“МАШИНАФУРУШ” ФИРИБГАР

Мамлакатимизда аҳолининг реал даромадлари йилдан-йилга кўпайиб, моддий фаровонлиги ортиб бормоқда. Буни кўплаб хонадонларда бир эмас, бир неча автомашиналарга эга бўлаётганидан ҳам билса бўлади. 

Айни пайтда ҳамюртларимиз орасида ўз шахсий автомашинасини сотиш ёки янгисига алмаштириш тараддудида юрганлари ҳам кўп. Аммо, эҳтиёт бўлинг, йўқса фирибгарнинг тузоғига илиниб, пулингиздан ё машинангиздан айрилиб қолишингиз ҳеч гап эмас.

Афсуски, жамиятимизда фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг кўп миқдордаги мол-мулкини талон-торож қилишга уринаётганлар учраб турибди. Бағдод туманида 1980 йилда туғилган Д. Давлатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шундайлардан чиқиб қолди.

Воқеа бундай бўлган эди.

Ишламай, осонгина мўмай даромад орттириш илинжида юрган Дониёр ўтган йилнинг май ойида Қўқон шаҳрида яшовчи таниши А. Ҳасановни машина бозорида учратиб қолади. Ана шунда таниши “Ласетти” автомашинаси борлиги, уни сотмоқчи бўлаётганини айтади. У фурсатни бой бермаслик ниятида кечга яқин Анварникига келади ва машинани кўрарда-кўрмай, дарров савдолашишга киришиб кетади. Ниҳоят савдо пишади: 9 200 АҚШ доллари! Дониёр машинани сотиб олишга қуюқ ваъда беради.

Аммо бу ваъдалар ёлғон эди. Тўғри, у ишончга кириш учун аввалдан 
4 000 АҚШ долларини беради. Қолган 5 200 АҚШ долларини эса кейинчалик − ойма ой бўлиб беришга кўндиради. Кейин эса турли баҳоналар билан бу пулларни бермайди. Аксинча уловни тумандоши Жалол Исломовга 
7 500 АҚШ долларига сотиб юборади. Ҳужжатларни эса қисқа вақт ичида унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилади. Шу тариқа Жалол Исломовнинг ҳам пулларини алдаш йўли билан талон-торож қилади.

Халқимизда бузоқнинг югургани сомонхонагача деган гап бор. Айбланувчи Дониёр Давлатовнинг юқоридаги қинғир ишлари фош бўлди ва жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилиб, унга  қилмишига яраша қонуний жазо тайинланди.

Қобилжон АБДУЛЛАЕВ,
 жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси

(“XXI asr” газетаси,
2019 йил 14 ноябрь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: