ҚОТИЛЛИККА АЙЛАНГАН КЎНГИЛХУШЛИК

Шу йил 29 мартдан 30 мартга ўтар кечаси Тошлоқ туман ички ишлар бўлимининг «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори Рустамжон Жаҳонов ёрдамчиси Фарруҳ Рустамов билан бирга Катта Фарғона канали бўйлаб хизмат машинасида кетаётганди. Бир чоғ орқа томондан келаётган ав­тотранспорт воситаси унинг эътиборини тортди. Чунки камқатнов йўлдан нотаниш машинанинг бемаҳалда ҳаракатланаётгани инспекторнинг кўнглида шубҳа уйғотганди.

Р. Жаҳонов хизмат машинасидан тушиб, нотаниш автомашинани тўхтатди.

— Бемаҳалда нима қилиб юрибсиз, қаерга кетяпсиз?, — деб сўради у «ВАЗ-2109» русумли автоуловдан тушган йи­гитнинг нотаниш эканлигини пайқаб.

— Паррандачилик фабрикасига кетяпман, — деди ҳа­лиги нотаниш ҳайдовчи.

— Фабрикага бу йўлдан борилмайди-ку?! Исмингиз ни­ма, ҳайдовчилик гувоҳномангиз ва ҳужжатларингизни беринг-чи?! — деди инспектор баттар шубҳаси ошганча.

Аммо ўзини марғилонлик Шаҳзод Шокиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) деб таништирган йигит бирон-бир ҳужжат тақдим қилолмади. Шу боис Рустамжон вилоят ИИБга қўнғироқ қилиб, бош­қарманинг маълумотлар базаси орқали ҳайдовчининг шахсига аниқлик кирит­ди. Сўнг қўлидаги ёритгич би­лан автомашина салонини кўздан кечирди: орқа ўриндиқдаги қандайдир матога ўралган узун нарса инспекторга шубҳали туюлди.

— Бу нима? — деб сўради у.

— Гўшт, — дея жавоб берди Шаҳзод бироз дудуқланиб.

Аммо Р. Жаҳонов барибир унга ишонмади. Шунинг учун Ш. Шокировни янада қистовга олди. Ишонмаганича бор экан, кейинги гал Шаҳзод яна каловланиб қол­ди. Охир-оқибат жўн чойшабга ўралган нарса бир қизнинг мурдаси эканлигига иқрор бўлди. Шунда профилактика инспектори чаққонлик билан унинг қўлига кишан солиб, машина рулига банди қи­либ қўйди. Сўнг туман ич­ки ишлар бўлими бошлиғи орқали ви­лоят ИИБга ха­­бар берди. Пировардида кўп ўтмай воқеа жойига Фар­ғо­на вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, вилоят ИИБ раҳбарияти, Фарғона шаҳар ва Тошлоқ туман прокурорлари, туман ИИБ бошлиғи ҳамда бошқа ходимлардан иборат тезкор тергов гуруҳи етиб келди.

2017 йил август ойида Шаҳзод Фар­ғона шаҳрининг Қиргули даҳаси, Тинч­лик кўчаси, 31-уй, 3-хонадонда яшовчи Зарифа Фазлиддинова билан танишиб қолганида ҳали уйланмаган, 24 ёш­ли бўйдоқ йи­гит эди. Албатта, уларнинг танишуви бежиз эмасди. Чун­ки Шаҳзоддан етти ёш катта бўл­ган Зарифа оиласидан ажрашган, бо­ши очиқ жувон эди. Бинобарин, тез орада иккисининг муносабатлари «қуюқлашиб» кетди.

Шу зайлда бир ярим йилдан зиёд вақт ўтди. Бу орада Ш. Шокиров бошқа қизга қонуний никоҳдан ўтиб уйланди. З. Фазлиддинова эса, баъзи аёллардек унга аччиқ қилиб, жанжал кўтариб ёки сочи­ни юлиб, аюҳаннос солиб ўтирмади.

Аксинча, «Сен бўлмасанг, бошқаси» қабилида иш тутиб, Қўштепа туманида яшовчи Ҳу­санбой Бобоев билан топишиб олди. Лекин шунда ҳам Шаҳзод Зарифа билан он­да-сонда учрашиб турарди.

Мудҳиш қотиллик юз берган ўша куни — 2019 йил 28 март куни ҳам шундай бўлди. Кечаси соат 22:30 ларда Ш. Шокиров яна унинг уйига борди.

— Сизни соғиниб келдим, — деди у эшикни очган Зарифага.

— Бугун кайфиятим йўқ, — деди За­ри­фа хушламай. — Уйим­да бошқа қиз бор, ўша билан гаплашишингиз мумкин.

— Қани, кўрайлик-чи, — де­ди Шаҳзод уй ичига кираркан.

Айни шу пайт нариги хонадан 22-23 ёшлар чамасидаги бир қиз чиқиб келди.

У 1997 йилда Қўштепа туманида туғилган Нафиса Мадумарова эди. З. Фазлиддинова уларни таништириб қўйди.

Шундан сўнг Шаҳзод алламаҳалда яна қаёққадир бориб келди. Бу пайтда соат миллари 03:00 ларга яқинлашган, За­­­рифа эса, тун ярмида келган хуштори Ҳусанбой билан ётоқхонада ухлаб қолганди. Шу боис Шаҳзодга эшикни Нафиса очди. Кейин эса, иккаласи ошхонага кириб кетишди. Аммо уларнинг суҳбати негадир қовушмади.

— Чиройлигина қиз экансан. Бунақа бемаъни ишлар билан шуғулланмасдан турмушга чиқсанг бўлмайдими? — деди Шаҳ­­зод насиҳатомуз овозда.

— Сизнинг ишингиз бўлмасин, — деди Нафиса жаҳли чиқиб.

— Шунчаки айтдим-да…

— Менга иккинчи марта бундай гапларни айтманг, — деди Нафиса баттар жеркиган кўйи.

Ш. Шокиров ҳам қизнинг бу гапига тоқат қилиб туролмади.

— Тўғри-да, енгилтаглигинг­ни тан ол. Ёки исботлаб берайми?, — дея у Нафисага яқинлашди.

Аммо Н. Мадумарова унинг кўкрагидан зарб билан итариб юборди. Бундан ғазаби қайнаб кетган Шаҳзод рўз­ғор пичоғини қўлига олди-да, Нафисанинг биқинига санчди. Оғ­риқнинг таъсирида Нафиса ба­қириб юборди. Буни кўриб, баттар ваҳимага тушган Шаҳзод буткул ақл-ҳушини йўқотиб, унинг бўй­нига пичоқ санчди. Нафиса бақиришга ҳам улгурмай «гурс» этиб, ерга йи­қил­ди ва типирчилай-типирчилай тинчиб қолди. Шаҳзод унинг устига кўрпа ёпиб қўйди.

Шаҳзод буткул қутуриб кетганди. У На­фисанинг жони узилганлигига ишонч ҳосил қил­­гач, гувоҳ қолдирмаслик учун З. Фазлиддиновани ҳам гумдон қилиш пайига тушди. Аммо у ухлаб ётган Зарифанинг боши устида бир ярим соатча ўтирди-ю, негадир уни ўлдиришга қўли бормади.

Орадан кўп ўтмай хонадон со­ҳибаси уйғониб, ён томонида ўтирган Шаҳзодга кўзи тушиб, қўрқиб кетди.

— Тинчликми? — ҳайрон бў­либ сўради аёл.

— Анави мегажинни ўлдириб қўй­дим, — деди Ш. Шокиров.

Буни эшитиб, З. Фазлидди­но­ва­нинг юраги ёрилаёзди. У ўрнидан отилиб туриб, ошхонага кирди ва мурдани кўриб, оёқ-қўли баттар қалтираб қол­ди.

— Энди нима қиламиз?, — деб сўради Шаҳзод.

— Бу қизни ҳеч ким излаб келмайди. Лекин ҳозир ёруғ ту­шиб қолди. Шунинг учун кечаси олиб кетиб, каналга ташлаб юборсангиз бўлади, — дея йўл-йўриқ кўрсатди Зарифа ҳу­қуқ­ни му­ҳофаза қилувчи ор­ган­ларга хабар бериш ўрнига.

Буни қарангки, Ҳусанбой Бо­боев воқеадан хабар топгач, дарҳол ИИБга хабар бериш ке­раклигини айтди. Аммо З. Фазлиддинова уйи мусодара бўлиб кетишини рўкач қи­либ, уни бу фикрдан қай­тарди.­

Қисқаси, нобакорлар муд­ҳиш­ жи­ноят­ни шу тариқа яширишни режалаштиришди.

Эртаси куни ярим тунда Ш. Шокиров қайнотасига тегишли авто­машинани ҳайдаб Зарифанинг уйига келди. Ке­йин эса, қў­лига резина қўлқоп кийиб, мурдани аввал чойшабга, устидан кўрпага ўраб машинага олиб чиқди.

Жиноят қуроли бўл­ган пичоқни эса, йўлакдаги бетон остига яшириб қўй­ди.

Сўнг ма­­­ши­нани Тошлоқ туманига — Катта Фарғона канали томонга ҳайдаб кетди. Мурдани каналга ташлаб юбориш учун қулай жой излаб кетаётганда эса…

Тезкор тергов гуруҳи автомашина ва мурдани кўздан кечиргач, Ш. Шокиров ўзини оқ­лашга тушди. Яъни мурда қўш­мачи аёл­га тегишли эканини, ўша аёлдан қарзи эвазига уни йў­қотишни бўй­нига ол­ганини таъкидлади. Аммо тергов жараёнида у Зарифа билан юзлаштирилгач, айбига тўлиқ иқ­рор бўлди. Шу боис унга нисбатан Жиноят кодек­си­нинг 97-моддаси 1-қисми, З. Фазлиддиновага эса, қўшмачилик қилгани ва жи­ноят­ ҳақи­да хабар қилмагани учун Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисми ва 241-моддаси 2-қисми, Ҳ. Бобоевга ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ха­бар бермай, жиноят­ни яшир­гани учун Жиноят кодексининг 241-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўз­ғатилди. Жиноят ишлари бў­йича Фарғо­на шаҳар суди эса, Ш. Шокировни 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. З. Фазлиддинова ва Ҳ. Бобоевга ҳам қилмишларига яраша қонуний жазо тайинлади.

Энди ушбу мудҳиш қотиллик тафсилотларига нуқта қўйсак ҳам бўлади.

Аммо бу аянчли воқеалар ҳар бир ўқувчини мушоҳада юритишга ундайди.

Шу ўринда Нафисанинг онаси Шарофат Мадумарованинг суддаги кўрсатмасига эътибор қаратсак. Она бўл­миш Нафиса ўзининг олтинчи фарзанди экани, у 18 ёшида уйдан чи­қиб кетгани, уйга икки ҳафтада бир келиб, яна йўқолиб қо­лишини таъкидлади. Қолаверса, қизининг Фарғона шаҳрида тилга олиб бўлмайдиган номаъқулчилик би­лан шуғулланишидан хабар топгани, лекин турмуш ўртоғи билан қан­ча уринишмасин, уни бу йўлдан қайтара олишмагани, Нафисани охирги марта 2019 йил 28 март куни кўрганини бил­дирди. Энди ўзингиз ўй­лаб кў­ринг: не­га ўуломжон ака ва Шарофат опа Нафисани уй­га қайтариш учун жиддий ҳа­ракат қилишмади?

Модомики, бу иш ўзларининг қўлларидан келмаган экан, унда нима учун ҳуқуқ­ни муҳофаза қилувчи идора ёки маҳаллий ҳокимлик ходимларининг ёрдамига таянишмади?

Уларнинг оиласи истиқомат қилган маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, туман хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ёхуд профилактика инспектори-чи?

Албатта, аввало, ота-онанинг ўзи айбдор бунга. Шу билан бирга, жамоатчиликнинг, қа­риндош-уруғ ва қўни-қўш­ниларнинг бефарқ ҳамда лоқайд­лиги ҳам кўпинча жиноятларнинг асосий омилларидан би­ри бў­либ қолмоқда. Бинобарин, жойларда жамоатчилик назоратини, ўзини-ўзи бошқариш ор­ганларининг масъулия­ти ва жавобгарлигини ошириш мақсадга мувофиқ деб ўй­лаймиз.

Музаффар РАҲМОНОВ,
Фарғона шаҳар прокурори,

Шерзод ҲОШИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: