ФУҚАРОЛИК ИШИ ОЛИЙ СУДДА НАЗОРАТ ТАРТИБИДА ЎРГАНИЛМОҚДА
2019 йил 16 ноябрда Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Дилдора Боймуродова саҳифасида эълон қилинган фуқаро И. Ниязованинг мурожаати (https://www.facebook.com/100010426154084/videos/965528153804714/) юзасидан маълумот
Навоий шаҳар Боғишамол кўчаси 5/8 уйда яшовчи даъвогар Ихтибор Ниязованинг жавобгар Фарух Хусинов, Фарҳоджон Сатторов, Феруза Хусинова, Розия Саттарова ва Навоий шаҳар 4-сонли давлат нотариал идорасига нисбатан “Нолойиқ меросхўрлар деб топиб, меросдан четлаштириш, ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш, эр-хотинни ҳар бирининг ўз мулки ва меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида”ги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2019 йил 30 майдаги ҳал қилув қарорига асосан қисман қаноатлантирилган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгар Ф. Хусинов томонидан апелляция шикояти берилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2019 йил 16 июлдаги ажримига кўра, даъвогар И. Ниязованинг жавобгар Фарух Хусинов, Фарҳоджон Сатторов, Феруза Хусинова, Розия Саттарова ва Навоий шаҳар 4-сонли давлат нотариал идорасига нисбатан “Нолойиқ меросхўрлар деб топиб, меросдан четлаштириш, ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш, эр-хотинни ҳар бирининг ўз мулки ва меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида”ги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2019 йил 30 майдаги ҳал қилув қарори қисман бекор қилинган.
Бекор қилинган қисми юзасидан қуйидаги таҳрирда янги ҳал қилув қарори чиқарилган:
“Навоий шаҳар 4-сонли давлат нотариал идораси томонидан 2019 йил 4 март куни 201900453000502-реестр рақами билан қайд этилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳноманинг 4-банди (“Мураккаб маиший техникалар таъмирлаш” МЧЖнинг устахона ва офис биноси бўйича) ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги қисмини бекор қилиб, бу қисми бўйича даъвогарнинг даъвоси рад қилинган.
Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Айни пайтда суд қарорига нисбатан даъвогар И. Ниязова шикоят бериб, унда мерос гувоҳномасининг 4-бандида мерос мулки нотўғри тақсимланганлиини, апелляция инстанцяси эса ушбу холатни инобатга олмганлиги ҳақида важлар келтирган.
Мазкур фуқаролик иши юзасидан қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 16 июлдаги ажримига нисбатан даъвогар И. Ниязова томонидан назорат тартибида берилган шикояти Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун 2019 йил 20 ноябрь куни соат 11.00 га тайинланлиги маълум қилинади.
Шунингдек, даъвогар Ф. Хусинов судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда марҳум С. Хусиновга тегишли бўлган Навоий шаҳар, Спитамен кўчасидаги 7-уйда жойлашган “Мураккаб маиший техникалар таъмирлаш” МЧЖ биноси, Қизилқум кўчасида жойлашган омборхона биноси, Дархон мажмуасида жойлашган 11-сонли савдо дўкони, Навоий шаҳри Гулистон-2 массиви 30-уй 1,3-хоналар мерос мулк бўлиб ҳисобланиб, ушбу мулклар бўйича унда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномалар мавжудлигини, мерос гувоҳномалари мавжуд бўлган юқорида кўрсатилган мулклардан фойдаланишига жавобгар (И. Ниязова) тўсқинлик қилаётганлигини, шу сабабли суддан ушбу мерос мулки ҳудудига киритишни ва фойдаланиш тартибини белгилаб беришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2019 йил 14 августдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Ф. Хусиновнинг жавобгарлар Ихтибор Ниязова ҳамда Зарнигор Хусинова (қизи) га нисбатан “Улушли мулклардаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги даъвоси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар Фарух Хусинов Навоий шаҳар, 1-даҳа, Қизилқум кўчасида жойлашган умумий майдони 71,23 кв. м бўлган омборхона биносига, Навоий шаҳар 17-даҳа Ғалаба шоҳ кўчасида жойлашган умумий майдони 12,28 кв. метрдан иборат бўлган 11-сонли савдо дўконига ва Навоий шаҳар Спитамен кўчасидаги 7-уйда жойлашган “Мураккаб маиший техникалар таъмирлаш” МЧЖнинг устахона ва офис биносига киритиш белгиланган.
Навоий шаҳар, 1-даҳа, Қизилқум кўчасида жойлашган умумий майдони 71,23 кв.м бўлган омборхона биносининг кириш қисмини чап томонида жойлашган, яъни бўйи 3,09 кв. метр, эни 3,05 кв. метр жами 9,42 кв. метрдан иборат бўлган кадастр китобида 1-хона деб белгиланган хонасидан даъвогар Ф. Хусиновнинг фойдаланиш тартиби белгиланган ва жавобгарлар И. Ниязова ҳамда З. Хусинованинг фойдаланишига омборхона биносининг қолган қисми қолдирилган. Омборхона биносининг кириш эшигидан тарафларнинг умумий фойдаланиши белгиланган.
Навоий шаҳар 17-даҳа Ғалаба шоҳ кўчасида жойлашган умумий майдони 12,28 кв. метрдан иборат бўлган 11-сонли савдо дўконига кириш эшигининг чап қисми томонидан 3.6 кв. метрдан иборат қисмидан даъвогар Ф. Хусиновнинг фойдаланиш тартиби белгиланган ва жавобгарлар И. Ниязова ва З. Хусинованинг фойдаланишига омборхона биносини қолган қисми қолдирилган ҳамда савдо дўконининг кириш эшигидан тарафларнинг умумий фойдаланиши белгиланган.
Навоий шаҳар, Спитамен кўчасидаги 7-уйда жойлашган “Мураккаб маиший техникалар таъмирлаш” МЧЖнинг устахона ва офис биносининг кадастр ҳужжати бўйича А, В, Б литерлардан иборат, бинолар майдони 513,97 кв. метр, ер майдони 12,01 сотихдан иборат кириш дарвозаси мавжуд қисмидан Ф. Хусиновнинг фойдаланиш тартиби белгиланган. Устахона ва офис биносининг кадастр ҳужжати бўйича Г (5) литрли, бино 97,92 кв. метр, ер майдони 2,70 сотихдан иборат бино ёнидан кириш дарвозаси мавжуд қисмидан жавобгарлар З. Хусинова ва унинг вакили И. Ниязованинг фойдаланиши белгиланган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб жавобгар И. Ниязова томонидан кассация шикояти берилган.
Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация судлов ҳайъатининг 2019 йил 14 ноябрдаги ажрими билан даъвогар И. Ниязованинг жавобгар Ф. Хусинов, Ф. Сатторов, Ф. Хусинова, Р. Саттарова ва Навоий шаҳар 4-сонли давлат нотариал идорасига нисбатан “Нолойиқ меросхўрлар деб топиб, меросдан четлаштириш, ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш, эр-хотинни ҳар бирининг ўз мулки ва меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2019 йил 16 июль кунги ажримига нисбатан даъвогар И. Ниязова томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилган назорат тартибидаги шикояти кўриб чиқилгунига қадар даъвогар Ф. Хусиновнинг жавобгарлар И. Ниязова ҳамда З. Хусиновага нисбатан “Улушли мулклардаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги даъвоси бўйича фуқаролик иши Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 117-моддасига асосан тўхтатилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш