МЕРОС ТАЛАШИШ
аввали — уят, охир-оқибати — фожиа
Маълумки, Конституциямизнинг 54-моддасида мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни эркин тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Албатта, мулкдор бу ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади.
Агар ота-она ҳаётлиги вақтида фарзандларига мол-мулкини бўлиб берган ёки бу борада тегишли васиятнома қолдирган бўлса, бундай ҳолатларда туғишганлар ўртасида мерос талашишга ҳожат қолмайди.
Шунинг учун мамлакатимиз судлари томонидан ворислар ўртасидаги мерос билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда яқин қариндош бўлган ака-ука, опа-сингилларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, мерос талашаётган яқин қариндошларни яраштириш ва низони тинч — келишув йўли билан ҳал этишга йўл очмоқда.
Агар эътибор берилса, мерос талашаётганларнинг аксариятини катта ёшли кишилар ташкил этади. Бундай бир-бирига яқин қариндош бўлган ёши улуғ инсонларнинг низолашиб юриши оқибатида, яқин қариндошлар, ака-укаларнинг бир-биридан юз ўгириши каби ҳолатлар ҳатто аянчли фожиа билан тугаган ҳолатлар ҳам, афсуски, учрайди.
Чунончи, жорий йилнинг 23 октябрида жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди томонидан Жиноят кодекcининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “г”, “ж”, “и” бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми “а”, “г”, “ж”, “и” бандлари, 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган А. Аъзамовнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) жиноят иши кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, фуқаро А. Аъзамов 2017 йил январь ойида Россияга ишлаш мақсадида бориб, 2019 йил март ойида уйига қайтиб келади.
Гап шундаки, у ота юртидан олисда — хорижда юрган вақтида ота-онасидан қолган уй бузилганлиги сабабли ҳокимият томонидан компенсация пули ва 5 сотих ер майдони ажратилиб, укаси Б. Аъзамовга берилади. Энг ачинарлиси, Б. Аъзамов ушбу ажратилган ер майдонини ҳеч ким билан бўлишмай ҳам, маслаҳатлашмай ҳам ўзбошимчалик билан сотиб юборади-да, пулини ўз эҳтиёжи учун сарфлайди.
Хуллас, А. Аъзамов сингиллари ва болаларидан бу ҳақда эшитиб, ўз жигарининг қилмишидан ажабланади ва у билан гаплашгани унинг уйига боради. Отасининг васиятига кўра, уй-жойнинг ярми сингилларига ва акаси Абдураҳим Аъзамовга тегишли эканини тушунтиришга уринади. Аммо бу ҳаракатлари натижа бермайди.
Шундан сўнг барча қариндошлар йиғилиб, Б. Аъзамовдан ота васиятидаги меросни талаб қилишади. У ва унинг турмуш ўртоғи эса, бошқа қариндошларига меросдан улуш бермаслик мақсадида, турли ташкилотларга мурожаат қилишади.
Ахийри қариндош-уруғлар ўртасидаги бу келишмовчилик катта жанжал келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Энг ёмони, ака-укалар ўртасидаги нафсиоворалик, аниқроғи, мерос талашиш муносабатлари икки кишининг ўлими билан якун топади.
Аниқроқ айтганда, 2019 йил 24 июнь куни кечки пайт А. Аъзамов қўшниси Д. Ибрагимов билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилади. Кейин эса, эскирмаган гаплар эсига тушиб, рўзғорда ишлатиладиган пичоқни билиб-билмай ўзи билан олиб, укасининг уйига йўл олади.
Дарвоза йўқлиги сабаб ҳовли ёнида тўкилган шағал уюми олдида туриб, укасини чақиради. Уйдан эса келини Г. Мирзабекова чиқади-да турмуш ўртоғи уйда йўқлигини айтади. Аммо эри ҳам уйида спиртли ичимлик ичиб ўтирган эди.
Бу орада А. Аъзамов келинига укасини чақириб беришини айтиб, шовқин-сурон кўтаради. Не ажабки, келин бўлмиш ҳам бир гапдан қолмайди, аксинча, қарғаниб, қайноғасини баттар ҳақорат қилаверади. Бундай қарғишларга чидай олмай А. Аъзамов ўзини тутиб туролмайди, қўлидаги пичоқни келини Г. Мирзабекованинг турли жойларига санчади.
Онасининг жон ҳолатда бақирганини эшитган Х. Аъзамова кўчага чиққанида Г. Мирзабекованинг қонга беланиб ётганини кўрадию жон ҳолатда онасини ҳимоя қилмоқчи бўлганида эса, кўзи қонга тўлган А. Аъзамов жиянига ҳам пичоқ уради.
Шунингдек, А. Аъзамов онаси ва опасининг ҳаётини сақлаб қолиш учун амакисининг жиноий ҳаракатларини тўхтатишга ҳаракат қилаётган Г. Абдулҳамидовага ҳам ҳужум қилиб, бир неча марта пичоқ уриб, оғир тан жароҳати етказади. Сўнг туман ички ишлар бўлимига бориб, бўлиб ўтган воқеани айтиб беради.
Олган тан жароҳатлари натижасида Г. Мирзабекова ва Х. Аъзамова воқеа жойида жон таслим қилади. Тез тиббий ёрдам ходимлари ҳаракатлари натижасида Г. Абдулҳамидованинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди. Суд мажлисида жабрланувчи ва гувоҳлар ўз яқин қариндошлари А. Аъзамовга қонуний чора кўришни сўрашди. Хусусан, ундан ўзлари учун 200 000 000 сўм маънавий зарар ундириб, ўзини эса, қотил сифатида умрбод озодликдан маҳрум этишни талаб қилишди.
Суд А. Аъзамовнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, жабрланувчи ва марҳумларнинг оила аъзоларидан кечирим сўраганини — жазони енгиллаштирувчи, жиноятни мастлик ҳолатида содир этганлигини эса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этди.
Жабрланувчи ва уларнинг қонуний вакилларининг судланувчига нисбатан даъвоси борлиги инобатга олинди.
Суд А. Аъзамовга узил-кесил 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, тайинланган жазонинг дастлабки 3 йилини турмада ўташни белгилади.
А. Аъзамовнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунмаслиги мана шундай ўта аянчли фожиа ва оғир жазо билан якун топди. Агар у инсоф юзасидан иш тутиб, туғишганлари ҳақини адолатли ҳал қилганида, яъни ота-онасидан қолган уй-жойдан мерос олишнинг қонуний йўлини танлаганида, бу оғир фожиа рўй бермаган бўларди.
Энг ачинарлиси, бу ҳолатга унинг атрофидаги ноўнғай муҳит, ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги ҳам сабаб бўлган. Хусусан, сингиллари, бошқа қариндош-уруғлари ҳам, қайсидир маънода, айбдор. Чунки улар мерос масаласини аввало ўзаро маслаҳатлашиб, қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинида бафуржа муҳокама қилишлари ёки фуқаролик суди орқали муаммога нуқта қўйишлари мумкин эди. Ахир, демократик тамойиллар асосида равнақ топаётган жамиятимизда ҳамма масалага қонуний ва адолатли ечим бор. Буни ҳеч ким ҳеч қачон ёддан чиқармаслиги лозим.
Дилфуза Аҳмадалиева,
Азамат Ғаппоров,
жиноят ишлари бўйича
Наманган вилояти судининг судьялари
Фикр қолдириш