ОИЛА МУАММОСИ – ЖАМИЯТ АЪЗОЛАРИ, ЯЪНИ БАРЧАМИЗНИНГ МУАММОМИЗДИР

Оила – азалдан юртимизда муқаддас қўрғон сифатида юксак қадрланган. Уни асраш, бузилишига йўл қўймаслик доим долзарблик касб этган ва бу бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган.

Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган жамики ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам жамиятимизда яшаётган ҳар бир оиланинг бахтли яшашини таъминлашга қаратилган. Бу борада мисли кўрилмаган, улкан ишлар амалга оширилаётир.

Яшаш учун қулай шарт-шароит яратиш, оилаларни уй-жойлар билан таъминлаш, уларга турли ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар бериш давом этмоқда.

Инсон бахтли яшашини таъминлашнинг яна бир муҳим омили –маънавият, ахлоқ масаласи ҳам борки, бу бутун жамоатчиликнинг эътиборида бўлиши лозим. Зеро, адиб Тоҳир Малик қайд этганидек, “… бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра маънавий томони ортиқроқ“дир.

Албатта, жамиятда бахтли оилалар билан бирга бундан мосуво оилалар ҳам мавжуд. Шу ўринда, оила бахтли бўлиши сири нимада-ю, бахтсизлигининг сабаблари нимада, деган савол туғилиши табиий.

Оиласидан ажрашиб, фарзандлари меҳр-муҳаббатидан жудо бўлган бой одам ва унинг оила аъзоларини бахтли, деб бўлмаганидек, фақир бўлса-да фарзандлари қобил, ўзаро меҳр-оқибатли оила аъзоларини бахтсиз, дея олмаймиз.

Айни пайтда ака-ука, ота-бола ёки эр-хотин ўртасида турли низоларнинг вужудга келаётганлиги, ҳатто низо орқасида бири иккинчисининг жонига қасд қилаётганлигининг, она ўз фарзандидан воз кечиб, норасида гўдагини пулламоқчи бўлаётганлигининг асл сабаби нимада?

Ёки “бой ўғил”нинг мулк илинжида ўз отасини руҳий беморлар шифохонасига жойлаштирганлигини, шифохонадан чиққач бир хонали уйда бошқа фарзанди (қизи)га кўрсатмасдан сақлаганлигига ёки бошқа бир “бой ўғил”нинг эса бир нечта уйи бўла туриб, ўз онасини уйдан ҳайдаб юборганлигини қандай тушуниш лозим?

Ёки, рисоладагидек турмуш ўртоғи ва фарзандлари бўла туриб, фарзандларини йўлга солиш, уйли-жойли қилиш ўрнига, оиласини сабабсиз ташлаб, ўзи бошқа қизга уйланиб кетган отага, оиласига хиёнат қилиб, фарзандларини ташлаб, бошқа эрнинг қўлини тутиб кетаётган аёлга нима бўлган?

Нега оила аъзоси бўлган эр-хотин ёки фарзандлар ўз жонига қасд қилиш орқали ҳаётига якун ясамоқда? Оилавий низоларнинг сабаби нимада?

Ушбу саволларнинг биронтасига сабаб моддий томонда, деб жавоб бера олмаймиз ва шунингдек, муаммони моддий жиҳатдан, яъни пул ва бойлик билан ҳал этиб ҳам бўлмаслиги барчага аён.

Муаммо – бой ўғилнинг маънавий қашшоқлиги, яъни унинг ўз вақтида олмаган меҳри ва тарбиясидаги бўшлиқда, ажрашаётган ота-онанинг масъулиятсизлигида, яъни, бир сўз билан айтганда, муаммо шахс маънавияти ва ахлоқи билан боғлиқ эканлигини кўриш мумкин.

Ҳеч кимга сир эмас, жамиятда маълум бир масалада ўзгаришга эришишда жамоатчиликнинг фикри, муносабати ва саъй-ҳаракати жуда муҳим омил ҳисобланади.

Оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, ота-оналар масъулияти ва оиладаги муносабатлар масаласига, айниқса, муаммоли, нотинч оилалар билан ишлашга хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда Ёшлар иттифоқи вакиллари, яъни кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Тўғри, бу биргина учрашув ўтказиб, “яхши яшаш керак”, деб уқтириш билан бирдан ҳал бўлиб қоладиган масала эмас.

Шунинг учун, фикримизча, биринчидан, мустаҳкам, рисоладагидек оилалар вужудга келиши масаласига доимий эътибор қаратиш, лозим бўлса хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази хамда маҳалла фаоллари томонидан жиддий жамоат назорати ўрнатилиши керак.

Бунда, асосий эътиборни мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида ёшлар маънавиятини шакллантириш ҳамда уларни оилага тайёрлаш масаласига қаратиб, айни пайтда бу борада олиб борилаётган ишлар, дарсларни таҳлилий ўрганиб, уни яхшилаш борасида тегишли чоралар кўриш зарур.

Шунингдек, оила қуриш истагида бўлган ёшлар билан ишлаш, уларга амалдаги оила қонунчилиги талаблари билан бирга эр-хотининг бурчи, хотиннинг эрдаги ҳаққи, эрнинг хотиндаги хаққи, уларнинг бўлажак фарзандлари олдидаги бурчини кенг тушунтириш лозим.

Иккинчидан, одоб-ахлоқ, нафс тарбияси, яхшилик ва ёмонлик, гуноҳ ва савоб ҳамда инсон ва унинг масъулияти борасида тегишли мутахассислар, ёзувчилар, олим ва файласуфлар, имом-хатиблар иштирокида кенг қамровли ва тизимли ҳамда таъсирчан тарбиявий иш олиб бориш лозим.

Бунда оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари имкониятларидан кенг фойдаланиш керак.

Тинч ва аҳил яшаб, фарзандларини яхши тарбиялаб, умргузаронлик қилиб келаётган ота-оналар, уларнинг ҳаёт йўли ҳамда бошқалар бахти учун холис ёрдам қўлини чўзаётган инсонлар тўғрисида маълумотлар бериб борилиши ҳам жамоатчилик, айниқса, ёшлар маънавияти ва ахлоқига ижобий таъсир этувчи муҳим омил бўлиши мумкин.

Шунинг учун бугун оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари орқали жамоатчилик содир этилаётган оилавий низо ва жиноятлардан хабардор қилиб борилаётганлиги каби оилалардаги ижобий ҳолатларни ҳам ёритиб бориш лозим. Зеро, ўқувчи, хусусан, ёшларнинг масалага муносабатини шакллантиришда биргина салбий ҳолатларни кўрсатиш эмас, балки ўрнак оладиган ҳолатларни ҳам улар ҳукмига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир.

Бунда асосий эътиборни оила мустаҳкамлиги нимага олиб келиши, шунингдек, ажралишлар оқибати инсон ҳаётига қандай таъсир этишини аниқ мисолларда, масалан, ажрашган оила аъзолари, ота-она ва фарзандларнинг жиноят кўчасига кириб кетганлиги каби ҳолатларни кўрсатиш лозим.

Қачонки, оила аъзолари ўзаро тотув ва иноқ бўлса, улар ўртасидаги муносабатлар азалий қадриятларимизга асосланган бўлса, у оила бахтли бўлади. Жамият таянчига айланади, бахтсиз, нотинч-носоғлом оила эса жамият учун муаммолар манбаидир.

Ҳадисда “Мўминлар бир-бирларини севишда ва бир-бирларига марҳамат кўрсатишда бир тан-бир жонга ўхшайдилар. Таннинг бир аъзоси хасталанган пайтда бошқа аъзолар уни даволашга ҳаракат қилади”, деб таъкидлангани бежиз эмас.

Агар ҳар қандай оила муаммосига “бу менинг муаммом эмас, менга нима” қабилида эмас, аксинча, “бу бизнинг муаммомиз”, деб қарасак, кимгадир моддий ва кимгадир маънавий кўмак қўлимизни чўзсак, адашганга тўғри йўлни кўрсатсак ёки бир оғиз далда берсак, натижа ўта ижобий бўлиши муқаррар.

Шунда бу юқорида қайд этилган, бугун оммавий ахборот воситаларида бот-бот ёритилаётган оилавий низолар, бир-бирини уриб жароҳатлаш, жонига қасд қилиш ҳолатлари, қолаверса, бутун жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кескин камайишига олиб келади.


Холмўмин ЁДГОРОВ,
Олий суд раисининг ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: