҳуқуқлари банкротлик тартиб-таомиллари жараёнида қарздорнинг эгалигига келиб тушган мол-мулк­ка, шу жумладан, таъминот сифатида олдин тақдим этилган маҳсулот ва даромадларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қў­йилди.

Янги қонун билан «Ипотека тўғрисида»ги қонуннинг 50-моддаси иккинчи қисмига, яъни гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган суммаларни тақсимлаш тартибига ҳам ўзгартиш киритилди. Эндиликда талабларни ипотека ҳисобидан қаноатлантиришнинг бир хилдаги навбати белгиланадиган бўл­ди.

Хулоса қилиб айтганда, буларнинг барчаси, шуб­ҳасиз, аҳоли ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, Ўзбекис­тоннинг халқаро рейтинги, молия тизими барқарорлигини оширишга ва муддати ўтган кредитларнинг қисқартирилишига хизмат қилади.

Илҳом Ражабов,
Тошкент туманлараро
иқтисодий суди судьяси,

Шавкат Гайбердиев,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди катта консультанти

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: