МУЛК ҲУҚУҚИ ДАХЛСИЗДИР. УНИ БУЗИШГА ҲЕЧ КИМ ҲАҚЛИ ЭМАС

Маълумки, ер участкалари ҳамда бино-иншоотлар жойлашган ер майдонларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши, ҳамюртларимиз тилида айтганда, «снос» масаласи билан боғлиқ муаммолар ҳали-ҳануз ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида долзарб мавзулардан бири бўлиб турибди.

Шу маънода айтганда, Учкўприк туманида яшовчи Одилжон Мелибоев ҳам бу борада ҳуқуқи бузилганлардан бири бў­либ чиқди.

О. Мелибоев туманнинг Наврўз кўчасида жойлашган 5-сонли арзонлаштирилган моллар дўкони ва хусусий дўкон эгаси эди.

Аммо Учкўприк туман ҳокимининг 2018 йил 6 сентябр­даги «Учкўприк тумани марказидан ўтган автомобиль йўлининг қизил чизиқ минтақасидаги объектларни бузиш тўғрисида»ги қарорига биноан, жорий йилнинг февраль ойида юқо­ридаги 131,6 метр квадратдан иборат арзонлаштирилган моллар дўкони ҳамда майдони 62 метр квадрат бўлган хусусий дўкон бузилади.

Мустақил баҳоловчи — «Diskont-invest» масъулияти чекланган жамиятининг расмий хулоса ва ҳисоботига асосан, арзонлаштирилган моллар дўкони 114 943 000 сўм, хусусий дўкон эса, 75 284 000 сўм қийматда баҳоланган. Бироқ туман ҳо­кимлиги мазкур мулкларни бузишдан олдин ҳам, бузилгандан сўнг орадан тўққиз ойдан кўпроқ вақт ўтса ҳам, етказилган зарарни қопламаган.

Бинобарин, О. Мелибоев ёрдам сўраб, Учкўприк туман адлия бўлимига мурожаат қи­лади. Адлия бўлими томонидан унинг мурожаати ўрганиб чиқилганда эса, юқорида қайд этилган ноқонуний ҳолат ўз тасдиғини топади. Натижада ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан туман ҳокими номига тақдимнома киритилади. Лекин шунда ҳам муаммо бартараф этилмайди. Шунинг учун туман адлия бўлими томонидан Учкўприк туман ҳокимлигидан О. Мелибоевга етказилган 190 227 000 сўм зарарни ундириш ҳамда ҳо­кимлик зиммасига янги дў­конларни қуриш учун 193 метр квадрат ер участ­каси ажратиш мажбуриятини юклаш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Қў­қон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кў­ра, давлат органининг мулкдор мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан, мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғ­ри­сидаги қа­ро­ри муносабати билан мулк ҳу­қуқи­нинг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўлиқ ҳажмда тўланади.

Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйларнинг, бошқа иморатларнинг, иншоотларнинг ёки экинларнинг, шу­нинг­дек, ер участкасига бўлган ҳу­қуқнинг бозор қийматини аниқлаш белгиланган тартибда баҳоловчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Бунда хусусий мулк ҳу­қуқи бекор қи­линганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг ва ер участ­касига бўлган ҳуқуқ­нинг бозор қиймати бевосита ушбу мол-мулк­ни олиб қўйишдан олдинги ҳо­латга кўра ёки келгусида олиб қўйилиши ҳақи­даги хабар мол-мулкнинг ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматига таъсир қилган пайт­даги ҳолатга кўра, баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланади.

Олиб қўйилаётган ер участ­касидаги уйни, бош­қа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмайди.

Ер кодексининг 41-моддасида эса, жисмоний шахсларга берилган ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун мазкур шахсларнинг хо­­ҳишига кўра, туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарори билан аввалги ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилгач, шу ер участ­каси олиб берилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олиб қўйилаётган ер участкасининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатларни қу­риб берганидан ке­йин­ ҳамда ушбу кодекснинг 86-моддасига мувофиқ, бошқа барча зарарлар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўла ҳажм­да қопланганидан сўнг олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

Суд, юқорида қайд этилган асосларга кўра, даъвони тўлиқ қаноатлантириб, фуқаронинг бузилган ҳуқуқини тиклади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тилга олингани каби ғайриқонуний ҳолатлар қайта такрорланмаслигини таъминлаш мақсадида, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 ав­густ­да «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳу­қуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойиши қабул қи­линди. Мазкур фармойишга мувофиқ, 2019 йил 5 августдан бошлаб, давлат ва жамоат эҳ­тиёж­лари учун, шунингдек, бош­қа мақсадларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўл­ган ер участкаларини олиб қў­йиш ҳамда кўчмас мулк объект­ларини бузиш ишлари уч босқичда амалга оширилади. Энг муҳими, айни ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, ви­лоят­лар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ер участкаларининг олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига тў­лиқ риоя этилиши, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ҳамда дов-дарахтларни кўчириш тўғрисида тегишли қа­рор қабул қи­линганлиги ҳақи­да мулкдорларнинг белгиланган тартибда ва муддатларда хабардор қилиниши, етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати бў­йича олдиндан ва тў­лиқ қопланмагунга қа­дар олиб қўйилаётган ер участ­касидаги уйни, бошқа иморат ва иншоотларни бузиб ташлашга йўл қўйилмаслиги, кўчирилган фуқароларга компенсация тариқасида ажратилган ер участкасини ўзлаштириш даврида белгиланган тартибда икки йилгача муддатда уй-жой берилиши ва бошқа талабларга қатъий амал қилиниши учун шахсан жавобгар эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Шундай экан, энди бу борада қо­нунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмайди, деган умиддамиз.

Шерзод БОЗОРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Қўқон туманлараро судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: