ОДАМ САВДОСИ – ҚУЛЛИК ЭВАЗИГА КЕЛАЁТГАН БОЙЛИК ТУФАЙЛИ БАРҲАМ ТОПМАЁТИР
Маълумотларга қараганда, дунё бўйича одам савдосидан олинаётган йиллик даромад айланмаси 19 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган.
Бу жиноятдан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир ва уларнинг 600-800 минг нафари ҳар йили алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, 127 мамлакатда одам савдоси билан шуғулланилмоқда, 98 давлат транзит вазифасини ўтамоқда.
Бу рақамлар Тошкентда ташкил этилган “Одам савдосига қарши курашишда судларнинг ўрни” мавзудаги халқаро конференцияда тилга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Венгрия, Грузия, Греция, Италия, Испания, Қозоғистон, Кипр, Қирғизистон, Тожикистон, Латвия, Португалия, Россия, Украина, Сербия, Словакия, Словения, Буюк Британия, АҚШ, Франция каби мамлакатлардан экспертлар иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева халқаро анжуман иштирокчиларини қутлаш билан бирга Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш борасида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Болалар меҳнатига барҳам берилди, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда одам савдосига ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар сақланиб қолаётир.
Шунга барҳам бериш мақсадида жорий йил июль ойида Президентимизнинг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди.
Миллий комиссия одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича иш олиб бормоқда.
Кейинги вақтда 250 дан ортиқ шахс ушбу масалада маъмурий жавобгарликка тортилди.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини белгилайдиган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланган.
Анжуманда Олий суд раиси Козимжон Комилов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва бошқалар инсонни барча ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, “замонавий қуллик”ка маҳкум этаётган одам савдосининг хавфли жиҳатларига тўхталиб ўтди. Бундай жиноятлар учун жазонинг муқаррарлиги таъминланаётганига қарамай бундай манфур қилмиш ҳамон учраб турибди.
Ўзбекистон ушбу жиноятга қарши курашиш билан бирга шу йўналишдаги халқаро шартномаларни ҳам бажариб келмоқда.
ЕХҲТнинг одам савдоси бўйича махсус вакили ва координатори Валиант Ричи, ШҲТ бош котиби ўринбосари Айзада Субахожаева, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор трансмиллий характерга эга бу жиноят турли жиноий гуруҳларнинг мислсиз фойда оладиган даромад манбаига айланиб бораётгани учун ҳам барҳам топмаётганини таъкидлади. Шунинг учун бу борада давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш жуда муҳим. Бу борада давлат иштирокидаги йирик тузилмалар имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, ҳар бир давлат иқтисодий муаммоларига эътибор қаратиши, ишсизликка барҳам беришга қаратилган чоралар амалга оширилиши зарур.
Халқаро экспертлар замонавий ахборот технологиялари ҳам замонавий қуллик учун замин яратаётгани, одамларни ёлғон ваъдалар билан авраш ва “қармоққа илинтириш”да қўл келаётганига эътибор қаратди. Бунга қарши, албатта, зарур тарғиботни кучайтириш, одамларни огоҳ этиш керак бўлади.
Конференцияда одам савдосига оид жиноятларни судларда кўриб чиқиш билан боғлиқ илғор тажрибалар, қонунийликни таъминлашда юқори судларнинг ўрни, халқаро суд ҳамкорлиги каби йўналишларда маърузалар тингланиб, муҳокама қилинди.
ЎзА
Фикр қолдириш