НАФС БАЛОСИНИНГ ҚУРБОНИ
Отабек Ҳалимов (исм-шарфлар ўзгартирилган) олийгоҳнинг юқори лавозимларидан бирида ишловчи устоз эди. Мансабидан фойдаланибми, таниш-билишига ишонибми, ўқишга бола киргизаман, деб пора билан қўлга тушди. У ҳам инсон, унда ҳам нафс борку дерсиз, лекин унинг фарзандлари, оиласи энди эл-юрт олдида қандай бош кўтариб юради?
Аслида гап нимада? Бу устоз давлат имтиҳонларига яқин қолган кунларнинг бирида ишга отланади. Таксига чиққанда унда бир қиз ҳам бўлади. Гап орасида О. Ҳалимовнинг олийгоҳда ишлашини билган қиз унинг телефон рақамини сўраб, ўқишга киришда маслаҳат олмоқчилигини билдиради…
Орадан анча вақт ўтган. Давлат имтиҳонлари ҳам тугаган эди.
Нотаниш рақамдан қўнғироқ қилган қиз ўша таксида танишган ва рақамини олган қиз эканини айтади. Жияни бир неча йилдан буён ўқишга киролмаётгани учун шу йил чет давлат билан ҳамкорликда ташкил этилган бир олийгоҳга ўқишга киритишда ёрдам бериши, бунинг учун унга 5 минг АҚШ доллари бермоқчилигини айтади. Анча вақт қайта-қайта қўнғироқ қилавергандан кейин О. Ҳалимов ҳам нафс изидан бориб, розилик беради.
Унинг айтишича, ўқишга киргунча, 3 500 АҚШ доллари бериши, қолганини иш битгандан кейин бериши келишилади. Келишилган маблағни олаётганда, қиз кимгадир қўнғироқ қилиб, «табриклайман», дейди-ю машинадан узоқлаша бошлайди. Ўзини йўқотиб қўйган О. Ҳалимов орқасидан пулни улоқтиради… Лекин энди кеч эди. Барчасига гувоҳ бўлиб турган қонун ҳимоячилари уни воқеа устида қўлга туширишади.
Судда гувоҳ сифатида қатнашган Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси инспектори айтишича, воқеадан олдин М. Акрамхўжаева исмли қиз ДХХга мурожаат қилиб, ўқитувчи «юқорида» ишлайдиган танишлари орқали ўқишга киритмоқчилиги, бунинг учун 3 500 АҚШ доллари талаб қилаётганини баён этади. Шундан сўнг мазкур тадбир амалга оширилади.
Энди ўйлаб кўринг, билибми, билмайми, фарқи йўқ: шундай «устозлар»га фарзандини ишониб топширишга кимнинг кўзи қияди. Ахир улар бизнинг келажак авлодимизни тарбиялаяптику.
Аҳрор ҲОШИМХОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман суди судьяси
(“Жамият” газетаси,
2019 йил 22 ноябрь)
Фикр қолдириш