ДАВЛАТ БОЖИ: У ҚАНДАЙ ТАРТИБДА УНДИРИЛАДИ?
Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизда давлат божига оид муносабатлар амалдаги Солиқ кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва давлат божи тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Солиқ кодексининг 328-моддасида қайси ҳужжатлардан ва қандай асосда давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилган.
Давлат божи нима?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, давлат божи — амалга оширилган қатор хизматлар, хусусан, суд томонидан даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларнинг қабул қилиниши, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, қатор ҳужжатларни бериш, шунингдек, махсус ҳуқуқни берганлик учун ундириладиган тўловдир.
Қонун ҳужжатларида божларнинг учта тури ажратиб кўрсатилган.
Булар — давлат божи, божхона тўлови ва рўйхатга олиш божи.
Давлат божи қандай тартибда ундирилади?
Солиқ кодексининг 328-моддаси 2-бандига мувофиқ, иқтисодий судлар томонидан давлат божи қуйидагилардан ундирилади:
– иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан;
– ташкилотлар ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан;
– низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан;
– иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан;
– иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан;
– ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалардан;
– ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар бўйича иқтисодий суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан;
– чет давлат суди ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан;
– чет давлат суди ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан;
шунингдек, иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатлари ва кўчирма нусхаларини берганлик учун.
Солиқ кодексининг 326-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, давлат божининг ставкалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат божи ставкалари»нинг 2-бандига мувофиқ иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан ва иқтисодий суднинг қарорларини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги аризаларидан қуйидаги тартибда давлат божи ундирилади:
а) мулкий тусдаги даъво аризаларидан — даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда;
б) мулкка оид бўлмаган тусдаги даъво аризаларидан — энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;
в) банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризалардан — энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида;
г) хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартиш ёки бекор қилиш вақтида келиб чиқувчи низолар бўйича даъво аризаларидан — энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;
д) апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан — биринчи инстанцияда кўриб чиқиш учун ариза берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи, мулкий тусдаги низолар бўйича эса, низолашаётган суммадан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган ставкалар;
е) суд ҳужжатларининг дубликатларини ҳамда томонлар ва ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг илтимосларига биноан иқтисодий суд томонидан ишлардан бериладиган бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини бериш тўғрисидаги аризалардан — ҳужжатнинг ҳар бир бети учун энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида;
ж) ҳакамлик суди қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризалардан, шунингдек, ҳакамлик суди қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги аризалардан — энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида.
Давлат божини тўлашда қандай чегирмалар белгиланиши мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги қарори билан «Давлат божи ставкалари ҳақида»ги ҳукумат қарорига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Мазкур қарорга берилган изоҳда қайд этилишича, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида судларга мурожаат қилишда «Давлат божи ставкалари» 2-банди «а» — «г» ва «е» кичик бандларида кўрсатилган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди.
Бунда кичик бизнес субъектларининг мақоми даъво аризасига илова қилинадиган иқтисодий судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан ўттиз кун олдинги сана қайд этилган статистика органи ёки давлат солиқ хизмати органининг маълумотномаси билан тасдиқланиши лозим. Якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно.
Агар иқтисодий судга мурожаат қилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлиб, даъво талаблари қаноатлантирилганда ишни кўриш натижаси бўйича жавобгардан ундириладиган давлат божининг миқдори даъвогар томонидан тўлаб чиқилган сумма билан чегараланади. Даъво рад этилган тақдирда, давлат божи даъвогардан қўшимча равишда ундирилмайди.
Иқтисодий судга мурожаат қилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектига давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилган бўлса, давлат божи ишни кўриш натижаси бўйича тегишли тарафдан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади. Бу норма Иқтисодий процессуал кодекснинг 118-моддаси биринчи қисмида белгиланган.
Ушбу ишлар бўйича апелляция, кассация ва назорат шикоятлари учун биринчи инстанция судига тўланган ёки ундирилган давлат божининг 50 фоизи миқдорида бож тўланади.
Давлат божини чет эл валютасида тўлаш мумкинми?
Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 24 декабрда Ашхобод шаҳрида имзоланган «Турли давлатларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги хўжалик низоларини ҳал этишда давлат божлари миқдори ва уни ундириб олиш тартиби тўғрисида»ги Битимнинг иштирокчисидир.
Битимни имзолаган МДҲ иштирокчи-давлатларидан бирининг ҳудудида жойлашган хўжалик юритувчи субъект бошқа давлат судига даъво билан мурожаат қилганида давлат божи ушбу Битимда белгиланган тартибда ва ставкаларда ҳисоблаб чиқилади ҳамда тўланади.
Абдумўмин Абдуллаев,
Олий суд судьяси
Шавкат Гайбердиев,
Олий суд катта консультанти
Фикр қолдириш